Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг мамлакатимизга расмий ташрифи доирасида жорий йилнинг 5 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Туркманистон Адолат вазирлиги ўртасида ўзаро англашув тўғрисида меморандум имзоланди.
Мазкур меморандумнинг мақсади ҳамкорликдаги институционал ўзаро муносабатлар учун асос яратиш ва икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.
Меморандум доирасида норма ижодкорлиги, ҳуқуқни қўллаш амалиёти, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, юридик кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш, шунингдек, ўзаро манфаатли бошқа йўналишларда ҳамкорлик қилиш кўзда тутилмоқда.
Мазкур ҳужжат икки мамлакат вазирликлари ўртасида ҳуқуқ ва адлия соҳаларидаги икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, рағбатлантириш ва ривожлантиришга хизмат қилади.
Маълумот ўрнида: бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан хорижий мамлакатларнинг йигирмадан ортиқ адлия вазирликлари билан икки томонлама ҳамкорлик ўрнатилган.
Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими