Бош саҳифаМуҳимУй-жойдаги улушимни қайтариб олсам бўладими?

Уй-жойдаги улушимни қайтариб олсам бўладими?

Уй-жойдаги ўз улушимни опамга нотариал ҳужжатлаштириб бергандим. Бироқ фикрим ўзгариб қолди, энди ўз улушимни қайтариб олсам бўладими? Агар мумкин бўлса, қанча муддат ичида расмийлаштириш керак?

Аввало, саволга аниқлик киритиш керак. Агарда гап шахснинг ўзига тегиши лозим бўлган мерос улушидан опаси (ёки синглиси) учун воз кечилгани ҳақида кетаётган бўлса:

Меросхўр мерос очилган кундан эътиборан исталган вақтда меросдан воз кечишга ҳақли. Бунинг учун мерос очилган жойдаги нотариусга ариза берилади. Агар ишончномада вакил орқали меросдан воз кечиш ваколати махсус назарда тутилган бўлса, меросдан шу тарзда воз кечилиши мумкин.

Аммо меросдан воз кечиш кейинчалик бекор қилиниши ёки қайтариб олиниши мумкин эмас. Яъни, қонун талабларига кўра, меросхўр ўз улушидан бошқа шахс учун воз кечилганда бундай воз кечиш қайтариб олинмайди.

Агарда ўзига тегишли бўлган уй-жойдаги улуш ҳадя қилинган бўлса, у ҳолда қуйидагиларга эътибор бериш керак бўлади:

Мол-мулкдаги улушни тасарруф қилиш битимлар тузиш йўли билан, бундай мулклар кўчмас мулк бўлса, битимларни нотариал тасдиқлаш орқали амалга оширилади.

Нотариал тузилган битимлар давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин фақат суд томонидан асослар мавжуд бўлган тақдирдагина ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Бунинг учун шахс судга қандай асосга кўра бундай битимни ҳақиқий эмас деб ҳисоблашини маълум қилиши, ўз важларини ишончли далиллар билан исботлаши лозим.

Битим тузганидан кейин унинг иштирокчисининг фикри ўзгарганлиги, ўз ҳаракатидан афсусдалиги ёки битим иштирокчиси бўлган тарафлар (опа-сингиллар)нинг ўзаро муносабати ёмонлашганлиги битимни ҳақиқий эмас деб топиш учун асос ҳисобланмайди.

Фақат қуйидаги асослар битимни ҳақиқий эмас, деб топишга асос бўлиши мумкин:

    • муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаро томонидан битим тузилганлиги;
    • ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган шахс томонидан битим тузилганлиги;
    • янглишиш таъсирида битим тузиш,
    • алдаш, зўрлик, қўрқитиш, бир тараф вакилининг иккинчи тараф билан ёмон ниятда келишиши ёки оғир ҳолатлар юз бериши таъсирида битим тузиш,
    • қалбаки ва кўзбўямачилик учун битим тузиш.
    • Саволга Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси Баҳодир Саидмуратов жавоб берди.

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз