Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ЎзЛиДеП фракцияси депутатлари томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Қонун лойиҳасида фуқароларга Ватанга нисбатан ғурур ва ифтихор туйғуларини кенгроқ ифодалаши учун Давлат байроғидан фойдаланиш имконияти янада кенгайтириляпти.
Давлат байроғидан фойдаланиш қонунчиликда тўлиқ тартибга солинмаганлиги сабабли амалда байроққа нисбатан оддий хатти-ҳаракатлар, масалан, унинг рангидаги тасмани тақиб олиш ҳам “давлат рамзига ҳурматсизлик” сифатида баҳоланган. (Қамашидаги мактаб битирувчиси билан бўлган воқеа). Давлат байроғи тўғрисидаги қонунчиликни бузиш эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2031-моддасига асосан 990 минг сўмдан 2,3 млн сўмгача жарима солишга олиб келади.
Депутатлар таклиф этган лойиҳада байроқдан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш назарда тутилмоқда. Яъни “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонунга қуйидаги ўзгартиришлар киритилиши таклиф этилмоқда:
- Давлат байроғидан спорт мусобақаларида, оммавий жисмоний тарбия тадбирларида, маданий ва ўзга оммавий тадбирларда, оилавий байрамларда, хотиравий саналарни байрам қилишда ҳамда бошқа ҳолларда ҳам байроғимизга нисбатан зарур ҳурматни таъминлаган ҳолда фойдаланилишга рухсат бериш;
- давлат рамзига зарур ҳурмат билан муомала қилган ҳолда ундан ва унинг тасвири туширилган белгилардан жамоат жойлари ва биноларда, яшаш ёки иш жойларида ҳамда уларга туташ бўлган ҳудудларда, транспорт воситаларининг салонида фойдаланиш мумкинлигини белгилаш;
- давлат органларининг рамзларида (байроқ, геральдик белги)
ва уларнинг расмий веб-сайтларида Давлат байроғининг тасвири туширилган белгилардан фойдаланишга ҳуқуқий асос ўрнатиш; - Давлат байроғи тасвирини устки кийимга безатиш мақсадида
акс эттириш имкониятини яратиш; - Ўзбекистон Республикасига тегишлилик белгиси сифатида
Давлат байроғи ва унинг тасвири туширилган белгилардан қуйидаги ҳолларда фойдаланишга рухсат бериш:
а) Ўзбекистон Республикаси вакили бўлган жисмоний ва юридик шахслар томонидан расмий халқаро тадбирларда фойдаланишда;
б) ҳарбий ёки бошқа давлат хизматида бўлган шахслар томонидан кийим-кечак ва фарқловчи нишонларда қўллашда;
в) халқаро спорт мусобақалари ҳамда Ўзбекистон чемпионатлари учун спорт кийимларини тайёрлашда;
- Давлат байроғига нисбатан ҳурматсизлик билан муносабатда бўлинишига йўл қўйилмайдиган ҳоллар аниқ белгилаб берилмоқда.
Давлат байроғидан йиртилган, ифлосланган, тешилган, ранги оқарган ҳолда, бирор-бир нарса учун устки ёпинғич сифатида фойдаланиш,
уни ўтириладиган жойларга ёки оёқ остига тўшаш, бир марта фойдаланиш ва ташлаб юбориш учун мўлжалланган бошқа буюмларга босиб чиқариш каби ҳурматсиз муносабатда бўлишга йўл қўйилмайди (52-модда).