Бош саҳифаЯнгиликларҲуқуқУндирув нега гаров мулкига қаратилди?

Ундирув нега гаров мулкига қаратилди?

Ҳозирги кунда мамалакатимизда тадбиркорлик учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Жумладан, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган фуқаролар якка тартибдаги тадбикорлик билан ёки бундай фаолият билан юридик шахс тузган ҳолда фаолият юритишлари мумкин. Тадбикорлик субъектларини ташкил этиш, уларни рўйхатга олиш механизмларини соддалаштиришга катта аҳамият берилмоқда.

Маблағсиз тадбиркорлик билан шуғулланиш мумкин эмас, албатта. Шунинг учун айрим фуқаролар ўз маблағларини тадбикорликка йўналтирсалар, айримлари эса тадбиркорлик юритиш учун банк кредитларидан фойдаланмоқдалар. Яъни, банкдан қарз олган ҳолда тадбиркорлик фаолиятларини бошлайдилар, келгусида тадбирклорликни ривожлаштириш учун ҳам банк билан кредит шартномаси тузиб, ўз фаолятларига кредитларни жалб қиладилар.

Барча ҳуқуқий давлатларда бўлгани каби, Ўзбекистон Республикасида ҳам шартнома тузиш, уларни ўзгартириш, ижро этиш ва бекор қилишни тартибга солувчи ҳуқуқий асослар яратилган бўлиб, шартнома иштирокчилари ушбу қоидаларга албатта риоя этишлари керак.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 236-моддасига кўра, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса – иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.

Соддароқ айтиладиган бўлса, шартномани тузган, яъни имзолаган шахс, маълум бир мажбурятларни ўз зиммасига олади ва у ушбу мажбуриятларни лозим даражада, яъни ўз муддатида ва сифатли қилиб бажариши керак.

Мажбуриятни бажаришдан бир томонлама бош тортиш ва шартнома шартларини бир томонлама ўзгартиришга йўл қўйилмайди, қонун ҳужжатларида ёки шартномада назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Фуқаролик кодекси 744-моддасининг биринчи қисмига кўра, кредит шартномаси бўйича бир тараф – банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кредитор) иккинчи тарафга (қарз олувчига) шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағлари (кредит) бериш, қарз олувчи эса олинган пул суммасини қайтариш ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади. Яъни, банк томонидан кредит ажратилганидан сўнг, кредитни олган шахс уни ва унга ҳисобланган фоиздларни шартномада кўрсатилган муддатларда қайтариши керак.

Амалиётдан шуни кўриш мумкинки, аксарият ҳолларда берилган кредитларни қайтариш бўлиб-бўлиб амалга оширилади. Яъни, банк ўзи берган кредит ва унинг фоизларини тегишли график (жадвал) асосида қайтариш ҳақида қарз олувчи билан келишиб олади. Масалан, олинган кредит ва унинг фоизлари 3 (уч) йилга бўлинган ҳолда график тузилади ва олинган кредит ушбу график асосида қайтарилиши керак.

Қонунда мажбуриятни таъминлаш усуллари деб номланувчи институт мавжуд бўлиб, бунда мажбур (масалан кредит олувчи) ўз мажбуриятини бажарилиши учун маълум бир таъминотни тақдим этади. Ушбу таъминот кредит шартномасининг ўзида кўрсатилиши ёки алоҳида шартнома тарзда ҳам расмийлаштирилиши мумкин.

Мажбуриятнинг бажарилиши неустойка, гаров, қарздорнинг мол-мулкини ушлаб қолиш, кафиллик, кафолат, закалат ҳамда қонун ҳужжатлари ёки шартномада назарда тутилган бошқача усуллар билан таъминланиши мумкин (Фуқаролик кодекси 259-моддасининг биринчи қисми).

Банклар ва кредит олувчилар ўртасида амалиётда аксарият ҳолларда ушбу таъминот турларидан гаров ҳамда кафиллик танланади.

Қонунга кўра, бир шахснинг бошқа шахсга мол-мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни мажбуриятларни таъминлаш учун бериши гаров ҳисобланади.

Гаровга кўра қарздор гаров билан таъминланган мажбуриятни бажармаган тақдирда кредитор (гаровга олувчи) бу мажбурият бўйича ўз талаби гаровга қўйилган мол-мулкнинг қийматидан ушбу мол-мулк эгаси бўлган шахс (гаровга қўювчи)нинг бошқа кредиторларига қараганда имтиёзли суратда қаноатлантирилишига, қонунда назарда тутилган тартибда, ҳақли бўлади.

Таъкидлаш керакки, гаров мулки кредит олувчиники ёки учинчи шахсники ҳам бўлиши мумкин. Яъни, кредит шартномаси иштирокчиси бўлмаган учинчи шахс ҳам ўз мулкини гаровга қўйиши мумкин.

Кредит олувчилар томонидан шартнома мажбуриятлари бажарилмаган тақдирда ундирувчи, яъни банклар кредит ва унинг фоизларини ундириш ҳақида судга мурожаат қилиш ҳоллари ҳам мавжуд. Масалан, 2022 йилнинг дастлабки олти ойи давомида Когон туманлараро иқтисодий судига кредит шартномаларига оид 62 та даъво аризаси келиб тушган. Уларнинг 15 таси қайтарилган, 1 таси қабул қилиш рад этилган, 30 та даъво аризаси тўлиқ қаноатлантирилган, 9 даъво қисман қаноатлантирилган, 7 та иқтисодий иш бошқа судга юборилган.

Масалан, даъвогар Ўзбекистон Республикаси “Қишлоқ қурилиш банк” акциядорлик тижорат банки манфаатида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Бухоро вилоят худудий бошқармаси даъво аризаси билан иқтисодий судга мурожаат қилиб, жавобгарлар “Нурали Нуразиз мустаҳкам пойдевори” масъулияти чекланган жамияти ва “Танхоз сабзавот савдо” масъулияти чекланган жамиятидан солидар тартибда АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” фойдасига 604.912.000 сўм асосий кредит қарздорлиги, 102.685.000 сўм кредитга ҳисобланган фоиз қарздорлигини ундиришни, ундирувни кредитнинг қайтарилиш таъминоти сифатида гаровга қўйилган бино-иншоотга қаратишни сўраган.

АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” Когон филиали хамда Когон туманида жойлашган “Нурали Нуразиз мустаҳкам пойдевори” масъулияти чекланган жамияти ўртасида 2019 йил 14 июнда 909-сонли кредит бериш шартномаси имзоланиб, унга кўра АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” Когон филиали “Нурали Нуразиз мустаҳкам пойдевори” МЧЖга Когон шахар, Дўстлик кўчасида жойлашган савдо ва маиший хизмат кўрсатиш хамда кўп қаватли турар жой биносини қурилиш ишларини амалга ошириш учун учун, йиллик 26 фоиз устама тўлашшартибилан 36 ой муддатга 1.350.000.000 сўм миқдорида кредит ажратиш мажбуриятини, қарздор эса ўз навбатида олинган кредитни белгиланган муддатда қайтариш ва ундан фойдаланганлик учун фоизларни ва кредит буйича асосий қарзни сўндириш жадвалига асосан қарзни кисмлаб қайтариш мажбуриятини олган. “Қишлоқ қурилиш банк” Когон филиали томонидан мажбурият тўлиқ ҳажмда бажарилган. Ажратилган кредитни қайтарилиш таъминоти сифатида “Танхоз сабзавот савдо” МЧЖга тегишли бўлган, Когон туман, Тут-кунда МФЙ худудида жойлашган умумий майдони 8.254 кв.метр, фойдаланилаётган ер майдони 10.000 кв.метр, участкадаги қурилиш майдони 7.120 кв.метрдан иборат иссиқхона биноси гаровга қўйилган.

Имзоланган кредит шартномасининг 7.3.-бандида кредитни қайтариш жадвали асосида асосий қарзни тўлаб борилиши белгиланган бўлишига қарамасдан, қарздор томонидан кредит қарздорлиги жадвал бўйича тўлаб берилмаган.

Шунинг учун, биринчи инстанция судининг 2022 йил 2 мартдаги ҳал қилув қарори билан даъво аризаси қаноатлантирилиб, жавобгар “Нурали Нуразиз мустаҳкам пойдевори” масъулияти чекланган жамиятидан даъвогар Ўзбекистон Республикаси “Қишлоқ қурилиш банк” акциядорлик тижорат банки фойдасига 604.912.000 сўм асосий кредит қарздорлиги, 102.685.000 сўм кредитга ҳисобланган фоиз қарздорлиги ундирилиб, ундирув “Танхоз сабзавот савдо” МЧЖга тегишли бўлган, Когон туман, Тут-кунда МФЙ худудида жойлашган умумий майдони 8.254 кв.метр, фойдаланилаётган ер майдони 10.000 кв.метр, участкадаги қурилиш майдони 7.120 кв.метрдан иборат иссиқхона биносига қаратилган.

Кредит шартномаси мажбуриятлари кредит олувчи томонидан бузилган тақдирда, банк ушбу кредит ва унинг суммаларини муддатидан олдин ёки муддати тугагандан кейин қайтаришни талаб қилиш билан бирга, ундирувчини гаровга қўйилган мулкка қаратиш ҳақида судга мурожаат қилиши мумкин.

Агар гаров билан таъминланган мажбуриятнинг қарздор томонидан бузилиши жуда арзимас бўлса ва шу туфайли гаровга олувчининг талабларининг миқдори гаровга қўйилган мол-мулкнинг қийматига мутлақо мос келмаса, ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратишни рад этиш мумкин, қонунда белгиланган ҳоллар бундан мустасно (Фуқаролик кодекси 279-моддасининг иккинчи қисми).

Суд амалиётида кредит суммаларини ундириш ва ундирувни гаровга қўйилган мулкка қаратиш ҳақидаги даъволарни кўришда асосан қуйидаги масалаларга эътибор берилади.

  • кредитнинг қайтарилиши қанча муддатга кечиктирилганлиги. Қонунга кўра, агар қарз шартномасида қарзни қисмлаб (бўлиб-бўлиб) қайтариш назарда тутилган бўлса, қарз олувчи қарзнинг навбатдаги қисмини қайтариш учун белгиланган муддатни бузган тақдирда, қарз берувчи қарзнинг қолган барча суммасини тегишли фоизлар билан бирга муддатидан олдин қайтаришни талаб қилишга ҳақли (Фуқаролик кодекси 736-моддасининг иккинчи қисми).
  • гаров билан таъминланган мажбуриятнинг қарздор томонидан бузилишининг миқдори. Агар мажбуриятни бузилиши жуда арзимас бўлса ва шу туфайли гаровга олувчининг талабларининг миқдори гаровга қўйилган
    мол-мулкнинг қийматига мутлақо мос келмаса, юқорида қайд этилганидек, ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратишни рад этилиши мумкин.
  • гаров шартномаси қонун талабларига риоя қилинган ҳолда тузилганлиги. Бунда, агар гаров шартномаси қонун талабига кўра нотариал расмийлаштрилиши ёки давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлса, ушбу тартибга риоя этилганлиги. Агар қонунга ёки шартнома шартига кўра, гаров шартномасига нисбатан шундай тартиб ўрнатилган бўлса, бундай гаров шартномаси ўз-ўзидан ҳақиқий ҳисобланмайди. Бу эса кредит суммасининг ундириш ҳақидаги талаб қаноатлантрилган тақдирда ҳам, ундрувни гаров мулкига қаратиш ҳақидаги талабни қанотлантиришни рад этилишига олиб келиши мумкин.Гаровга қўйилган мулкни сотиш масаласи Фуқаролик кодексининг 281-моддасида кўрсатилган тартибда ҳал этилади. Ушбу модда 2019 йил 22 октябрдаги Қонун билан янги таҳрирда баён қилинди. Ушбу ўзгартириш қабул қилингунига қадар гаровга қўйилган мулкни гаровга қўйилган мол-мулкнинг кимошди савдоси бошланадиган вақтдаги бошланғич сотиш баҳоси ундирув суд тартибида мол-мулкка қаратилган ҳолларда суд қарори билан ёки бошқа ҳолларда гаровга олувчининг гаровга қўювчи билан келишуви натижасида белгиланган.Ҳозирда эса Ушбу Кодекснинг 280-моддасига мувофиқ ундирув қаратилган, гаровга қўйилган мол-мулкни мажбурий равишда реализация қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда электрон онлайн-аукцион шаклидаги очиқ кимошди савдосида сотиш орқали амалга оширилади.Гаровга қўювчининг илтимосига кўра, суд ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратиш тўғрисидаги қарорда уни очиқ кимошди савдосида сотишни бир йил муддатгача кечиктиришга ҳақли. Кечиктириш ушбу мол-мулкнинг гарови билан таъминланган мажбурият бўйича тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди ҳамда кредиторнинг кечиктириш вақти мобайнида кўпайган зарарларининг ўрнини қоплашдан ва неустойкани ундиришдан қарздорни озод қилмайди.Гаровга қўйилган, суддан ташқари тартибда ундирув қаратилган мол-мулк кимошди савдосида сотиш, бевосита сотиш, кредитга, лизингга, ижарага бериш, бўлиб-бўлиб сотиш йўли билан ёки қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа битимлар орқали реализация қилиниши мумкин.

    Кимошди савдоси амалга ошмаган деб эълон қилинганда (ундирув гаровга қўйилган мол-мулкка суддан ташқари тартибда қаратилган тақдирда) гаровга олувчи гаровга қўювчи билан келишувга кўра, гаровга қўйилган мол-мулкни сотиб олишга ва харид нархини гаров билан таъминланган ўз талаблари ҳисобига ўтказишга ҳақли. Бундай келишувга нисбатан олди-сотди шартномаси тўғрисидаги қоидалар қўлланилади.

    Такрорий кимошди савдоси амалга ошмаган деб эълон қилинганда гаровга олувчи гаров нарсасини реализация қилинмаган гаров нарсасини такрорий кимошди савдосидаги бошланғич сотиш нархидан кўпи билан ўн фоиз камроқ суммада баҳолаб, ўзида олиб қолишга ҳақли.

    Агар гаровга олувчи гаров нарсасини ўзида олиб қолиш ҳуқуқидан такрорий кимошди савдоси амалга ошмаган деб эълон қилинган кундан эътиборан бир ой ичида фойдаланмаса, гаров тўғрисидаги шартнома бекор қилинади.

Агар гаровга қўйилган мол-мулкни реализация қилиш чоғида тушган сумма гаровга олувчининг талабини қоплаш учун етарли бўлмаса, у, қонунда ёки шартномада бошқача кўрсатма мавжуд бўлмаган тақдирда, етишмаётган суммани гаровга асосланган имтиёздан фойдаланмаган ҳолда, қарздорнинг бошқа мол-мулкидан олиш ҳуқуқига эга.

Агар гаровга қўйилган мол-мулкни реализация қилиш чоғида тушган сумма гаровга олувчиларнинг гаров билан таъминланган талаблари миқдоридан ошиб кетса, фарқ гаровга қўювчига қайтарилади.

Қарздор ёки учинчи шахс бўлган гаровга қўювчи гаров нарсаси реализация қилингунига қадар исталган вақтда гаров билан таъминланган мажбуриятни ёки унинг муддати ўтказиб юборилган қисмини бажариб, ундирувни гаров нарсасига қаратишни ва уни реализация қилишни тугатишга ҳақли. Бу ҳуқуқни чеклайдиган келишув ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир.

Яъни, эндиликда гаровга куйилган мол-мулкнинг кимошди савдоси бошланган вактдаги бошланғич бахосини суд белгиламайди.

М.Насуллоева,
Когон туманлараро иқтисодий суди
судья ёрдамчиси

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз