Бош саҳифаЭ-мутолаа“Инсон ва қонун” газетасиЎзбекистон ОТМларида академик мобиллик даражаси қандай?

Ўзбекистон ОТМларида академик мобиллик даражаси қандай?

Кучли рақобатчилик, тез ўзгарувчан шароитда замонавий университет раҳбарияти диққат эътиборини нафақат, амалдаги ишларнинг ички ҳолатига, балки улар атрофида рўй бераётган ўзгаришларга улгуриши, илгарилаши ва маълум даражада уларга таъсир этиши учун имкон берадиган узоқ муддатли ривожланиш стратегияларини ишлаб чиқишга қаратмоғи лозим.

Бугунги кунда олий ўқув юртлари учун фақат илмий ва таълим ташкилотлари бўлишининг ўзи етарли эмас.

Олий ўқув юртларида таълим сифатни таъминлашда талаба ва профессор-ўқитувчилар мобиллигини оширишда раҳбар кадрларни ёндашуви ҳақида сўз юритишдан олдин асосий тушунчаларга этибор қаратиш лозим.

Яни, академик мобиллик — олий таълим муассасаси талабаларининг муайян вақт мобайнида республика ҳудудидаги ёки чет элдаги бошқа бир олий таълим муассасасига ўқиш мақсадида бориши.

мобиллик дастури — икки ёки ундан ортиқ олий таълим муассасаси ўртасида ўзаро таълим тўғрисидаги келишув асосида ташкил этилган академик мобиллик дастури тушунилади.

Мобил талабалар, асосан, 2 гуруҳга бўлинади:

эркин ҳаракатланувчилар – бундай турдаги талабалар ўз хоҳиш ва ташаббуслари билан таълим олиш учун бошқа ҳудудларга боришади;

дастур доирасидаги талабалар – бунда ОТМнинг ўзи ёки унинг бирор факультети бошқа ОТМ билан келишган ҳолда талабалар учун ўзаро алмашинув дастурларини амалга оширади. Дастурлар миллий ва халқаро даражада ҳам бўлиши мумкин. Масалан, Erasmus дастури талаба алмашинуви имконини берадиган машҳур дастурлардан бири.

Таълим миграцияси

Аслида, таълим олиш учун бир ҳудуддан иккинчи ҳудудга кўчиб ўтиш жуда узоқ тарихга эга жараён ҳисобланади. Одамлар қишлоқдан шаҳарга, шаҳардан пойтахтга, пойтахтдан таълими ва иқтисоди ривожланган давлатларга илм олиш учун миграция қилишади.

Ўқиш учун бошқа давлатларга бораётган талабалар сони ҳам йилдан йилга ошиб бормоқда. 2017 йилда дунё бўйича халқаро талаба сони 5,7 миллионга етган. Бу кўрсаткич 2000 йилда 2 млн атрофида бўлган.

2021 йилда энг кўп хорижлик талабани жалб қилган давлатлар:

  • АҚШ – 1 млндан ошиқ хорижлик талаба;
  • Буюк Британия – 496,5 минг талаба;
  • Хитой – 492 минг талаба;
  • Канада – 435 минг талаба.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2020 йилнинг
1 январь ҳолатига, Ўзбекистондан 53 минг нафар талабалар хорижда таҳсил олмоқда.

Шунингдек, эълон қилинган маълумотга кўра, Ўзбекистонда 5,1 минг хорижлик талаба таҳсил олади.

Талабалар алмашинув дастурлари

Талабалар маълум муддат бошқа бир ОТМда ўқиши учун энг катта имконият – талаба алмашинув дастурлари ҳисобланади. Бунда талаба ўзи ўқиётган ОТМ билан ҳамкор бўлган хориж ОТМларидан бирида маълум муддат ўқиб қайтиши мумкин. Бундай ОТМ хоҳ хорижда, хоҳ ўз давлатида бўлсин талабага янги муҳитда ўқиш имконини беради.

Алмашинув дастурлари қисқа – 1 ҳафтадан 3 ойгача, узоқ – 6 ойдан бир йилгача бўлиши мумкин.

Фойдали томонлари

Алмашинув дастурлари орқали талабалар ўзга давлатлар маданияти, турмуш тарзи билан танишиши, тил билиш даражасини яхшилаши мумкин. Дунёқарашни кенгайтириш имкони ҳам пайдо бўлади. Масалан, қайсидир вилоятдан Тошкентга келиб 2 семестр ўқиган талаба ўз устида кўпроқ ишлашни бошлаши, янгиликларга чанқоқлиги ошиши мумкин.

Янги атмосферани кўрган талабаларнинг ўзига бўлган ишончи ва ўз-ўзини мустақил бошқариш қобилиятлари ҳам ошади.

Қолаверса, талабалар алмашинув дастурлари орқали ички миграция амалга ошса, ҳудудларда ҳам хизмат кўрсатиш қамрови ошиши мумкин. Албатта, бунинг учун фақат ҳудудлардан пойтахтга эмас, балки пойтахтдан ҳудудларга, бир вилоятдан бошқа бирига бориб ўқишни хоҳловчи талабалар сони ҳам ошиши лозим.

Чекловчи омиллар

Талабалар имкониятлари молиявий муаммолар, ўзи ўқишни хоҳлаган ОТМ билан ўқув соатларида тўла мувофиқлик бўлмаслиги сабабли чекланиши мумкин. Агар чет дастури бўлса, тил билмаслик ҳам алмашинув дастурларида иштирок эта олмасликка сабаб бўлади.

Бундан ташқари, алмашинув дастурлари дарсдан ташқари ишлайдиган ва ўзини моддий жиҳатдан ўзи таъминлайдиган талабаларга ҳам қийинчилик туғдириши мумкин. Сабаби 6 ойлик ўқиш талабани иш жойидан ажратиб қўйиши мумкин.

Ўзбекистонда академик мобиллик қандай бўлади?

Академик мобиллик тажрибаси бор-йўқлиги ҳақида республикадаги баъзи ОТМлар сайтларини кўздан кечириш асносида Тошкент кимё-технология институти ва Тошкент давлат юридик университети сайтида айни шу йўналишда маълумотлар бериб борилаётганига, Ўзбекистон миллий университети сайтида эса халқаро ҳамкор ташкилотлар рўйхати келтирилганига гувоҳ бўлдик. Шу билан бирга 2021 йил 30 март куни Тошкент молия институти ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университети ўртасида мамлакатимизда биринчилардан бўлиб Академик мобиллик дастурлари бўйича келишув имзоланди.

Мазкур келишувга асосан эндиликда ҳар икки олий таълим муассасаси ўзаро профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини амалга оширади. Шунингдек, фаолият доирасда ўзаро тажриба алмашинилиб, таълим сифатини ошириш, фан ва ўқув дастурлари, ўқув адабиётларини яратиш бўйича ҳамкорлик қилинади.

Олий таълим муассасаларида таълим сифатни таъминлашда раҳбар кадрлар қўйидаги ёндашуви бажаришлари лозим бўлади:

Биринчиси – олий таълим муассасалари бошқарув кенгашларининг ролини ошириш ва кафедралар ваколатларини кенгайтириш.

Иккинчиси – ўқув жараёнини бозор талабларига мослаштириб, ишлаб чиқариш билан узвийлигини таъминлаш ва талабанинг ўз устида ишлаши учун муҳит яратиш.

Учинчиси – олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини ошириш, илм-фан ва инновацияни ривожлантириш.

Тўртинчиси – профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун қоғозбозликни камайтириш, соҳани рақамлаштириш орқали бюрократия ва коррупцияни кескин қисқартириш.

Олий ўқув юртларида профессор-ўқитувчилар мобиллигини оширишда раҳбар кадрлар ривожланган мамлакатлар тажрибасини ўрганиш аҳамияти.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, ривожланган давлатларнинг олий таълим муассасаларида ҳам ўқишни кўчириш, ички академик мобиллик олий таълимнинг бир қисми ҳисобланади. Айрим давлатларда барча ваколат олий таълим муассасалари ихтиёрида бўлса, баъзиларида қатъий чекловлар, муайян талаблар жорий этилган.

Замонавий шароитда миллий олий таълим тизимлари жаҳон меҳнат бозори талабларини ҳисобга олмаган ҳолда глобал жараёнлар ва тенденциялардан ташқарида ривожлана олмаслиги аниқ. Шу муносабат билан таълимни байналмилаллаштириш давлатнинг мақсадли сиёсатига айланади.

Россиянинг етакчи университетлари тажрибаси шуни кўрсатадики, академик ҳаракатчанлик қуйидаги ташкилий доирада амалга оширилиши мумкин:

шахсий ташаббус;

тадқиқот ёки тадқиқот грант дастури;

қўшма ўқув ёки илмий-тадқиқот дастурларини ташкил етиш.

Колумбия университети ўз талабаларига ҳам, бошқа университетларнинг талабаларига ҳам АҚШдан ташқарида ўз дастурларидан бирини ўзлаштириш учун бир қатор имкониятларни таклиф етади. Улар орасида:

Колумбия коллежи ва муҳандислик ва амалий фанлар амалий мактабида таҳсил олаётган талабалар учун хорижда таълим дастурлари;

Хитойнинг Цинхуа университетида ёзги тил дастурлари;

Шанхайда ёзги бизнес ва ҳамкорлик дастури;

Колумбия университетида чет тили дастури.

Талабаларга чет тилларини бакалавриат ва магистратура даражаларида, шу жумладан Ақшнинг бошқа университетларида ўрганиб бўлмайдиган баъзи тилларни ўрганиш имконияти берилади. Чет элда ўқиш дастурлари талабаларга Хитой, Франция, Италия, Германия ва Японияда ўқиш имкониятини беради.

Энг машҳур талабалар алмашинув дастурларидан бири – Erasmus лойиҳаси орқали дастурга аъзо бўлган Европа университетларидан бирида 3 ойдан бир йилгача ўқиш имконини қўлга киритиш мумкин. Бу дастурга бакалавр, магистратура ва амалиёт учун ҳужжат топшириш мумкин.

Бундай дастурларни таълим олаётган соҳага қараб исталганча топиш мумкин: дунё талабалар алмашинуви дастурларидан фаол фойдаланмоқда. Фақат талабалар дастур доирасида ўқиш учун белгиланган талабларни бажара олишлари керак.

Ўзбекистон олий таълим муассасалариаро ўқишни кўчириш бўйича “режалаштирилган” мурожаатлар сони ортиб бораётгани ўқув жараёнини сифатли ва ўз вақтида ташкил этишга салбий таъсир кўрсатмоқда. Биргина 2020 йилда 28 минг, 2021 йилда эса 56 минг нафар талаба давлат олий таълим муассасалариаро ўқишни кўчириш истагини билдирган.

Жумладан, Урганч давлат университетига 2,8 минг, Фарғона давлат университетига 2 минг нафар талаба ўқишини кўчирган бўлса, Жиззах давлат педагогика институтидан 1,4 минг, Гулистон давлат университетидан
1,3 минг нафар талаба бошқа олий таълим муассасаларига ўқишини кўчириш истагини билдирган. Бу кўрсаткич 2022 йилда 100 мингдан ошиши кутилаётгани ҳар бир масъулни сергак торттириши керак.

Чет эл таълим муассасаларида ички академик мобиллик дастурлари университетлар аро ўзаро келишув шартномалари асосида ташкил қилинадиган мамлакатлар ҳам бор. Мазкур тизимнинг амалиётга жорий этилиши талабаларнинг муайян олий таълим муассасасидан ўқишни бошқа номдорроқ олий таълим муассасасига кўчириши учун эмас, балки танлаган мутахассислиги бўйича малакали кадр бўлиб етишишига хизмат қилади.

Жумладан, АҚШда бакалавриат босқичидаги ўқишини кўчирмоқчи бўлган талаба ушбу мамлакатда аккредитациядан ўтган олий таълим муассасаси бакалавриатида камида бир йиллик ўқишни тамомлаган бўлиши шарт. Университетлар ўқишни кўчириш истагини билдирган талабалар учун ўртача ўтиш балини турлича белгилаган.

Аксарият университетлар ўқишни кўчириш учун минимал ўтиш балини 2,5 GPA (фанлардан ўтиш учун минимал балл) этиб белгилаган. Хусусан, нуфузли университетларда ўтиш бали анча юқори. Масалан, Гарвард университети ҳар йили ўқишни кўчириш истагини билдирган талабаларнинг бор-йўғи 0,97 фоизини қабул қилади.

Бундан ташқари, талаба қатъий белгиланган талаблар бўйича тест ва бошқа синовлардан ўтиши керак. Ўқишни кўчириш жараёнида талаба тарк этаётган ОТМга тўлов-шартноманинг умумий суммасидан келиб чиқиб, яна қўшимча 20-30, қабул қилаётган ОТМга тўлов-шартнома суммасининг
35 фоизи миқдорида қўшимча пул тўлайди.

Массачусетс технология институтига 2021 йилда ўқишни кўчириш истагида 419 нафар талаба ариза топширган бўлса, шулардан 19 нафаригина ўқишга қабул қилинган. Браун университетида ўқишни кўчириш истагидаги 2746 нафар талабанинг 81 нафаригина белгиланган талабларни бажарган.

Канадада эса ўқишни кўчириш фақат трансфер шартномалари бўлган олий таълим муассасалари ўртасида амалга оширилади. Ушбу университетлар рўйхати махсус сайтларда эълон қилинади ҳамда Канаданинг ички ва ташқи академик мобиллиги қабул комиссиясининг ихтиёрига кўра қарор қабул қилинади. Ўқишни кўчириш таълим босқичлари мазмунининг мувофиқлигига асосланади.

Дастурларнинг бир-бирига мос келишига қараб, кўчиришда ҳам бир нечта кредитдан бутун икки йиллик ўқиш давригача инобатга олинади. Босқич муддати қисқа ёки фанларни ўзлаштириш баҳолари паст бўлса, ўқишни кўчириш рад этилиши мумкин. Фанлардан ўтиш учун минимал балл 60 фоиздан паст бўлмаслиги керак.

Буюк Британия олийгоҳлари нуфузи жиҳатидан дунёда юқори ўринда тургани учун талабаларнинг ўқишни кўчириши ҳам қатъий тартибга солинган. Талаба ўқишни кўчиришдан аввал ўтмоқчи бўлган университети билан маслаҳатлашиши шарт. Яъни у ўқишни кўчириш учун ўзидан-ўзи ариза ёза олмайди.

Чунки айрим университетлар, айниқса, нуфузли олийгоҳлар ўқишини кўчирган талабаларни осонликча қабул қилмайди. Бундан ташқари, ўқув йилининг ўртасида ўқишни кўчириш тақиқланади. Талаба ариза топшириш вақтида бошқа университетга ўтиш сабаблари ва бу янги университет нима учун унга кўпроқ мос келишини тушунтириб берувчи шахсий ариза (баён) ёзиши керак.

Ҳар бир курснинг ўз талаблари мавжуд, ушбу талабларга жавоб бермаган талабаларнинг аризаси эса рад этилади. Германияда биринчи семестрдан кейинги босқичлар “юқори семестрлар” деб аталади. Мамлакатда “юқори семестрлар” учун ўқишни кўчиришда чеклов мавжуд бўлиб, талабаларнинг ўқишни кўчириш бўйича аризаларига ОТМ маъмурияти аксарият ҳолларда рад жавобини беради.

Япониядаги ҳамма олийгоҳларда ҳам талабалар ўқишини кўчириш дастури йўлга қўйилмаган. Шунингдек, мавжудларида ҳам бу жараён осон кечмайди, яъни дастурлар ҳар йили амалга оширилмайди. Баъзи йўналиш ва факультетларга рухсат берилади. Талабанинг олдинги ўқиган жойида олган кредити ва натижаси ҳар доим ҳам ўринли деб топилмайди. Ритсумекен университети ва Акита халқаро университети ўртасида талабалар алмашинув дастури йўлга қўйилган.

