Навбаҳор туманидаги “Бурқут” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Сирожиддин Ўрозов 1994 йил 24 декабрь куни касаллик билан вафот этган фарзанди Мардон Тошпўлатовга ўша вақтда эътиборсизлик қилганлиги оқибатида ўлим гувоҳномаси олмаганлиги, ҳозирда шу гувоҳномага зарурат пайдо бўлганлиги, тегишли идораларга мурожаат қилганида ўлим ҳақидаги маълумот ҳеч қаерда қайд этилмаганлиги сабабли бу ҳақдаги гувоҳнома берилмаслиги айтилганлиги, шу сабабли ушбу масалада амалий ёрдам сўраб туман адлия бўлимига мурожаат қилди.
Мазкур мурожаат туман адлия бўлими томонидан ўрганиб чиқилди. Тегишли ташкилотларга сўров хатлари юборилди. Натижада Мардон Тошпўлатовнинг ўлими ҳеч қаерда қайд қилинмаганлиги аниқланди.
Туман адлия бўлими томонидан жорий йилнинг 18 январь куни Тошпўлатов Мардон Сирожиддин ўғлининг 1994 йил 24 декабрда вафот этганлиги фактини белгилаш ҳақида фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро судига ариза киритилди.
Ариза суд томонидан қаноатлантирилди ва Тошпўлатов Мардон Сирожиддин ўғлининг 1994 йил 24 декабрда вафот этганлиги факти белгиланди.
Бу ҳолат, бу сарсонгарчиликлар халқимизнинг “Керакли тошнинг оғири бўлмас…” деган мақолини беихтиёр ёдга солади.
Нурали ИСРОИЛОВ,
Навбаҳор туман адлия бўлими бошлиғи