2021 йил 5 октябрь куни Тошкентда “Ўзбекистон: беш йиллик жадал ислоҳотлар” мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтади.
“Тараққиёт стратегияси маркази” ҳамда Адлия вазирлиги томонидан ташкил этилаётган мазкур анжуманда мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегияси ижроси доирасида уддаланган ишлар якуни, барча соҳаларда рўёбга чиқарилган ислоҳотларнинг моҳияти ва аҳамияти мушоҳада этилади. Шунингдек, туб ўзгаришлар – фуқароларимиз ҳаётида ва ҳалқаро ҳамжамият нигоҳида нечоғли самара бергани аниқ мисоллар асосида таҳлил қилиниб, миллий ва хорижий экспертларнинг бу борада берган баҳоларига қулоқ тутилади.
Халқаро конференцияда – Бирлашган Миллатлар ташкилоти ва унинг халқаро тузилмалари, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, турли мамлакатлардан келган халқаро экспертлар, шунингдек, миллий парламентимиз аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этади.
Халқаро конференция доирасидаги маърузалар – “Давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш йўлидаги ислоҳотлар кўлами”, “Ўзбекистон иқтисодиёти ва ижтимоий соҳанинг замонавий ривожланиши: натижалар ва истиқбол” ҳамда “Хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик ҳамда ташқи сиёсатни таъминлашда янгича ёндашув натижалари” каби секцияларга бўлинган ҳолда муҳокама қилинади..
2021 йил 5 октябрь куни соат 14:00
Манзил: “International Tashkent” меҳмонхонаси,
100084, Тошкент, Амир Темур шоҳ кўчаси, 107 А-уй