Бош саҳифаЭ-мутолааСуд очерклариЎз “ҳунари” ўз бошига етди

Ўз “ҳунари” ўз бошига етди

РИШТОН туманининг “Булоқбоши” маҳалласида яшовчи Жамшид Болтабоев (исм-шарифлари ўзгартирилган) ёш бўлса-да, кейинги вақтларда ичкиликка муккасидан кетди. Ҳар куни, ҳатто бир кунда икки-уч марта ҳам уйга ичиб келадиган бўлди. Борди-ю, ичкиликка пул тополмай қолса, уйдаги бирор буюмни олиб чиқиб сотишдан ҳам тоймасди.

Ачинарлиси, вояга етмаган норасида фарзандлари унинг оиладаги хурмача қилиқларидан юрак олдириб қўйганди. Бу хонадондаги тўс-тўполон қўни-қўшниларнинг жонига текканини-ку гапирмаса ҳам бўлади.

Шу йилнинг 13 апрель санаси муборак Рамазон ойининг илк куни бўлишига қарамай, кундузи Жамшид “шишадош” ошналари билан улфатчилик қилди. Тушдан сўнг бир-икки соат уйда ўтирган бўлди-ю, кечки пайт яна кўчага йўл олди. Соат 21:30ларда эса оёқда зўрға турадиган ҳолатда қайтиб келди. Одатдагидек яна эски “ҳунари”ни бошлади. Яъни, рафиқаси Соҳиба қолиб, отаси Мухторжон Болтабоев ва онаси Қумринисо опага ҳам сўкина кетди. Ҳатто уларни ҳақорат қилишгача борди. Мухторжон аканинг оталарча айтган насиҳатомуз гап-сўзлари ҳам бебош ўғилга кор қилмади. Хуллас, бу ҳолат анчагача давом этди. Охир-оқибат тоқати-тоқ бўлган ота уни судраб омборхонага олиб кирди. Кейин ўша ердаги икки дона арқоннинг бири билан Жамшиднинг қўл-оёғини боғлаб ташлади. Аммо сархуш йигит шунда ҳам сўкинишу ҳақоратдан тийилмади. Жонига теккан ота иккинчи арқонни олиб, унинг оғзи ва бўйни аралаш боғлаб қўйди. Шундагина хонадондаги жанжал босилди.

— Келин, сиз болаларингиз билан кириб ётаверинг”, — деб буюрди қайнотаси Соҳибага.

Бироқ кечқурун Болтабоевлар хонадонидаги бақир-чақирдан “баҳраманд бўлиб” ухлаган маҳалла аҳли эртасига саҳарликка уларникидаги дорд-фарёддан уйғонди.

Гап шундаки, Соҳиба Болтабоева тунги соат 03:00 ларда саҳарликка турганида омборхонага киради. Яъни, хўжайинидан хабар олиб, уни турғизмоқчи бўлади. Лекин Жамшид қимирламаётганини кўриб қўрқиб кетади. Шу боис, дарҳол қайнона-қайнотасини чақиради. Омборхонага ҳовлиқиб кириб келган ота не кўз билан кўрсинки….

Кейинчалик суд-тиббий экспертизаси ва бошқа текширувлардан аён бўлдики, оёғидан оғзи-бўйнигача чирмаб ташланган Ж.Болтабоев ҳаракатлана олмай, нафас етишмовчилиги ҳамда бўйин қисмидаги асосий қонтомирларининг қисилиши оқибатида вафот этган экан.

Шундан сўнг М.Болтабоевга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят ишлари бўйича Риштон туман суди эса уни Жиноят кодексининг 102-моддаси 1-қисми (эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдириш) билан айбли деб топиб, қонуний жазога маҳкум этди.

Умиджон МЕҲМОНАЛИЕВ,
жиноят ишлари бўйича Риштон туман суди раиси
Хуршид СУЛТОНОВ,
“Инсон ва қонун” мухбири

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз