Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонЎзбекистон, Гамбия ва Индонезия: йўтал сироплари бу...

Ўзбекистон, Гамбия ва Индонезия: йўтал сироплари бу мамлакатларда 300 дан ортиқ инсонлар ўлимига сабаб бўлди — ЖССТ

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти кеча, 23 январь куни йўтал сиропларидан дунёда 300 дан ортиқ инсон ҳалок бўлганини маълум қилди. Ташкилот 194 аъзо давлатларини янги фожиаларнинг олдини олиш учун чора кўришга чақирган. ЖССТ эълон қилган огоҳлантиришда ўлимлар Гамбия, Индонезия ва Ўзбекистонда содир бўлгани айтилади.

Заҳарланиш туфайли ушбу мамлакатларда асосан 5 ёшгача болалар буйракнинг ўткир шикастланишидан вафот этган, дейилади ЖССТ баёнотида. Рецептсиз бериладиган йўтал сироплари таркибида диэтиленгликол ва этиленгликол миқдори юқори бўлган.

Маълум бўлишича, ушбу ифлослантирувчи моддалар саноат эритувчилари ва антифриз сифатида ишлатиладиган заҳарли кимёвий моддалар бўлиб, улар оз миқдорда қабул қилинганда ҳам ўлимга олиб келиши мумкин ва аслида ҳеч қачон дори-дармонлар таркибида бўлмаслиги керак.

ЖССТ Филиппин, Шарқий Тимор, Сенегал ва Камбоджада ҳали ҳам зарари тасдиқланган айрим дорилар сотувда бўлиши мумкинлигидан хавотирда. Шу сабабли, тиббий таъминот занжирида иштирок этадиган турли хил асосий манфаатдор томонлар зудлик билан ва мувофиқлаштирилган чоралар кўришга чақирилди.

Ташкилотнинг ушбу огоҳлантиришида уч давлатда болалар ўлимига сабаб бўлган мазкур дори воситаларини дорихоналардан олиб ташлаш қатъий талаб қилинган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг октябрь ойида ва шу йилнинг январи бошида ЖССТ Ҳиндистоннинг “Maiden Pharmaceuticals” ва “Marion Biotech”  компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган йўтал сиропларини Гамбия ва Ўзбекистонда болалар ўлимига сабаб бўлгани, шунингдек, Индонезияда “Pt Yarindo Farmatama”, “Pt Universal Pharmaceutica” компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган йўтал сироплари туфайли мамлакатда 199 нафар ўлим ҳолати қайд этилгани юзасидан огоҳлантириш билан чиққан эди.

Ташкилот тўртта препарат: “Promethazine Oral Solution” (прометазин эритмаси), болалар учун томоқ оғриғига қарши “Kofexmalin” ва “Makoff” сироплари ҳамда болалар учун шамоллашга қарши “Magrip N” сиропи юзасидан огоҳлантириш эълон қилган.

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз