Жорий йилнинг 20 январида Адлия вазирлиги ва Ўзбекистон Нотариал палатаси ҳамкорлигида “Касбим – фахрим менинг” мавзусида семинар ташкил этилди.
Семинарда Республикамизда фаолият юритувчи хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар ҳамда соҳага масъул шахслар иштирок этди.
Қайд этиш лозимки мазкур семинар доирасида 4 та сессия: Юристлар малакасини ошириш маркази, Тошкент шаҳар адлия бошқармаси ва Тошкент давлат юридик университетида ҳам бўлиб ўтди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 cентябрдаги «Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони билан 2020 йил 1 январдан хусусий нотариал фаолиятга рухсат берилди.
Ўтган давр мобайнида нотариуслар сони 17 фоизга ошиб, бугунги кунда 953 нафар нотариуслар фаолият юритмоқда. Улар томонидан аҳолига 26 турдаги нотариал ҳаракатлар бўйича ҳуқуқий хизмат кўрсатиб келинмоқда.
Нотариуслар томонидан 2021 йилда 4 428 081 та нотариал ҳаракат амалга оширилган бўлса, бу кўрсаткич 2022 йилда 5 393 775 тани ташкил қилди.
Ўтган давр мобайнида нотариат соҳаси рақамлаштирилди. Бунинг натижасида ортиқча қоғозбозлик ва бюрократия қисқарди, фуқароларнинг овворагарчиликларига чек қўйилди.
Хусусий нотариал фаолиятни лицензиялаш тўлиқ электрон шаклда амалга оширилиши йўлга қўйилди.
«E-notarius.uz» расмий веб-сайти ишга туширилди. Фуқароларга ўзларига яқин нотариусни аниқлаш, нотариус қабулига навбатга электрон ёзилиш, ишончноманинг қонуний кучга эгалигини аниқлаш, мерос иши очилганлигини аниқлаш, масофадан туриб электрон мурожаат қилиш имконияти яратилди.
Нотариал ҳаракатларни нотариал идорага келмасдан масофадан туриб онлайн тасдиқлаш хизмати йўлга қўйилди.
Автотранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончномаларни Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон шаклда расмийлаштириш тизими жорий этилди.
Мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш тақиқлаб (хатлаб) қўйилганлиги, шунингдек тақиқлаб (хатлаб) қўйиш бекор қилинганлиги тўғрисидаги электрон маълумотлар банки жорий этилди.
Семинарда далилларни таъминлаш, нотариал ҳаракатларни видеоконференсалоқа орқали амалга ошириш, ижро хатларини ёзиш ва нотариат соҳасини ривожлантиришда халқаро ҳамкорлик ҳамда бошқа масалалар юзасидан маърузалар тингланди.
Шунингдек, соҳани янада такомиллаштириш бўйича ўзаро фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Мазкур семинарнинг ўтказилиши нотариуслар томонидан аҳолига ҳуқуқий хизмат кўрсатишда янада қулайликлар яратиш ҳамда соҳада ягона амлиётни шаклланишига хизмат қилади.