Бош саҳифаЭ-мутолааСуд очерклариЎрганган кўнгил 4 ойда яна ўртанди

Ўрганган кўнгил 4 ойда яна ўртанди

Марғилон шаҳрида яшовчи 42 ёшли Ботир Сойибжонов (исм-шарифлари ўзгартирилган) номақбул тарбия туфайли 40 ёшигача бир эмас, нақ 5 маротаба суднинг қора курсисига ўтирган. Энг ачинарлиси, у айнан фирибгарлиги туфайли судланган. Бешинчи маротаба жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2018 йил 6 мартдаги ҳукмига биноан, Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланиб, жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар судининг 2020 йил 22 апрелдаги ажрими асосида кодекснинг 73-моддаси тартибида ўталмай қолган 6 ой 12 кунини ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинганди. Бироқ у бундан ўзига тегишли хулоса чиқармади. Аниқроғи, жазодан озод этилгач, орадан кўп эмас, 4 ой ўтгандан кейин Ботиржоннинг фирибгарликка ўрганган кўнгли яна ўртаниб қолди.

Гап шундаки, Б.Сойибжонов 2020 йил август ойи ўрталарида Фарғона тумани, Аввал МФЙ ҳудудида жойлашган чорва моллари бозорига боради. Ўша ерда у таниши Қ.Жумаевнинг 3 бош чорва молларини 28.800.000 сўмга сотиб олишга келишади. Шу билан бирга, пулнинг 15.800.000 сўмини бозорнинг ўзида, қолган 13.000.000 сўм пулни эса кейин беришини айтади. Сўнгра молларини дастлабки терговда аниқлашнинг имкони бўлмаган шахсларга сотиб, пулларини шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборади.

Бундан ташқари, Ботиржон 2020 йил ноябрь ойида Фарғона туманининг Қўрғонтепа маҳалласида истиқомат қилувчи Н.Бобобековнинг “Эсперо” русумли автомашинасини 1500 АҚШ долларига сотиб олиш юзасидан савдолашади.

— Фақат пулини бир ойдан кейин оласиз, — дейди жиддий ваъда бериб.

Лекин “қаҳрамон”имиз автомашинани бегона шахсларга сотиб юборса-да, қарзини бермай лафзсизлик қилади.

Шунингдек, фирибгар Н.Бобобековни иккинчи маротаба ҳам чув туширади. Яъни хонадон соҳибининг икки бош чорва молини 14.000.000 сўмга баҳолашиб олади. Аммо олдиндан 400 АҚШ доллари беради-ю, қолган 10.000.000 сўмни беришни эса пайсалга солиб юраверади. Ваҳоланки, у чорва молларини аллақачон сотиб, пулларни шахсий эҳтиёжлари йўлида сарфлаб юборганди.

Шундан сўнг  Б.Сойибжоновга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Негаки тоқати-тоқ бўлган жабрланувчилар унга қонуний чора кўрилишини сўраб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат этишганди.

Буни қарангки, Ботир Сойибжонов ўз ҳамшаҳри Фахриддин Мақсудов билан бирга ҳам фирибгарликка қўл урган экан. Жумладан, 2020 йил 4 октябрь куни икковлон Фарғона шаҳридаги Бешбола ҳайвон бозорига келиб, фуқаро А.Ҳакимовнинг 2 бош қорамолини 35.600.000 сўмга савдолашишади. Шундан 1600 АҚШ доллари бериб, қолган пулни йигирма кундан сўнг олишини айтган ҳолда насия қилишади. Сўнг қорамолларни номаълум шахсларга сотиб юбориб, пулини тақсимлаб олишади. Лекин А.Ҳакимовдан бўлган қарзларини беришни эса хаёлларига ҳам келтиришмайди.

Бундан ташқари, фирибгар ҳамтовоқлар 2020 йил 21 октябрь куни Фарғона туманининг Чимён қишлоғидаги ҳайвон бозорида фуқаро М.Ҳакимовни 15.145.000 сўмга, 2020 йил 25 октябрь куни эса фуқаро Б.Сатторовни ўз хонадонида 27.000.000 сўмга чув туширишади. Қолаверса, Ботир Фарғона туманидаги “Адҳамжон ота боғлари” боғдорчилик фермер хўжалиги раҳбари А.Пўлатовнинг бир бош отини сотиб олиш жараёнида ҳам фирибгарлик қилади. Шунинг учун Ф.Мақсудов иккаласига нисбатан қўзғатилган жиноят иши жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар судида кўриб чиқилиб, айбдорлар қонуний жазога тортилади. Бироқ судланувчининг шикоятига асосан мазкур жиноят ишлари апелляция инстанциясида кўриб чиқилади. Пировардида Фарғона вилоят суди томонидан ҳар иккала суд ҳукми юзасидан қонуний апелляция ажримлари қабул қилинади.

Ажабмас, Ботир Сойибжонов ва Фахриддин Мақсудовлар энди қилмишларининг оқибатини – қинғир иш ҳамиша ташвиш келтиришини ҳис этиб, тўғри йўлда юришса.

Феруза СИДДИҚОВА,
Фарғона вилоят судининг судьяси

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз