Бугун ижтимоий тармоқларда Туркияда зилзиладан талафот кўрганларга юборилган инсонпарварлик ёрдамлари, хусусан, кийим-кечакларнинг эски ва яроқсизлиги, мавсумий эмаслиги, кўчада сочилиб ётгани акс этган видеолар тарқалди.
Айримлар бундай нарсалар Ўзбекистондан юборилган деган фикрларни билдирмоқда. “Ёшлар келажагимиз жамғармаси” матбуот хизмати раҳбари Аброрбек Маъруфжанов ўзбекистонлик фуқаролар томонидан юборилаётган хайрия ёрдамлари координацияси ҳақида “Hudud24”га маълумот берди.
“Туркияга инсонпарварлик ёрдами сифатида биринчи галда озиқ-овқат маҳсулотлари, болалар тагликлари ва иссиқ ёпинғичлар юборилди.
Ёрдамга ошиққан фуқароларимизнинг фаросати юқори. Эски кийимлар деярли йўқ. Ҳозирча вақтинча эҳсон олиш тўхтатилди. Сабаби саралаш учун кўп вақт керак.
Нарсалар сараланиб, босқичма-босқич жўнатилмоқда. Ҳаммаси назоратда, эски нарсанинг ўзи йўқ. Халқимиздан нотўғри талқин қилмасликни илтимос қилардим. Ҳозирда иситиш печлари, гинераторлар, фонарлар жўнатилди”, деди у.
Эслатиб ўтамиз, ҳозиргача ўзбекистонликлар ёрдами билан турк халқи учун керакли маҳсулотлар тўлдирилган 25 та юк машинаси (тахминан 550 та поддон) жўнатилган.