Ўтган ҳафтада дунё бўйича коронавирус инфекцияси туфайли 93 мингдан ортиқ инсон вафот этган. Бу пандемия бошланганидан бери энг юқори ҳафталик кўрсаткич саналади. Етти кун давомида вирусга чалинганлар сони 4,7 миллион кишига ортган. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўзининг ҳафталик эпидемиологик ахборотномасида маълум қилган.
Унга кўра, 11-17 январь кунлари давомида бутун дунёда 93 882 киши COVID-19 туфайли вафот этган. Бу олдинги ҳафтага нисбатан 9%га кўп дегани. Шунингдек, 4 725 025 янги касалланиш ҳолатлари аниқланган бўлиб, бу 6-10 январь кўрсаткичларига нисбатан 6%га камроқ.
ЖССТ расмийлари қайд этишича, ўтган ҳафтада касалланиш даражаси Африка, Шарқий Ўртаер денгизи ва Ғарбий Тинч океани минтақасида ўсган, Америка, Жануби-шарқий Осиёда эса, камайган.
АҚШда ҳафта давомида касалланганлар сони 1,5 миллион кишига кўпайган. Кейинги ўринларда Бразилия (янги касалланишлар сони 379 минг атрофида), Буюк Британия (339 мингдан ортиқ), Россия (166 минг), Франция (125 минг), Германия (124 минг), Колумбия (114 минг), ЖАР (111 минг), Италия (110 минг) ва Ҳиндистон (107 минг) бормоқда.
Ўтган ҳафтада коронавирусдан вафот этганлар сони рекорд даражага етган
