Bosh sahifaYangiliklarHuquqЎзганинг пул маблағларидан фойдаланганлик учун қандай жавобгарлик...

Ўзганинг пул маблағларидан фойдаланганлик учун қандай жавобгарлик бор?

Маълумки, фуқаролик қонунчилигида бошқа шахсларнинг пул маблағларидан фойдаланганлик учун моддий жавобгарлик белгиланган. Бундай жавобгарликни қўллаш асосларини таҳлил қилишда, аввало, қандай ҳолатлар ўзганинг маблағларидан фойдаланиш сифатида қаралиши мумкинлиги, унинг асосларини таҳлил қилиш зарурияти юзага келади. Фуқаролик кодексининг 327-моддаси 1-қисмида бошқа шахсларнинг пул маблағларини ғайриқонуний ушлаб қолиш, уларни қайтариб беришдан бош тортиш, уларни тўлашни бошқача тарзда кечиктириш ёхуд бошқа шахс ҳисобидан асоссиз олиш ёки жамғариш натижасида улардан фойдаланганлик учун ушбу маблағлар суммасига фоиз тўланиши кераклиги белгиланган.

Ушбу қоида пул мажбуриятларининг бузилиши учун жавобгарликни белгилайди. Мазкур норма фуқаролик-ҳуқуқий мажбуриятларнинг бошқа шаклларини бажармаганлик юзасидан келиб чиқадиган жавобгарликни тартибга солмайди, балки айнан пул мажбуриятларини бажармаганлик юзасидан келиб чиқадиган моддий жавобгарликка оид муносабатларнинг ҳуқуқий асосини белгилаб беради.

Пул мажбурияти бўйича жавобгарлик учун асос бўлиб ана шу мажбуриятнинг тегишли пул маблағларини муддатида қайтармасликда ифодаланган бузилиш факти хизмат қилади. Яъни ўзга шахснинг пул маблағларидан фойдаланганлик учун жавобгарликнинг келиб чиқиши учун шахс ўзга шахснинг пул маблағларини бирор фуқаролик-ҳуқуқий муносабат асосида қайтариши лозим бўлса-да ўз вақтида қайтармаган ёки ўзга шаклда қўлга киритиб, маблағларни оқилона муддатда эгасига бермаган бўлиши лозим. Мазкур жавобгарликнинг келиб чиқиши учун шу каби пул маблағларини қайтармаганлик муддати муҳимдир.

Жавобгарликни белгилаш учун маблағларни қарздор томонидан ноқонуний ишлатилиши эмас, балки мана шу вазият асосий аҳамият касб этади.

Пул малбағларидан тўлов воситаси сифатида, пуллик қарзни тўлаш воситаси сифатида фойдаланилаётган бўлса, Фуқаролик кодексининг 327-моддаси қоидалари асосида тарафларнинг муносабатларига нисбатан мажбуриятларни бузганлик учун жавобгарик қўлланмайди.

Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 7-боби, 94-моддасида пул нарса(буюм)ларнинг турлари қаторида фуқаролик ҳуқуқи обьекти сифатида келтирилган. Масалан, кредит ва бошқа шартномаларда пул шартнома предмети сифатида қаралади. Бу каби пул товар ролини ўйнайдиган муносабатларга нисбатан ўзганинг пул маблағларидан ғайриқонуний фойдаланиш учун жавобгарлик қўлланмайди. Фақатгина пул мажбуриятларини бажармаганлик ҳолатидагина жавобгарлик қўлланилади.

Фуқаролик кодексининг нормаларида маълум бир фуқаролик муносабатларга нисбатанайнан кодекс 327-моддасида назарда тутилган қоидалар қўлланилиши ҳам белгиланган. Масалан, қарз шартномаси умумий қоидага кўра ҳақ эвазига тузиладиган шартнома ҳисобланади, фоиз миқдори эса (агар фақат қонун ёки шартномада фоиз тўланмаслик хусусияти ўрнатилмаган бўлса), Фуқаролик кодексининг 734-моддасига биноан шартнома билан белгиланади. Ушбу шартномада фоиз миқдори ҳақида тўғридан-тўғри кўрсатмалар бўлмаса, бошқа шахсларнинг пул маблағларидан фойдаланганлик учун фоиз тўлаш фуқаролик кодексининг 327-моддасидаги қоидаларга биноан амалга оширилади.

Ушбу моддада белгиланган бошқа шахсларнинг пул маблағларини ғайриқонуний ушлаб қолиш, қайтариб беришдан бош тортиш, тўлашни бошқача тарзда кечиктириш ёхуд бошқа шахс ҳисобидан асоссиз олиш ёки жамғариш натижасида улардан фойдаланганлик учун ушбу маблағлар суммасига фоиз ундиришни фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарликнинг алоҳида, ўзига хос бир чораси деб ҳисоблаш мумкин.

Пул мажбуриятининг бажарилмаслиги, яъни тегишли пул маблағларининг қайтарилмаслиги учун жавобгарлик қўлланилиши учун қуйидаги асослар бўлиши лозим:

— пулни ғайриқонуний ушлаб қолиш;

—      пулни қайтариб беришдан бош тортиш;

—      пул бўйича тўловни бошқа тарзда кечиктириб юбориш;

—      пулни бошқа шахс ҳисобидан асоссиз равишда олиш;

—      бошқа шахс ҳисобидан асоссиз жамғариш.

Асоссиз ушлаб қолиш қонунга зид равишда ушлаб қолишдир. Бунда пуллар қай тарзда қарздорга ўтиб қолганлигининг, яъни қонунийми ёки ғайриқонунийми эканлиги аҳамият касб этмайди. Масалан, “Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий  ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан 2019 йилнинг учинчи чорагида назорат тартибида кўрилган ишлар бўйича суд амалиёти Обзори”да келтирилган иқтисодий суд ишида (жавобгар) АТ “Микрокредитбанк” филиали ва (даъвогар) “Шамс” МЧЖ ўртасида номуайян муддатга тузилган банк-ҳисобварағи шартномаси шартларига кўра, “Банк” мижозга банк ҳисобварақларини очиш, унинг ҳисобварағига келиб тушаётган пул маблағларини қабул қилиш ва киритиб қўйиш, мижознинг ҳисобварағидан тегишли пул маблағларини ўтказиш ва тўлаш, касса хизмати кўрсатиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш мажбуриятини олган.

Бироқ, жавобгар Марказий банк томонидан тасдиқланган ва 2009 йил 16 мартда Адлия вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтказилган “Ўзбекистон Республикаси банкларида очиладиган банк ҳисобварақлари тўғрисида”ги 1948-сонли Йўриқнома талабларига амал қилмасдан уни бир неча маротаба бузиб, даъвогарнинг ҳисоб рақамига келиб тушган маблағлардан 2013-2016 йилларда жами 13 767 934 сўм миқдорида банк хизмати олиб даъвогарга зарар етказган.

Жавобгар томонидан тарафлар ўртасида 2013 йил 22 сентябрда имзоланган 45-сонли банк-ҳисобварағи шартномасига зид равишда 2014-2016 йилларда пул маблағларини нотўғри ундириб олганлиги сабабли, туманлараро иқтисодий судининг бошқа иш бўйича қабул қилган ҳал қилув қарори билан 10 462 718,31 сўм пул маблағлари даъвогарнинг фойдасига ундириб берилган.

Шундан кейин даъвогар туманлараро иқтисодий судига мурожаат қилиб ўзининг пул маблағларини банк томонидан ғайриқонуний ушлаб қолиниб фойдаланилганлиги учун ундан 4 596 566 сўм фоиз ундиришни сўраган.

Қайтариб беришдан бош тортиш ҳолатларида пул маблағларини мулкдордан олган шахс уларни қайтариб беришдан бош тортади. Мулкдор томонидан қарздорга пул маблағларини беришга нима асос бўлганлигининг бу ўринда аҳамияти йўқ.

Пул маблағларини қайтариб беришдан бош тортиш билан боғлиқ муносабат мазмунини тушуниш учун суд амалиётидан мисол келтириладиган бўлса, Оқолтин туманлараро иқтисодий судининг 2020 йил 25 декабрдаги 4-1204-2011/809-сонли ишида Ўзбекистон савдо-саноат палатаси Тошкент шахар ҳудудий бошқармаси “ААА” АЖ манфаатида, жавобгар “ХХХ” МЧЖдан 1 160 946 000 сўм асосий қарзни ундириш тўғрисидаги даъво киритади. Унда кўрсатилишича тарафлар ўртасида 2018 йил 12 январда тузилган №10/Z007-сонли заём шартномасига асосан, даьвогар “ААА” АЖ жавобгар “ХХХ” МЧЖга “ЛЛЛ” акциядорлик жамиятидан қишлоқ хўжалик техникаларини сотиб олиши учун молиявий таьминланлаш мақсадида 3 853 793 000 сўм миқдорда заём маблағларини ажратиши, жавобгар даьвогарга ажратилган заём маблағларини 5 фоизлик устамаси билан қайтариш мажбуриятини олган. Бироқ жавобгар шартнома шартларини бузиб, берилган заём маблағларидан фойдаланиб келган бўлсада, 837 781 000 сўм асосий заём қарздорлиги, 323 165 000 сўм заём фоизидан қарзи, жами 1 160 946 000 сўм заём қарзини қайтариб тўламаган, даьвогар томонидан 2020 йил 30 июл куни юборилган №08-03/03-823/5-сонли талабномага жавоб бермаган. Суд даьвогар томонидан тақдим этилган иш материаларини кўриб чиқиб, қуйидаги асосларга кўра даъво талабларини қаноатлантирган: Фуқаролик кодексининг 732-моддасига асосан қарз шартномаси бўйича бир тараф иккинчи тарафга пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни қайтариб бериш мажбуриятини олади. Иш ҳужжатларига кўра, тарафлар 2018 йил 12 январда тузилган №10/Z-007-сонли заём шартномасига асосан ҳуқуқий муносабатга киришган. Мазкур шартномага кўра, даьвогар жавобгарга 3 853 793 000 сўм миқдорда қишлоқ хўжалик техникалари ва уларга эҳтиёт қисмлари сотиб олиши учун заём ажратган. Бироқ жавобгар даьвогар томонидан берилган заём ва ундан фойдаланганлиги учун фоиз тўловларини тўламаган ва ушбу кунга келиб даьвогар олдида 1 160 946 000 сўмлик қарзи вужудга келган. Мазкур ҳолатда, жавобгарнинг даъвогар олдидаги пул маблағларини қайтариш мажбуриятини бажармаслиги ўзганинг пул маблағларини қайтаришдан бош тортиш деб талқин қилиниши мумкин.

Тўловни бошқа тарзда кечиктиришнинг маъноси шартномада ва худди шу каби, қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган пул маблағларини тўлаш муддатининг ҳар қандай кечиктирилишини англатади.

Масалан, даъвогар “Шодлик” МЧЖ хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, “Баҳор” масъулияти чекланган жамиятидан (жавобгар) етказиб берилмаган маҳсулот қийматига нисбатан ҳисобланган 20.445.000 сўм пеня, 4.815.000 сўм фоиз ундиришни сўраган.

Суд ишни кўриб чиқиб, Фуқаролик кодекси 327-моддаси асосида даъвогарнинг банк фоизи талабини банкнинг қайта молиялаш ставкасидан кам бўлмаган миқдорда ундириши лозим деб ҳисоблаган. Шу боис жавобгардан даъвогар фойдасига банкнинг қайта молиялаш ставкаси 12 фоиз миқдорда бўлганини инобатга олиб, 4.815.000 сўм фоиз ундиришни лозим топган.

Пулни бошқа шахс ҳисобидан асоссиз равишда олиш ҳолатига мисол сифатида, бирон шахс қонун ҳужжатларида ёки битимда белгилаб қўйилмаган асосларда бошқа шахснинг пул маблағлари ҳисобига мол-мулк сотиб олиб, пул маблағларини қайтармаган ҳолатни тушуниш мумкин.

Бошқа шахс ҳисобидан асоссиз жамғариш бу — асоссиз олишдан фарқли ўлароқ, шахс томонидан сарфланиши шарт бўлган пул маблағлари суммасининг ҳаражатни бошқа шахс амалга оширгани сабабли сақлаб қолиниши англашилади.

Юқорида таҳлил қилинган асослар ўзганинг пул маблағларидан фойдаланганлик учун жавобгарликни келтириб чиқарувчи умумий сабаблардир.

Бозор қонуниятларига асосланган иқтисодий тараққиёт ва ижтимоий ривожланиш мамлакатимиз келажаги учун пойдевор яратиш, аҳоли турмуш тарзи ва фаровонлигини ошириш, уларнинг кундалик эҳтиёжларини тўлақонли қондириш каби мақсадлар билан йўғрилган. Зеро, янгидан-янги иқтисодий ва ҳуқуқий муносбатлар таркиб топаётган ҳозирги шароитда пул муносабатларини тартибга солиш билан боғлиқ масалалар ва уларнинг ечимига доир илмий-назарий ҳамда амалий натижалар халқ манфаатлари йўлида хизмат қилади ва демократик ҳуқуқий давлат қуриш йўлидаги ижобий фаровонликка муносиб ҳисса қўшади.

 

Шоира ЭРМЕТОВА,
Судьялар Олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби иқтисодий гуруҳ тингловчиси

Ijtimoiy tarmoqlar

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

So‘nggi yangiliklar

Tavsiya etamiz