Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир, драматург Қўчқор Норқобилнинг «Хочу увидет твой глаза» («Кўзларингни кўрмоқ истайман») китоби Москвада рус тилида чоп этилди.
Китоб Москва Бутунжаҳон Ёзувчилар уюшмаси ташаббуси билан, Анстасия Эрмашова муҳаррирлигида беш минг нусхада чоп этилган.
— Китоб аллақачон Москва китоб дўконларида, китоб савдоси билан шуғулланадиган интернет сайтларида сотувга қўйилибди, — дейди ёзувчи Қўчқор Норқобил. — Яқинда нашриётда телефон қилиб сўрасам, китоблар яхши сотилаётганини айтиб қолди. Мамнун бўлдим. Сени билмаган, сени танимаган инсонлар китобингни олиб ўқиса, асарларимиздан таъсирланса, бу ёзувчи учун бахт. Сенинг ёзган асаринг унинг вақтини банд этса, тағинам ёзганларинг қайсидир ёмон иш қилишдан тўхтатиб қолса. Буни ёзувчи сифатида сўз билан таърифлаб беришим қийин.
Маълумот учун, Россияда Москва Бутунжаҳон Ёзувчилар уюшмаси томонидан замонавий насрий асарлар туркуми остида чоп этилаётган ушбу лойиҳага бугунги кунда ўзининг ўзгача услуби, бадиий ижод салоҳиятли юқори бўлган турли мамлакат ёзувчиларининг асарлари киритилиб, анъанавий чоп этилиши йўлга қўйилган. Ўзбек ёзувчилари орасида Қўчқор Норқобил ушбу тўпламга биринчи бўлиб киритилди.