Бош саҳифаЭ-мутолааСуд очерклариЎзганинг ҳақи ош бўлмас!

Ўзганинг ҳақи ош бўлмас!

Ҳаётий кузатувлар ўғрилик иллати бирдан пайдо бўлмаслигини исботлайди. Оиладаги муҳит, тарбия уни шакллантиради. Беписандлик, лоқайдлик ривож топдиради. Охир-оқибат…

Наманган вилоятидаги ўғрилик жинояти айни куч-қувватга тўлган, катталаримиз таъбири билан айтганда, “тоғни талқон қиладиган” йигит томонидан содир этилди. 23 ёшли Сафаев Умар (исм шарифлар шартли) аввал ҳам ўғрилик қилиб судланган. Ўшанда унга пушаймонлиги, оилавий шароити, ёшлиги, муқаддам судланмаганлиги каби бир қатор асослар билан ишонч билдирилиб, тўғри йўлга ўтиб олиши учун имкон берилган эди. Суд 2 йилу 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлаганди. Аммо орадан 4 ойгина муддат ўтиб Умар яна жиноятга қўл урди. Қизиғи шундаки, у ўғрилик жиноятини фирибгарлик билан ҳам амалга оширар, гоҳ алдов, гоҳ яширин тарзда кишиларни қақшатиб, мулкини талон-торож қиларди.

Наманган шаҳридаги “MEN-55” савдо мажмуасига кирган У. Сафаев 420.000 сўмлик эркаклар спорт кийими, 380.000 сўмлик “Nike” номли эркаклар спорт оёқ кийимини олиб сотувчининг олдига келади. Гўё шеригини кутаётган киши бўлиб бетоқатланиб ташқарига чиқиб келаверади ва охири сотувчига юзланиб, “Шеригим сартарошга кирганди, навбатда туриб қолди чоғи, шуни кўрсатиб келай, майлими?..”, – дея кийимларни олиб кетади. Дўкондан салгина нарида бўлган сартарошхонадан зумда чиқар деган хаёлдами ёки ўта ишониб кетгани учунми сотувчи рухсат бериб юборади ва моллар ҳам, “харидор” ҳам изсиз йўқолади.

Ўз қилмишини фош бўлмаслигига ишонган, қилаётган иши, келаётган текин даромад завқ берган Умар жиноий йўлида давом этади. У шаҳардаги 15-сонли мактабда қоровул бўлиб ишловчи Шокир Усаровга, нуфузли жойда ишлаши, уни тузукроқ ишга жойлаб қўйиши мумкинлигини айтади. Бунинг учун унинг паспорти лозимлигини айтиб ишончига киради ва Ш. Усаровга тегишли паспортни олиб, унинг 4.000.000 сўм қийматга эга бўлган “ASUS” номли ноутбугини киноларни кўчириб олиш баҳонасида олиб изсиз йўқолади.

Йўлида давом этган У. Сафаев “ЮРА” савдо дўконига бориб сотувчининг ишончига кириб, фуқаро Ш.Усаровга тегишли бўлган паспортни ўзиники деб бериб (шу қадар ишонишганки, паспортни очиб кўришмаган) 475.000 сўмлик кийим-кечакларни олиб чиқиб кетган.

Бундан ташқари Умар бир неча кишининг қимматбаҳо қўл телефонларини “гаплашиб олиш” учун олиб, фирибгарлик билан қўлга киритиб олиб қочиб кетиб талон-торож қилиб юборган.

Шунингдек, у хусусий дўконлардан бирига кириб, ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, у ерда бўлган 3.500.000 сўмлик музлатгич, 22.000.000 сўмлик музқаймоқ тайёрлаш аппаратини олиб чиқиб кетган.

У. Сафаевнинг кирдикорлари булар билан тугамаган. Наманган шаҳридаги “Камаро” ҳамда “Азизи” маҳаллаларидаги компьютер ўйинлари мажмуасига кириб 5.580.000 сўмлик “Play station-4” ўйин мосламаларини (2 дона) барча комплектлари билан олиб чиқиб кетган.

Тўғри йўлдан тойили, ўзлигини унутган У. Сафаевнинг кирдикорларига барҳам берилди. Албатта, қай бир жиноят изсиз кетибди-ки, у ўзгаларнинг мол-мулки ҳисобига кун кўриб, текин даромад топиб юраверса. Қолаверса, ўзганинг ҳақи асло ош бўлмаслиги ҳам бор гап.

Суд бу гал У. Сафаевга жиддий жазо тури белгилади. Унинг қилмишларини адолат тарозисига солиб, 6 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилишга ҳукм ўқилди.

23 ёшли қанчадан-қанча йигитлар ҳозир нуфузли жойларда раҳбар, мутахассис, фермер, катта тадбиркор, жаҳон спорт ареналарида юлдуз.

Тарбиянинг ноқислиги, фарзанд камолига эътиборсизлик сабаб бугун бир 23 ёшли йигитнинг ҳаёти барбод қилиб турибди. У ҳам аслида юқоридаги каби фахр-ифтихор сохиблари сафида бўлиши мумкин эди! Афсус…

Хулоса ўзингиздан. Жамият аъзолари сафига битта илми комил, маънан, руҳан ва жисмонан етук шахсни қўшиш ҳар биримиз учун ҳам эзгу мақсад, шундай эмасми?..

Келинг, шу мақсадимиз ривожи йўлида нафақат ўзимиз, атрофимиздагилар тақдирига ҳам беписанд бўлишдан сақланайлик. Зотан, юртнинг ҳар бир фарзанди – бизнинг фарзандимиз!

Жамшидбек Мамуров,
Наманган вилоят суди судьяси

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз