Cоғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда саратон касаллигини 99 фоизгача даволовчи препарат яратилгани ҳақидаги хабарлар нотўғри эканлигини маълум қилди.
Интернет тармоғида “Ўзбек олимлари саратонни 99 фоизгача даволаш имконини берувчи янги препарат ишлаб чиқди” сарлавҳали мақола эълон қилинган. Унда 2022 йилнинг июнь ойида юртимизда рўйхатдан ўтказилиб, ишлаб чиқаришга татбиқ этилган янги радиофармацевтик векторли терапия воситаси ҳақида сўз боради. Ушбу препарат таркиби “лютеций-177” радиоизотопи ва унга бириктирилган простата специфик мембранали “антиген-617” оқсил моддасидан иборат экани айтилган.
Маълум бўлишича, бу дори воситаси радиофармпрепарат сифатида АҚШ, Европа ва Осиё давлатларида фақатгина простата бези ва нейроэндокрин ўсмалар диагностикаси ва муолажасида қўлланилади.
— Хорижий тажрибага асосланган ҳолда шуни айтиш мумкинки, ушбу восита простата бези саратонининг 4-босқичида суякда метастазланиш жараёнидагина ишлатилади, — дейди Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори Дониёр Нишонов. — Бу препарат вақтинчалик восита ҳисобланади ва беморларнинг ҳаётини узайтиришга имконият яратади.
Препарат шу кунгача Ўзбекистондаги битта тиббиёт муассасасида фақат 3 нафар беморда қўлланилган ҳамда мутахассислар фикрига кўра, хаста инсонларда ўсма ўчоқлари (метастазлар) ва уларни безовта қилаётган оғриқлар сезиларли даражада камайган.
Ҳар қандай янги дори воситаси амалиётда фойдаланилишидан токи самараси тасдиқланишига қадар турли изланишлар, ўрганишлар олиб борилиши ва самарадорлиги тўғрисида тегишли хулосалар қилиниши учун узоқ вақт талаб этилади.
Афсуски, дунёда барча саратон касалликларини тўлиқ даволай оладиган универсал дори воситаси ҳозирча мавжуд эмас, дейилади хабарда.