“Ўзавтосаноат” компанияси раиси Шавкат Умурзоқов Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
Шавкат Умурзоқов 1979 йилда туғилган, муқаддам прокуратура тизимида ишлаган, 2011 йил июнидан 2013 йил сентябрига қадар Тошкент вилояти прокуратурасининг иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши бўлими бошлиғи бўлган, 2013-2018 йилларда Ўзбекистон бош прокуратурасида Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.
У 2018 йил июнида «Ўзавтосаноат» раиси этиб тайинланган. «Меҳнат шуҳрати» ордени (2020) ва «Содиқ хизматлари учун» медали (2013) билан тақдирланган.
2018 йил апрелидан буён Тошкент шаҳрига ҳокимлик қилиб келган Ортиқхўжаев 2023 йилнинг илк ҳафталарида шаҳарда электр ва табиий газ таъминоти билан боғлиқ жиддий муаммо юзага келиши ортидан 16 январ куни ишдан бўшатилган эди.
Шундан сўнг, шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.