Қонунчиликдаги янгиликлар
Ҳукумат қарори (31-сон, 22.01.2021 й.) билан Ўзбекистон давлат хореография академиясининг давлат таълим муассасаси шаклидаги Урганч филиали ташкил этилди.
Филиал таркибида “Лазги” ижрочилигини янада ривожлантириш бўлими очилди.
Рақс санъати бўйича юқори малакали бакалавр ва магистрларни, шунингдек, ушбу соҳада чуқур тадқиқотлар олиб бориш салоҳиятига эга илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш Филиалнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
Шунингдек, “Лазги” ижро йўли намуналари “Олтин фонди”ни яратиш “Лазги” бўлимининг асосий вазифаларидан этиб белгиланди.
Қарорга кўра, Филиал ҳузурида қуйидагилар ташкил этилади:
- “Лазги”нинг яратилиш тарихи ва ривожланиш даврини қамраб олган доимий экспозиция;
- “Лазги” ижро йўлида яратилган ижод намуналарининг фонотекаси;
- “Лазги”га оид либослар намуналари галереяси, кўргазмалар зали ҳамда артистик кафеси;
- “Лазги” болалар ҳаваскорлик театр-студияси.
Филиалда ўқув жараёни 2021/2022 ўқув йилидан бошланади.
Филиалга талабаларни бакалавриат таълим йўналишлари бўйича қабул кўрсаткичлари ҳар йили ОТМга ўқишга қабул қилиш параметрларидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади.