Интернетдаги бир-нечта ахборот ресурсларида 2023 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари учун крипто-активларни сотиш ва сотиб олиш тақиқланиши ҳақида маълумот берилган.
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ушбу маълумотни расман рад этиб, унинг ҳақиқатга тўғри эмаслиги ҳақида маълум қилди.
2022 йил 29 декабрь куни Aгентликнинг расмий веб-сайтида 2023 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахслари крипто-активларни сотиб олиш, сотиш ва (ёки) айирбошлаш бўйича операцияларни фақат миллий хизматлар провайдерлар орқали қонунчилик ҳужжатларида ( 2018 йил 3 июлдаги ПҚ-3832-сон “Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ва крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорининг 3-банди “д” кичик банди) белгиланган тартибда амалга оширишлари мумкинлиги ҳақида хабар эълон қилинган эди.
Хабарда шунингдек, Ўзбекистон Республикасида крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш учун тегишли лицензия олмаган хорижий платформаларда крипто-активлар билан ҳар қандай операцияларни амалга ошириш маъмурий, жиноий ва бошқа турдаги жавобгарлик чораларини қўллашга мажбурловчи қоидабузарлик эканлиги ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилган.