Уйчи туманида яшовчи ўқитувчи мактабдан ноҳақ бўшатилганлигини билдириб, амалий ёрдам сўраб бошқармамизга мурожаат қилди.
Аниқланишича, Уйчи туман халқ таълими бўлимига қарашли 43-сонли умумтаълим мактаби директорининг буйруғи билан мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси М.Холмирзаевага иш фаолиятида йўл қўйган камчиликлари учун — 8-10 февраль кунлари сабабсиз ишга келмаганлиги ҳамда ички тартиб қоидаларни сурункали бузиб келаётганлиги, синфхона калитини йўқотганлиги ва синф журналини яшириб қўйганлиги юзасидан тузилган далолатнома ва ўқитувчиларнинг келди-кетди дафтаридан кўчирмани асос қилиб, “ҳайфсан” интизомий жазоси берилган.
М.Холмирзаева узрли сабабдан келмаганлигини тасдиқловчи ҳужжат — меҳнатга лаёқатсизлик варақасини мактаб маъмуриятига тақдим этган.
Шунингдек, мактаб директори И.Олимов меҳнатга лаёқатсизлик варақасини имзо билан тасдиқлаган ва бош бухгалтер ҳам 3 кунга 80 фоиз миқдорида нафақа тўланишини имзо қўйиб қайд этган.
Бироқ ходим мактаб маъмуриятига вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик варақасини берган. Унга асосан 3 кунга 80 фоиз миқдорида нафақа тўлаб берилган бўлса-да, мактаб директорининг юқоридаги буйруғи бекор қилинмаган.
Мактаб томонидан М.Холмирзаевага 2021 йил 11 февралда “ҳайфсан” интизомий жазоси берилишига қарамай, ота-оналар номидан сохталаштириб ариза ёзганлиги, 3-синф ўқувчиларига қонунга хилоф равишда ариза ёздирганлиги, мактабнинг ички тартиб-қоидаларини сурункали равишда бузиб келаётганлиги сабаб қилиб кўрсатилиб, Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 3-бандига асосан меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Аниқланган ҳолатлар бўйича Наманган вилоят адлия бошқармаси томонидан Уйчи туман халқ таълими бўлимига тақдимнома киритилиб, фуқаро М.Холмирзаевани ишга тикланиши таъминланди.
Искандар НЕЪМАТЖОНОВ,
Наманган вилоят адлия бошқармаси масъул ходими