Ўзбекистон президенти ва Покистон бош вазирининг кенгайтирилган таркибда бўлиб ўтган учрашувида шундай келишувга келинди.
Ўзбекистон ва Покистон киноижодкорлари ҳамкорлигида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида фильм суратга олинади. 15 июл куни икки мамлакат етакчиларининг Тошкентда ўтган музокараларида шундай келишувга эришилди, деб хабар тарқатди президент матбуот хизмати.
Қайд этилишича, делегациялар иштирокида кечган музокараларда маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш, муштарак маънавий меросни биргаликда ўрганиш, илм-фан, таълим, маданият ва спорт соҳаларидаги ҳамкорликни кучайтириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилган.
Таъкидланишича, сўнгги уч йилда покистонлик ёшларнинг Ўзбекистон тиббиёт олий ўқув юртларида таҳсил олишга бўлган қизиқиши ортиб бормоқда. Айни пайтда Ўзбекистонда 750 дан ортиқ покистонлик ёшлар мазкур йўналишда таълим олмоқда.
Шунингдек, Панжоб университети қошида “Бобур мероси маркази”, Пешовар университетида ўзбек тили ва маданиятини ўрганиш бўйича “Алишер Навоий маркази” очилган.