Бу дастур орқали талабалар Акита халқаро университети тизимида мавжуд 16 та коллеждан бирида ўзи қизиққан йўналиш бўйича қисқа курслар орқали олти ойдан бир йилга қадар таълим олиши мумкин. Қўшнимиз Қозоғистонда эса талабаларнинг бир ОТМдан бошқасига ўқишини кўчириш тартиби мулкчилик шаклидан қатъи назар, ҳар бир олийгоҳнинг академик сиёсатидан келиб чиқиб мустақил белгиланади.

Талаба ўқишини кўчириш учун дастлаб ўзи таълим олаётган университет раҳбариятига ариза билан мурожаат қилади. Агар раҳбарият ижобий хулоса берса, талаба бошқа университетга ўқишни кўчириш учун ариза топшира олади. Бу жараёнда ОТМлар ҳар бир йўналиш бўйича ўртача ўтиш бали (GPA) ни мустақил белгилайди.

Масалан, Алмати менежмент университети ўртача ўтиш балини 2.18 GPA этиб белгилаган. Ўқишни кўчириш қоидалари барча учун бирдек амал қилади. Бирор тоифа учун алоҳида имтиёзлар қўлланмайди. Ўқишга қабул қилиш ёки рад этиш қарори ички имкониятлардан келиб чиққан ҳолда, ОТМ раҳбарияти томонидан қабул қилинади.

Мамлакатимиз таълим тизими халқаро стандартларга интеграциялашмоқда, самарали тажрибалар амалиётга татбиқ этиляпти. Мақсад таълим сифатини яхшилаш, ўқув ишларини бозор эҳтиёжидан келиб чиқиб ташкил этишга қаратилган. Аммо барча саъй-ҳаракатлар кутилганидек натижа бермаётгани ҳам бор гап.

Талабаларнинг ички академик мобиллик орқали ўқишини ташкил этиш ваколатини олий таълим муассасаларига ўтказиш эса улар мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.

Жаҳон меҳнат бозорида рақобатбардош ва юқори малакали мутахассисларни етакчи хорижий таълим муассасаларида тайёрлаш фаолиятимизнинг асосий йўналишларидан бири. Ана шу мақсадда 2021 йил “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳамда олий таълим муассасаларининг ўзаро ҳамкорлик ва грант дастурлари доирасида 1345 нафар профессор-ўқитувчи хорижий олий таълим ҳамда илмий тадқиқот муассасаларига малака ошириш ва стажировка ўташ учун юборилган. Уларнинг 579 нафари Европа, 172 нафари Америка, 82 нафари Осиё, 512 нафари МДҲ мамлакатларида таҳсил олмоқда.

Олий таълим муассасаларида таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш мақсадида 2021 йилда 1793 нафар хорижлик мутахассис маҳаллий ўқув жараёнига жалб қилинган, уларнинг 481 нафари Европа, 97 нафари Америка, 263 нафари Осиё, 952 нафари МДҲ мамлакатлари профессор-ўқитувчилари ва соҳа мутахассислари хиссасига тўғри келган.

Мамлакатнинг тараққиёти, асосан, илму маърифат ва инновацияларга асосланади. Шундай экан, олий таълимга қаратилаётган эътибор, асосий таянчимиз бўлган азму шижоатли ёшларга ғамхўрлик юртимизда улуғ мақсадга эришиш йўлидаги муҳим қадамдир. Бу – янги уйғониш даврига пойдевор, унинг асосида, ёшларнинг эртанги кунга, тараққиётга ишончи акс этади. Таълим ривожланар экан, мамлакат тараққиёти кафолатланади. Бу эса ўзида янги Ренессанс даврини ифода этади.

Шаҳриддин Бободўстов,

Тошкент давлат юридик университети Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича декан ўринбосари

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз