25-30 ёш. Умрнинг серғайрат, шижоатли, ҳаётнинг эса гўзал ва мафтункор даври. Бу даврда ҳар қандай юмуш, хизмат, ташкилий ишларни маромига қўйиб, ҳавас билан бажариш мумкин. Шундай қиладилар ҳам. Айниқса, бугунги сиёсат, жамият ва албатта давлатимиз ёшларга мисли кўрилмаган шарт-шароитлар, имтиёзлар, юксак ишонч бериб қўйган бир даврда олға босмаслик мағлубиятнинг ўзгинаси. Ёши улуғлар ҳавасдан энтикиб, юртнинг эртаси булар дея эътироф этишади. Бироқ ана шу имкониятларни бой бериб, ноқис йўлларда гангиб юрганлар ҳам борки, “эссиз”, демоқдан тўхтаёлмайсан.
Февраль ойи якунида ана шундайларнинг икки нафарига суд ҳукми ўқилди. Аянчлиси, бири олий, бири ўрта махсус маълумотга эга, оилали, бир-икки нафардан фарзандлари бор.
Ижтимоий тармоқ орқали танишиб, ўзаро гаплашиб юрган Фахриддинни бу тошкентлик нотаниш аёл ўзига ром этиб борарди. Унинг чиройли гапириши, ишбилармонлиги, уқувлилиги суҳбатларидан билиниб турарди. Ёш жиҳатдан бироз каттароқ бўлган аёл унга гўёки яқин опа бўлиб кетди. Улар ҳар мавзуда гаплашишарди. Кунларнинг бирида Комила (исм-шарифлар шартли) Тошкентда эркин савдода, аптекалардан топиш мушкул бўлган бир дори ҳақида гапириб қолди. Кучли таъсир қилувчи бу дори воситасини, албатта, кимдир нимадир мақсадда қидиргандир, балки.
- Мен Намангандан суриштириб кўрайми, – қизиқиб қолди Фахриддин.
- Майли, кўриб боқингчи.
- Унинг нархи қанча?
- Тошкентда 7-7,5 доллардан сотиш мумкин. Шунга қараб олсангиз озгина ишлаб оласиз.
Бегона, синалмаган аёлнинг бу турткиси Фахриддинга қанот бергандек бўлди. Шижоат билан ишга кириша кетди. Аммо масаланинг бир томони бор эди. Яъни, тақиқланган, “Тропикамид” деб аталувчи бу дори воситаси Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний йўллар билан олиб кирилар эди. Суриштириш жараёнида Фахриддин бундан бохабар бўлди, аммо, афсуски эътиборга олмади. Унинг хаёлида осонгина эришиш мумкин бўлган мўмай даромадгина айланарди. Ваҳоланки, бир маротаба судланган 3 йилдан ортиқроқ муддатга озодликни чеклаш жазосига тортилган, жазо муддати эса ҳали якунланмаган ҳам эди.
Шундай “ташаббус” билан банд бўлиб юрган бир пайтда қўнғироқ қилиб қолган яқин таниши Махсумбекка ўз лойиҳасини тўлиб-тошиб сўзлади. Бунинг яна бир сабаби ҳам бор эди-ки, Фахриддиннинг Махсумбекдан 10. 000.000 сўм миқдорида қарзи бор эди.
- Келинг, шу ишни бирга қиламиз. Сиздан қарзимни ҳам узаман, ўзингиз ҳам оз-моз ишлаб оласиз.
Қозонга яқин юрсанг қораси юқар, дейишади. Лекин Махсумбек ҳам бу ишнинг қонунга зид эканлигини англайдиган, ақлли, олий маълумотли йигит бўлгани ҳолда осонгина қабул қилди. Биргалашиб наманганлик Осим исмли шахсни шу доридан топиб беришига кўндиришди.
- Пули нақд, қанчадан бўлади?
- 6 доллардан.
- Бўлади, ака қанча бўлса оламиз.
Шу куниёқ Фахриддин Комилага сим қоқиб 7,5 доллардан бера оласизми, дея сўради.
- Албатта. Олиб келаверинглар бир флаконига 7,5 доллардан санаб бераман.
2700 АҚШ долларига жами 450 дона “Тропикамид” дори воситасини сотиб олган йигитлар тайёр харидорга шундай ўтказамизу 3.375 АҚШ долларини қуртдай санаб олиб қайтамиз дея ховлиқишардию, уларни нима кутаётганлиги ҳақида ўйлаш хаёлларига келмасди.
Ҳалол йўл, ҳалол ризқдан одам хотиржам бўлади, албатта. Аммо айни куч-ғайратга тўлган йигитлар вақтларини, шижоатларини харомга сарфлаётганликлари ачинарли эди. Харомнинг эса борар манзили тайин.
Тошкент шаҳрига бориб Комила билан гаплашишаркан, даставвал у “олдин дорини кўрай, ҳақиқийми, сохтами”, дея текширди.
- Пулни чеккароқда бераман, қолаверса, флаконларнинг ҳар бирини текшириб олишим керак, – дея у меҳмонларни машинасига ўтқизди.
Панароқ кўчага кириб боришаркан, бироз гаплашиб кетишди.
- Ишқилиб ишончлими? – деди аёл ўсмоқчилаб.
- Ишончли опа, кўрдингизу биз сизни алдармидик. Хали худо хохласа яна олиб келамиз топиб.
Қарангки, Худо хоҳламади. Аста юриб бораётган машина йўлини фуқаро кийимидаги бир неча кишилар тўсиб чиқишди ва…
Ашёвий далиллар билан ушланган йигитларнинг қилмиши юзасидан исми сир сақланишини илтимос қилган аёл киши ариза қилганди…
Балки алданишган, хато қилишган, шошма-шошарлик, борингки, пулга қизиқишгандир, нима бўлганда ҳам қилмишлари ноқонуний, босаётган қадамлари тўғри йўлда эмаслиги ва ҳар қадамда уларни жавобгарлик кутишини билишарди. Шундай бўлди ҳам. Тергов ишлари олиб борилиб, суд ҳукми ўқилди!
Фахриддин Ултановга узил-кесил ўташ учун 7 йилу 5 ой 29 кун муддат, Махсумбек Эргашевга эса 6 йилу 11 ой 29 кун муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланди.
Бу ёшгина йигитларнинг ота-оналари барҳаёт, ўзларининг оилалари ва айтганимиздек, фарзандлари бор. Озгина уқувсизлик, ҳалол меҳнатдан қочиш, тарбиянинг ноқислиги боис улар ҳам бугун доғдалар. Умрнинг айни гуллаган, завқли, ҳаётнинг энг тотли бўлган даврини йигитлар ҳавога совуришди ва темир панжаралар ортига улоқтиришди.
Увол бўлди икки чиройли кечиши мумкин бўлган умр… бу эса балки сабоқ бўлар кимгадир. Шоядки, тойилиши мумкин бўлган биронта қадамни тўхтатиб қолишга хисса қўшсак мақсадимизга эришганимиз шу.
Фаррух Эргашев,
жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг судьяси