Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистон“Ўйламадим” қўшиғини ижро этган хонандага жарима белгиланди

“Ўйламадим” қўшиғини ижро этган хонандага жарима белгиланди

Маълумки, сўнгги вақтларда куй, қўшиқ, асарлар ва бошқа муаллифлик ҳуқуқи объектларини муаллиф рухсатисиз ўзлаштириш ҳолатлари кўплаб учрамоқда. Аммо “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонунига кўра асарни нашр қилиш, омма олдида ижро этиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланишда асарнинг ўзига, номига ва муаллифнинг исми-шарифи кўрсатилишига бирон-бир ўзгартиш киритишга фақат муаллифнинг розилиги билан йўл қўйилиши белгиланган.

Муаллиф ҳуқуқи бузилган яна бир ҳолатда Муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш жамоат бирлашмаси томонидан қўшиқчи Д.Эргашев хонанда Ўктам Алиевнинг “Ўйламадим” номли қўшиғини муаллифнинг розилигисиз асар яхлитлигини бузган ҳолда ижро этиб, уни интернет тармоқларига жойлаштиргани ҳақида Интеллектуал мулк агентлигига мурожаат қилинган. Шундан сўнг Агентлик мурожаатни ўрганиб, мазкур ҳолат юзасидан Маъмурий судга баённома киритган.

Натижада суд Д.Эргашевни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177(1)–моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топиб, жарима жазоси тайинлаган.

Телеэкранларда гувоҳ бўлганимиздек санъаткорлар қўшиқ ижро этганда матн муаллифи (шоир)ни титрда кўрсатишни “унутишади”. Ёки бўлмаса бир санъаткорнинг қўшиғи бошқа ижодкор томонидан ҳеч қандай шартнома тузмасдан бемалол ижро этилиши оммалашмоқда. Ваҳоланки Қонуннинг 19-моддасига кўра, юридик ва жисмоний шахслар асардан фақат ҳуқуқ эгаси ёки бошқа ваколатли шахс билан тузилган шартномага биноан, шу жумладан мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилотлар билан тузилган шартномага биноан фойдаланишлари мумкинлиги белгиланган. Ҳар қандай ҳуқуқбузарлик учун қонуний жазо тайинланган. Шундай экан, муаллиф ҳуқуқини ҳурмат қилиш ҳамда ўзганинг ижод намунасидан албатта рухсат олишни ҳамда шартнома тузишни унутманг.

Ҳурматли бадиий ва адабий ижод вакиллари муаллифлик ҳуқуқларингизни ҳимоя қилиш учун  Муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш жамиятларига аъзо бўлинг ҳамда Интеллектуал мулк агентлигининг 71 232-50-54 телефон рақами ёки телеграм мессенжеридаги ima_monitoring_bot орқали мурожаат қилишингиз мумкин.

 

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз