Ҳар қандай инсон ўз ҳаёт йўлларини сарҳисоб қилар экан, албатта унинг тақдирига, келажагига ота-онаси каби бефарқ бўлмаган, маълум маънода унинг шаклланишида йўлчи юлдуздек йўл кўрсатиб турган Инсонларни эслаб ўтади. Мен Аллоҳ берган тақдиримдан миннатдорман. Айниқса, Тошкент Давлат Университетининг юридик факультетида 1975-1980 йилларда менга ҳуқуқшунослик соҳасининг сир-асрорларини, ҳаёт сабоқларини беминнат ўргатган устозларим А.А.Аъзамхўжаев, Ш.З.Уразаев, Х.С.Саматова,З.Иномжонов, Б.А.Аҳмедов,Х.Рахмонқулов, Ф.Х.Сайфуллаев, И.Б.Зокиров, Ш.Ш.Шорахметов, Я.Е.Песин, А.Б.Блиндер, Г.П.Саркисьянц, Ф.Муҳиддинов, Ф.Отахўжаев, З.Муминова, Р.Аскарходжаева,О.Зуфаров, Ж.Гадоев, Абдуқодиров, Н.Хасанов, Қ. Эрназаров,Солиев, Шокиров, Содиқов, Бойқобилов, Р.Мамажонова, Биккулова К.П.Эркахўжаев, Л.Охунжонов,М.Икрамова, А.Қосимов, И.Р.Мирзаева, К.П.Чернов, С.А.Султонов, Х.М.Абдуалиев, Х.Б.Бобоев, Гладков, Ильҳамов, М.Хусанов, Э.Эгамбердиев,М.К.Азимов,А.А.Иноятов,М.Раббиева, О.О. Раҳимова., Р.Журабоева, У.О.Очилов, Р.Р.Рахимбеков, Жакипов, М.С.Сайдаҳмедов, Б.Самарходжаев, Б.Хидоятов, З.Исломов, М.Таджибаева, М.Мирҳамидов, Стасько, У.Б.Бозоров, М.Ғуломов, Маҳбубов, Й.Каракетов, З.Қ.Алимов, Х. Мирсагдуллаев, О.Хусанов, А.Аллаберганов, М. Усмоналиев, Холмуминов, Ю.Атажонов,Б.Ибратов, З.Муқимов, Анортоев,О.Эрназаров, З.Иноғомжонова,А.Маматқулов, Р.Хақбердиева, Б.Б.Аҳмедов, Ф.Хамзаева, Гурин, Т. Бўрихўжаев, Мгелалзе, Ж.Р.Саркисьянц, Л. С.Старобуховская, Рогожина, Чубина, Т.Я.Доброгорскаяларни ҳурмат,фахр ва ғурур билан эсламасдан иложим йўқ. Уларнинг аксариятлари бу дунёни тарк этган бўлсаларда (Аллоҳ уларни раҳматига олсин!), аммо улар эккан илм уруғлари ҳамон ўзбек давлатчилигини, қонунчилигини, ҳуқуқшунослик фанини, суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантиришдаўзининг ҳосилларини бермоқда, десак муболаға бўлмайди.
1975 йилда юридик факультетига ўқишга кирган давримизда факультетимиз хадрада(ҳозирги Ўзбек миллий театри биносининг ёнида) жойлашган бўлсада, бизнинг дарсларимиз Тошкент Давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) нинг “Ж” отсек деб аталадиган 200 киши кетадиган аудиториясида бўлар эди. Курсимизда 178 та талаба бўлиб, ҳамма талабалар мана шу аудиторияда маъруза эшитар эдик. Ҳар бир устознинг маърузаларини аудиторияда шунча кўп талаба бўлишига қарамай, “пашша учса эшитиладиган”даражада диққат билан тинглар эдик. Биринчи курсдаустозларимиз, айниқса “Давлат ва ҳуқуқ назарияси” фанидан Ўзбекистон Фанлар академиясининг мухбир аъзоси Ш.З. Уразаев, “Конституция асослари”фанидан О.Эшонов, “Чет давлат ва ҳуқуқ тарихи” фаниданХ.С. Саматова, “Мантиқ“ фанидан З.Муминовалар томонидан ўқилган маърузалар давомида устозларимизнинг талабаларга “Сиз”деб мурожаат қилганлари, маърузаларни маҳорат билан, оддий, тушунарли тарзда ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан тушунтириб беришларида, мен аввалан бор, уларнинг замирида биз талабаларга нисбатан меҳрнинг нақадар кучли бўлганлиги деб биламан.Шу билан бирга устозларимизнинг ўз фанларини чуқур билишлари, уларнинг педагогик маҳоратлари, улардаги бўлган салобат, ўзларига бўлган талабчанлик, ўта юқори маданият, аудиторияга бўлган масъулиятдир. Иккинчи томондан, на фақат устозларимизнинг, балки курсдошларимизнинг ҳам ўз навбатида устозларга бўлган ҳурмати, ҳар бир фанга нисбатан бўлган қизиқиш, масъулият, одоб-аҳлоқ нормаларига бўйсуниш, келажакда танланган мутахассисликни мукаммал эгаллашга бўлган интилиш ётади. Шу билан бирга талабаларнинг аксарияти вилоятлардан бўлиб, рус тилини мукаммал билмасликларида ҳам деб биламан. Чунки айнан шу даврларда ўқув режаларигача “Марказ”дан келар, ўзбек тилидаги дарслик ва ўқув қўлланмаларнингдеярли мавжуд эмаслиги, кутубхоналардаги дарсликларнинг кўпчилиги эскириб кетганлигидан мавзуларни (хатто айрим ҳолларда тегишли мавзулар изланганда, айнан шу саҳифаларнинг йиртиб олингани учун) ҳам топа олмас эдик. Шунинг учун устозларнинг маърузаларини нафақат диққат билан тинглар эдик, балки уларнинг ҳар бир сўзларини ёзиб олишга ҳаракат қилар эдик(минг афсуски ҳозир талабаларимиз деярли маърузаларни конспектлаштирмайдилар).
Энг муҳим сабаблардан яна бири бу факультетдаги муҳит эди назаримда, яъни факультет жамоасини бирлаштириб, тўғри йўналтириб, ишни тўғри ташкил этилиши, раҳбарнинг бошқарувчилик қобилиятига кўп жиҳатдан боғлиқ. Албатта раҳбар жамоада юксак авторитетга эга бўлиши керак. Шундагина жамоада аҳиллик бўлади ва юқори самараларга эришиш мумкин бўлади. Шунингдек, раҳбар биринчи галда Инсон бўлиши , инсоний фазилатларнинг соҳиби бўлиши лозим.Чекланмаган ҳокимиятга эга бўлган раҳбар дўқ- пўписа билан ҳам жамоада “темир интизомни” жорий этиши мумкин, аммо жамоа аъзоларининг меҳр-муҳаббатини қозона олмайди. Зеро, меҳр қозониш учун эса меҳр бериш лозим.Шундагина қўйилган мақсадга эришиш мумкин. Айнан шу даврларда факультетни юксак инсоний фазилатларга эга бўлган республика Фанлар Академиясининг муҳбир аъзоси, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Абу Райҳон Беруний номидаги давлат мукофотининг лауреати ю.ф.д.профессор Анвар Агзамович Аъзамхўжаев декан эдилар. А.А Аъзамхўжаев деганда кўз ўнгимизда жуда келишган, истаралари иссиқ, салобатли, ўта маданиятли, юксак ақл соҳиби, юксак илмий салоҳиятли, доно, зийрак, зукко, талабчан, интизомли,адолатли, жуда катта обрўга эга бўлган, шу билан бирга жуда оддий,меҳрибон, ва самимий устоз гавдаланадилар. Устозни биринчи бор кўрганимда, уларнинг йўлларида учраган ҳар бир инсонга у профессор-ўқитувчи бўладими, лобарант, фаррош хаттоки биз талабаларми, ҳамма билан бир текисда “ассалому алайкум ”деб кўришганларини кўриб жуда ҳайратланганман. “Маъмурий ҳуқуқ ” фанидан маърузалар ўқиш давомида эса, фаннинг ўзи билан чегараланиб қолмай, амалдаги муаммолар ва уларни ечимларини илмни ривожлантириш билан боғлиқ эканлигини вазминлик билан тушунтирар эдилар. Айнан назаримда шунинг учун ҳам ҳар йили ўтказиладиган талабаларнинг илмий конференциялари пленар йиғилишларининг очилишида устознинг ўзлари кириш нутқларини қилар эдилар. Шу билан бирга талабаларнинг бошқа иттифоқдош республикаларда, ҳатто хориж (масалан.Болгария)да конференция ва танловларда иштирок этиши учун шароитлар яратилар эди.Бу муносабатларнинг ўрнатилишига ва мустаҳкамланишига ўша даврда етук ҳуқуқшунослик илмий мактабларига эга бўлган Москва, Ленинград, Харьков, Олмаота, Душанбе, Ашҳабод каби шаҳарларнинг номи чиққан ҳуқуқшунос олимларини Тошкент шаҳрига таклиф этиб, юридик фан олдидаги долзарб муаммоларни муҳокама этилиши ҳам сабаб бўлган. Бу эса ўз навбатида назарга тушиб, кейинчалик ўз ҳаётини илм билан боғлаган талаба ёшларнинг илмий салоҳиятини ўсишига, дунеқаришининг юксалишига, қолаверса миллий ҳуқуқшунослик мактабларининг вужудга келишига асос бўлган.
А.А.Аъзамхўжаевнинг раҳбарлик маҳоратларининг яна бир жиҳати бу кадрларни танлаш, уларни жой-жойига қўйишда ҳам намоен бўлган. Бунинг исботи сифатида мазкур йилларда, факультет деканининг ўринбосари лавозимида фаолият юритган Хабибулла Абдуалиев устозимизни хотирлаб ўтмасдан илож йўқ. Факультет ҳаётида ўзининг ташкилотчилик қобилияти билан факультет тарихи зарварақларида ўчмас из қолдирган Ҳ.М.Абдуалиев факультетнинг ҳаётидаги кундалик масалаларни оқилона ҳал этиб, А.А.Аъзамхўжаевни асосий фаолият билан хотиржам шуғулланишлари учун шароит яратганликлари кўпгина манбалардан маълум.
Ҳ.М.Абдуалиев устозимиз тўғри сўз, фидойи, ўз касбига жонкуяр, ўта масъулиятли ва интизомли Инсон эдилар.Шу даврда ўқиган талабалар билан суҳбатлашиб қолганда, албатта биринчи бўлиб сўрашадиганлари “Ҳабийака ”, чунки беш йил факультетда ўқиш мобайнида битта фаннинг ўзидан бир неча устоз кириши мумкин эди, аммо “зам декан” Абдуалиев Х. факультетда ўқув жараёнини ташкил этиш, талабаларнинг интизоми, уларга зарурий шарт-шароитларни яратилиши бўйича масъул ягона устоз эди, десак муболаға бўлмас.
Абдуалиев Ҳ. ҳамма ишда тартиб интизом бўлишини талаб қилар эдилар ва ўзлари ҳам унга қатьий амал қилар эдилар. “Агар тартиб интизом бўлмаса, ҳеч қачон олдинга силжиш бўлмайди”дер эдилар устоз. Айниқса ўқув жараёнида профессор-ўқитувчи ҳам, талаба ҳам интизомли бўлишини таъминлашга ҳаракат қилар эдилар. Шу даврларда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида ишлайдиган кўзга кўринган раҳбарларнинг фарзандлари айнан юридик факультетида таҳсил олишар эди.Бундай ҳолларда кўпчилик эгаллаб турган лавозимидан ажралиб қолишдан, “катталар” билан муносабатни бузилишидан қўрқиб, лаганбардорлик позициясига ўтиб олишни ўзига маъқул кўрган бўлар эди. Аммо устоз бу оддий деҳқоннинг боласими ёки мансабдорнинг боласими барчага бирдек талабчан, шу билан бирга меҳрибон ҳам эдилар. Талабаларнинг ораста, оддий кийинишини ҳам талаб қилар эдилар. Айниқса, қиз болаларнинг юриш-туришига алоҳида эътибор берар эдилар. Масалан, куйлаклари хаддан зиёда калта бўлган еки шимда ўқишга келган қизларни секингина ёнларига чақириб “сен ахир кимнинг фарзандисан, сен ҳаммага ўрнак бўлишни ўрнига кийиниб келган киймингни қара, сенга бундай юриш ярашмайди, хозироқ бориб киймингни алмаштириб кел”-деб уйига қайтариб юборганларини эшитганмиз.
Аммо шундай ҳолатларнинг гувоҳи ҳам бўлганмизки, талаба дарсга кеч қолиб, аудиторияга кира олмай турган холатларида, унинг кеч қолиш сабабларини аниқлагач, “Бундан кейин кеч қолмагин-да! Ўртоқларингни ҳурмат қилмасанг, ўқитувчини ҳурмати йўқми?!” деб койиб қўярдилар. Сўнг дарс ўтилаётган аудиториянинг эшигини аста тақиллатиб, ўқитувчидан узр сўраб, “Илтимос, домла, бир марта шу болани кечиринг, энди асло кеч қолмайди”- деб катта бошини эгиб борардилар. Бу эса, назаримда, ўзаро ишонч асосида интизомнинг янада мустаҳкамланишига замин яратар эди.
Устоз талабалар учун чин юракдан жон куйдирар эдилар. Бирорта талаба жорий имтиҳонларни вақтида топшира олмаса ҳам Устоз ўртага тушиб, қайта имтиҳон топширишга ўқитувчилардан рухсат олиб берардилар. Аммо талабадан фанларни жиддий ўзлаштиришини талаб қилиб, “бундан кейин билиб қўй ҳеч бўлмаса “қониқарли” баҳо олмасанг, билиб қўй фақат ўзингни эмас, мени ҳам уятга қўясан”-деб огоҳлантирар эдилар.
Бизнинг курсимиз мандат ўтган кунининг эртасигаёқ, помидор теришга, 1 сентябрда ўқиш бошланганидан кейин 3-4 кун ўтиб, бир ойгаЯнги йўлга узум, олма теримига, ундан қайтиб, бир хафта ҳам ўқимай пахта теримига Сирдарёга то 28 ноябргача юборилдик.Юқори курсларда ҳам ҳар йили пахта теримига юборилар эдик. Хатто 3- курсни битириш арафасида ёзда пахта чопиғига ҳам борганмиз. Мана шу даврларда устоз айниқса, талабаларга имкон даражасида озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланишларида, санитар кунларни ташкил этишда жонбозлик кўрсатар эдилар.
Устоздаги яна бир жиҳат давлат мулкига бўлган эҳтиёткорлик, тежамкорликдир. Устоз ўқув биноларини айланиб юрар эканлар, электр энергиясини тежамай чироқлари ўчирилмай қолдирилган аудиторияларни кўрсалар жуда асабийлашар эдилар. «Эҳ, биз ўқиган даврларда пилик ёқиб ўтириб, китоб ўқир эдик. Айрим ҳолларда ўшани ҳам иқтисод қилиш учун ойнинг шуъласида ўтириб ўқир эдик»,- деб ўтмишни эслардилар ва борининг қадрига етиб, уни исроф қилмаслик лозимлигини уқтирар эдилар.
Ҳ Абдуалиев на фақат ташкилий ишларда, балки аудиторияда ҳам ўзининг методикасига эга бўлган, илмий салоҳияти кучли бўлган моҳир педаог ҳам эдилар. Бизларга Совет давлати ҳуқуқи фанидан маъруза ўқир эдилар. Маърузалар жуда қизиқарли, ҳаётий воқеалар билан боғланиб, аудитория билан жонли мулоқат ўрнатилган ҳолда олиб борилар эди.Бу фандан имтиҳонга жуда жиддий тайёргарлик кўранмиз. Шунга қарамасдан имтиҳонга киришда ҳаёжон, қўрқув кучли бўлган. Аммо имтихонни олишда устоз шундай хайрихохлик билан ҳар бир талабанинг дарсдаги иштирокларини ҳам инобатга олиб адолатли баҳолаганлар.
Абдуалиев Ҳ. 70 ёшлик юбилейларига бағишланган кечада профессор, таниқли давлат арбоби А.Азизхўжаев (Аллоҳ уларни раҳматига олган бўлсин!) сўзга чиқиб, шундай деган эдилар: “Ҳабий ака биласизми мени бугунги кунда шу даражага эришишимга Сиз сабабчисиз. Мен ҳақиқатдан ҳам талабалик давримда жуда шўх эдим. Дарсларга кирмай интизомга риоя қилмайдиган холатларим кўп бўлар эди. Шунда бир кун Сиз менга “Сен одам бўлмайсан ”деб танбеҳ берган эдингиз.Бу гапингиз ўшанда менга жуда таъсир қилган ва бир умр “Одам” бўлиш учун ҳаракат қилиб, шу даражага етиб келдим. Шунинг учун Устоз Сизнинг олдингизда таъзимдаман”.
Ҳ.М.Абдуалиевфакультетдаги ишлар билан бир қаторда барчани спорт билан шуғулланишга даъват этар эдилар. Уларни футболга жуда қизиқишлари кучли эканлигини ва футбол ўйнашларини эшитганмиз.
Абдуалиев Ҳ. маҳаллада ҳам фаол маслакдош, оилада, қариндош уруғлар ўртасида меҳрибон ота, жонкуяр жигар эдилар.
Бизга таълим берган устозларимизнинг ҳар бирлари бир олам, улар ҳақида узоқ ва кўп фикрлар билдиришимиз мумкин. Уларни ҳар бирларини ҳурмат ва эҳтиром билан эслаймиз ва улар билан фахрланамиз.
Х.В.Бурханходжаева,
Тошкент давлат юридик университети доценти