Виктор Шадурский,
Беларусь давлат университетининг Халқаро муносабатлар факультети (Минск) профессори
— Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, жадал суръатлар билан ривожланаётган Ўзбекистон, мамлакат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг чуқур ўйланган баёнотлари ва қатъий ҳаракатлари яқин ва узоқдаги хорижий давлатлар сиёсатчилари ва экспертларининг диққатини жалб қилмоқда. Автократик бошқарув тарафдорлари Марказий Осиёнинг энг йирик давлатида амалга оширилаётган демократик ислоҳотларга катта қўрқув билан қарашмоқда. Бизнингча, улар Тошкентнинг собиқ совет маконида илдиз отган бесамар амалиётларни давом эттириши, ўз муваффақиятсизликларининг сабабини фақат мамлакат ташқарисидан излаши учун белгиланган мақсадлар амалга оширилмаслигини исташади. Ушбу салбий ҳолат меҳмондўст ва азоб-уқубатларни бошдан кечирган ўзбек халқига, унинг ҳукуматига “ўз мамлакатининг янги Ренессанс даври”ни тезда қуришни тилайдиган Ўзбекистоннинг дўстларининг умидлари ва эзгу тилаклари билан ёпилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакат парламенти — Олий Мажлисга йўллаган Мурожаати ҳам оптимистларнинг умидини пучга чиқармади. Ушбу кенг ҳажмли ва мазмунли ҳужжатда умумий ҳолатлар ва уларга берилган баҳолар билан бирга аниқ ҳатти-ҳаракатлар режаси ҳам таклиф этилган. Унда кўплаб рақамлар ва далилар таҳлил қилинади, энг долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишда фойдаланиладиган молиявий ресурслар миқдори муҳокама қилинган. Умумий баҳолар ва алоҳида қарорларни бирлаштирган ёндашувнинг қўлланилиши ҳокимиятнинг нафақат мамлакатдаги вазиятни яхши билишини, балки шаҳар, қишлоқ ва ҳаттоки маълум бир маҳалла даражасида қилинадиган ишларнинг ҳажмини тушунганидан далолат беради.
Мурожаатномага энг аввало, Шавкат Мирзиёевнинг президентлиги даврида амалга оширилган Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатидаги ҳужжат ва бошқа қарорлар асосини ташкил қилган тамойиллар нуқтаи назаридан қарашни истардим.
- Ҳукуматнинг барча даражаларида қарор қабул қилиш жараёнида ошкоралик ва шаффофлик талаблари, уларнинг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилиниши таҳлил қиилнаётган ҳужжатда аниқ намоён бўлган асосий тамойилдир. Жамоатчилик эшитувлари, жамоатчилик мониторинги сингари механизмларнинг кенг қўлланилиши, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситаларининг ижобий ролининг эътироф этилиши. Мамлакат аҳолисининг ҳукумат қарорлари ва бошқарув фаолиятини баҳолашдаги иштироки кўплаб жиддий муаммоларни четлаб ўтиш, назария ва амалиётга ўз вақтида зарур тузатишларни киритиш имконини бериши вақт синовидан ўтган. Бундай сиёсат ҳақиқий демократия учун шароит яратади, қонун устуворлигини қарор топтиради.
Мурожаатнома мамлакат сиёсий элитасида ижобий баҳо олиши, эътиборни жалб қилиши ва ўзбек жамиятининг кенг қўллаб-қувватлашига қаратилганига қарамай, унда мамлакатдаги жиддий муаммо ва қийинчиликлар очиқ баён қилинган: ишсизлик, юз минглаб аҳоли (айниқса қишлоқ жойлар аҳолисининг) даромадининг пастлиги, коррупция, бошқарув кадрларининг етарлича даражада тайёрланмаслиги ва бошқа салбий жиҳатлар шулар жумласидандир. Бу ҳокимиятнинг ўзбошимчалик билан эмас, балки одамлар билан ҳалол ва очиқ мулоқотлар ўтказиш ниятини тасдиқлайди.
- Янги Ўзбекистонни барпо этишда мамлакат раҳбарияти ёшларга суянади. Ушбу муҳим тамойил 2021 йилни Ёшларни қўллаб–қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили деб эълон қилиниши билан тасдиқланади. Бу каби форматлар илгари нафақат Ўзбекистонда, балки бошқа мамлакатларда ҳам қўлланилган. Ушбу сиёсатнинг моҳияти ёшларнинг ўрта ва олий маълумот олиш имкониятларини кенгайтириш, кам таъминланган оилалардан чиққан истеъдодли йигит-қизларни маънавий ва моддий қўллаб-қувватлашдир. Бизнингча, мамлакатда табиий фанлар бўйича ихтисослаштирилган мактабларни яратиш тўғрисидаги қарорнинг қабул қилиниши, келгуси йилда таълимнинг устувор йўналишлари сифатида физика ва чет тилларининг ажратилиши қизиқ жиҳатлардандир.
Мурожаатномада кадрлар тайёрлаш соҳасида ўз ваколатларини тасдиқлаган олий ўқув юртлари автономиясини кенгайтириш зарурлиги аниқ баён этилади. 2021 йилда мамлакатдаги 30 та етакчи университетлар мустақил равишда ўз ўқув режаларини ишлаб чиқиши, қабул квоталарини белгилаши ва молиявий масалаларни ўзи ҳал қилиши режалаштирилмоқда. Олий таълим соҳаси вакили сифатида қабул қилинган ҳужжатда университетларнинг ҳаддан ташқари бюрократик раҳбарлигининг қисқариши, ҳаммани чарчатган “қоғозбозлик”нинг камайиши ва бошқа ижобий ҳолатлар пайдо бўлиш эҳтимоли бор деб биламан. Олий таълим муассасаларига илмий унвон ва илмий даражалар бериш ҳуқуқининг берилиши дунё тенденцияларига ҳам мос келади.
- Мурожаатнома юқорида айтилган ижтимоий адолат ва бирдамлик тамойили билан сингдирилган. Етим болалар, имконияти чекланган инсонлар ва даволанишга муҳтож беморларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатилиши керак. Президент давлат маблағларининг камтарона бўлган шароитида ўзбек жамиятининг анъанавий инсонпарварлигига мурожаат қилади, Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фондини ташкил этиш ҳамда Болалар омбудсмани тўғрисида қонун қабул қилишни таклиф этади.
- Мурожаатномада иқтисодий блок ҳам келтирилган. Бизнингча, унинг мазмуни ва уни амалга ошириш истиқболлари ташқи экспертлар томонидан ҳали узоқ вақт муҳокама қилинади. Унда давлатнинг иқтисодиётдаги кичик ҳомийлигини камайтиришга қаратилган чақириқ, мамлакатда товар ва молия бозорларида эркин рақобатни яратиш, фуқароларнинг тадбиркорлик ташаббусларини амалга ошириши учун уларга тенг шароитлар ва имкониятлар яратиш қайд этилади.
- Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, мурожаатномада ички ўзгаришларга халақит бераётган ташқи тўсиқларга ишора йўқ. Президент душман қидирмайди. Аксинча, у пандемия даврида ёрдам берган халқаро ташкилотлар, жумладан БМТ, ЖССТ, ҳорижий давлатлар раҳбарларига миннатдорчилик билдиради. Президент ЕИ, халқаро молия тузилмалари билан муносабатлардаги ижобий ўзгаришларни алоҳида қайд этади. Хулоса қилиб айтиш мукинки, Ўзбекистон ташқи оламда душман эмас, шериклар қидирмоқда!
Ўзбекистон Президентининг 2021 йилда белгиланган вазифаларни бажариш осон бўлмайди, деган фикрларига қўшиламан. Бироқ ўзимни оптимист деб ҳисоблайман ва юритилаётган сиёсат туфайли миллионлаб ўзбек фуқароларининг фаровонлиги юксалиши учун меҳмондўст Ўзбекистон кутилган муваффақиятларга эришишини тилайман. Ўзбекистоннинг ижобий тажрибаси ўтиш даврида “тўхтаб қолган” бошқа мамлакатлар томонидан, албатта, қўлланилади. Бу нафақат Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг миллий аҳамиятини, балки уларнинг халқаро эътироф этилишини ўз ичига олади.