Адлия вазирлиги делегацияси Гаага шаҳрида (Нидерландия) бўлиб туриб, Бутунжаҳон одил судлов форуми (The World Justice Forum 2022) ишида иштирок этмоқда.
1 июнь куни адлия вазири Русланбек Давлетов фуқаролик жамияти институтлари, тадбиркорлик ва адлия соҳаси раҳбарлари билан биргаликда “Identifying What Works” (“Нима самарали ишлашини аниқлаш”) ялпи мажлисида сўзга чиқди.
Вазир 2016 йилдан бери Ўзбекистонда қонун устуворлиги ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш учун “Мақбул бошқарув” тамойили асосида тузилмавий ислоҳотлар, демократик ўзгаришлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
— Аҳолининг реал эҳтиёжлари ва жамиятдаги долзарб муаммоларни фаол муҳокама қилиш, давлат органларининг ушбу мурожаатларга муносабат билдиришга тайёрлиги, мамлакат раҳбариятининг туб ўзгаришларни амалга оширишга бўлган сиёсий иродаси ва интилиши, шунингдек, ижтимоий институтларнинг тузилмавий ўзгаришларни амалга ошириш имкониятлари ислоҳотларга замин бўлди. Айнан шу Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ўзига хос “муваффақият учбурчаги”ни шакллантирди, — деди Р.Давлетов.
Вазир Ўзбекистонда ижтимоий ва давлат қурилиши соҳасида жиддий ўзгаришларга эришишга имкон берган муваффақиятли ёндашувлар ва асосий омиллар ҳақида гапирди.
Биринчидан, давлат мавжуд муаммоларни очиқ тан олди ва ҳукумат маълумотларига эркин киришни тақдим этди. Очиқлик презумпцияси тамойили жорий этилди. Жумладан, ўтган йили барча давлат органлари томонидан очиқ маълумотлар сифатида жойлаштириш лозим бўлган ижтимоий аҳамиятга эга ахборот рўйхати тасдиқланди. У 33 та йўналиш бўйича 200 та турли маълумотларни ўз ичига олади. Айни пайтда 13,5 минг маълумотлар мажмуи эркин фойдаланиш учун жойлаштирилган.
Иккинчидан, бундан беш йил аввал бир-бирини тийиб, ўзаро мувозанатда ушлаб туриш тизимининг асосий элементи бўлган маъмурий судлар ташкил этилди. 2021 йилда маъмурий судлар томонидан ижтимоий муносабатлардан келиб чиқадиган 15 мингта низо кўриб чиқилиб, уларнинг 52 фоизи қаноатлантирилган. Шунингдек, ушбу даврда ҳокимларнинг 2,5 мингдан ортиқ қарорлари ҳақиқий эмас деб топилди.
Учинчидан, Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш бўйича қатъий ислоҳотлар бошланди, шу жумладан, соҳавий ёндашув жорий этилмоқда. Хусусан, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишни лицензиялаш ва рухсатномалар бериш тизимини ўзгартириш натижасида 266 турдаги лицензиядан 70 таси, 140 та рухсатномадан 35 таси бекор қилинди. Лицензиялаштиришнинг барча таомиллари рақамлаштирилди. Йил давомида электрон тизим орқали 30 мингга яқин лицензия берилди.
— Охирги уч йил ичида “тартибга солувчи гилётина” усули ёрдамида биз амалдаги ҳуқуқий базани қарийб 10 фоизга мақбуллаштиришга эришдик”, — қайд этади адлия вазири. 3000 дан ортиқ қонун ҳужжатлари бекор қилинди. Бошқа бир мисол — ер участкаларини фақат ғолибни аниқлаш таомилларига аралашувни истисно қиладиган, электрон аукционлар тизими орқали берилиши. Ўтган йилдан бери ушбу ёндашув асосида 4 минг 300 та ер участкаси ажратилди.
Тўртинчидан, давлат бошқарувида ялпи рақамлаштириш эвазига тартибга солиш юкламаси камайтирилди ва иш юритиш жараёнлари мақбуллаштирилди.
— 2021 йил охиригача рақамли давлат хизматлари сони 200 тага етказилади, бу кўрсатилаётган давлат хизматларининг 30 фоизини ташкил этади, яқин келажакда бу кўрсаткич 70 фоизга етади. Биз фуқаролар ўз вақтлари ва бошқа ресурсларини давлат билан ўзаро алоқага киришишга сарфламасликлари керак деган фикрдан келиб чиқамиз. Рақамлаштириш бюрократиядан халос бўлишни кўзда тутади. Масалан, давлат органларининг атиги 18 турдаги маълумотномаларни сўрашни бекор қилиниши ҳар йили қарийб 15 миллион АҚШ долларини тежайди ва 12 миллиондан ортиқ фуқарони бюрократик сансалорликдан халос қилади, — деб таъкидлади адлия вазири.
Ўзининг чиқишига якун ясар экан, Р.Давлетов, ҳеч бир мамлакат инсонларни бирлаштирадиган ғоя ва мафкурасиз ривожлана олмайди. Бизга жамият интиладиган идеаллар, қадриятларга айланиши мумкин бўлган ғоя керак, дея таъкидлади.
— Биз ҳисобдорлик, адолатли қонунлар, очиқ ҳукумат, қатъий қадриятларга эга ҳалқчил ва холис суд тизими каби тамойилларга амал қилишимиз керак, — деб ҳисоблайди вазир.
Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими