Бош саҳифаЭ-мутолааСуд очерклариУй-жой можаросига барҳам берилди

Уй-жой можаросига барҳам берилди

Халқимиз азал-азалдан қариндошлар ўртасидаги меҳр-оқибат, aҳил-иноқлик ва тинчлик-тотувлик каби олийжаноб фазилатларни улуғлаб келган. Бундай юксак инсоний туйғулар қон-қариндошлик ришталарини янада мустаҳкамлаб, жамиятда мўътадил муҳитни яратади.

Бироқ ҳаётда мулк, уй-жой талашиб, етти ёт бегонага айланаётган оға-инилар, опа-сингиллар, бир ҳовлига сиғмай, кунора жиққамушт бўлаётган қайнона келинлар, овсинлар ҳам учраб турадики, бу ҳолатлар ҳар бир кишини беихтиёр ўйлантириб қўяди.

Қўқон шаҳар, “Шодлик” МФЙ, Файз кўчаси, 15-уйнинг 24-хонадони Қўқон шаҳар Давлат нотариал идорасида қайд этилган олди-сотди шартномасига асосан Салимова Феруза (исм-шарифлар ўзгартирилган)га тегишли бўлган, лекин хонадонда унинг синглиси Малика Иномова вояга етмаган фарзанди билан бирга яшаб келган. Феруза ва Малика бир ота-онанинг фарзандлари бўлса-да, низоли уй масаласида муроса қилолмасдан, бир неча йиллар давомида низолашиб келишган.

Кейинчалик Феруза судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар Малика Иномовани Қўқон шаҳар “Шодлик” МФЙ, Файз кўчаси, 15-уйнинг 24-хонадонидан бошқа турар жой бермасдан мажбурий тартибда кўчиришни сўраган.

Суднинг ҳал қилув қарори билан даъво ариза қаноатлантирилиб, Малика Иномова ҳамда унинг вояга етмаган фарзанди низоли хонадонидан бошқа турар жой бермасдан кўчириб чиқариш белгиланган.

Бироқ фуқаролик ишини вилоят суди апелляция инстанциясида кўриб чиқиш жараёнида узоқ йиллардан буён тарафлар ўртасида давом этиб келаётган низога барҳам берилди.

Фуқаролик процессуал кодексининг 166-моддасига мувофиқ, суд тарафларни яраштириш учун чоралар кўради, уларга фуқаролик суд ишларини юритишнинг барча босқичларида низони ҳал этишга кўмаклашади.

Тарафлар келишув битимини ёки медиатив келишувни тузиб, низони ўзаро талабларнинг тўлиқ ҳажмида ёки қисман ҳал этиши мумкин.

Келишув битими ёки медиатив келишув даъво тартибида юритиладиган ҳар қандай иш бўйича тузилиши мумкин.

Келишув битими фуқаролик суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида ва суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида, медиатив келишув эса биринчи инстанция судида суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) суд ҳужжатини қабул қилиш учун чиққунига қадар тарафлар томонидан тузилиши мумкин.

Апелляция инстанцияси тарафларни яраштириш бўйича олиб борган тушунтиришлари натижасида, опа-сингилларни ўзаро келиштирилди, улар тақдим этган келишув битими суд томонидан тасдиқланиб, фуқаролик иши иш юритишдан тугатилди.

Ҳозирги кунда судларда ишларни кўришда асосий эътибор низоларни тарафлар ўртасида яраштиришга қаратилмоқда.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, ҳар қандай оқил киши ўз яқинлари олдидаги инсонийлик бурчини биринчи галдаги вазифа деб билади. Қаерда бўлмасин, уларга мадад бўлиб, меҳр-мурувват кўрсатиш учун шошилади. Аҳиллик ва муроса бор жойда ҳеч қандай низога ўрин қолмайди.

Тарафлар ўртасидаги низоларни келиштириш орқали ҳал қилиш, айниқса, қариндошлар ўртасида вужудга келган низоларни кўрилиши улар ўртасида қариндошчилик ришталарини сақланиб қолишга, икки тарафнинг ҳам манфаатли натижага эришишига хизмат қилади.

 Шерзод Тошмирзаев,
Фарғона вилоят суди судьяси

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз