Бугун ижодий жамоамиз бир саволга бир жавоб олиш мақсадида ёзувчи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Луқмон Бўрихон билан телефон орқали боғландик.
— Бугунги тезкор, шиддатли, буюк кашфиётлар замонида, медиаолам башариятнинг тафаккур нуқтасини маҳв этган даврда Инсон учун энг муҳим нарса нима деб ўйлайсиз?
— Инсоният яралибдики, уч нарсани орзу қилади:соғлик-омонлик, фаровонлик, узоқ умр. Яшашдан, тиркликдан энг олий мақсад ҳам шу! Шу мақсад йўлида меҳнат қилади, курашади,талашиб-тортишади, жангга киради. Эҳ, ўша уч орзуни рўёбга чиқариш учун не бир ишларга журъат этмадик дейсиз: турли қуроллар ўйлаб топилди, электр кашф этилди, поезд, автомобиль ихтиро қилинди. Ҳар бир кашфиёт инсонга олам-олам қувонч бахш этди. Чунки қулайликлар кетидан қулайликлар, имкониятлар ортидан имкониятлар пайдо бўлаётгандай туюлди. Ана энди, иллатлардан қутиламиз, ана энди, турмушимиз фаровон бўлади, деган хаёлга борилди. Худди шу хаёллар оғушида туртиниб-суртиниб атом, электрон асрига ҳам етиб келдик. Аммо бобо-момолардан мерос ўша орзу бир қатра ҳам жойидан жилмади. Ҳали-ҳануз инсоният ўша уч мурод-мақсад куйида жонсарак юрибди: соғлик-омонлик, фаровонлик, узоқ умр. Цивилизация деганлари ҳам наф бермади. Аксинча, инсониятни уч-қуйруқсиз муаммолар гирдобига ташлади. Ўзимиз яратган буюк кашфиётлар ўзимизга халақит бериб қолди. Энди шу кашфиётлар балосидан қандай қутилишни билмай бошимиз гаранг. Масалан, мобиль алоқа анжомлари, интернет каби қалб ва руҳ қотилларини олайлик. Албатта, бу воситалардан тўғри фойдаланса, инсонга фақат яхшилик олиб келади, дея эътироз билдиришингиз мумкин. Хўш, тўғри фойдаланиш деганда нимани тушинамиз? Албатта, жавобимиз тайёр: тезкор ахборотга эга бўлиш, зарур илмий, расмий манбааларни топиб улардан фойланиш. Лекин илгари улуғ олимлар буюк кашфиётлар қилишганда, дурдона асарлар яратишганда ҳеч қандай интернет, мобил алоқа каби қулайликлар, шарт-шароитлар бўлмаган-ку. Ҳали-ҳануз ўша илмий, бадиий яратиқларни кўзга суртиб юрамиз. Аммо юқорида тилга олинган замонавий технологиялар, бемисл имкониятлар пайдо бўлгандан бери , масалан, адабиётда, санъатда тузук-қуруқ асарлар дунёга келганини билмаймиз. Ур-сур, шовқин-сурон, беҳаё, бемаза нарсалар кўпайди, холос. Замонавий юксак тараққиёт деганимиз фақат моддиятда кўринади. Улар моддий эҳтиёжлар учун хизмат қилмоқда. Қалбни, руҳни топтаб, қиймалаб ташлади. Бугун чуқур мазмун-моҳиятга, фалсафага эга битиклар одамларни деярли қизиқтирмай қўйди. Чунки уларнинг мағзини чақишга, ўйлаш, тафаккуур юритиш завқидан баҳраманд бўлишга вақт йўқ. Пул, маблағ топиш керак. Шу йўлда кечаю кундуз саросар югурамиз. Чунки бу нарсаларсиз жисмонан мавҳ бўлишдан қўрқамиз. Айнан, жисмонан. Маънавий, руҳий ўлим катта талофат саналмай қолди. Лекин маънавий, руҳий таназзул ортидан жисмонан ҳам йўқ бўлиб кетишимизни билмаймиз. Соғлик-омонлик, фаровонлик, узоқ умр деб аталган ўша орзу, ўша мурод-мақсадларга етишолмай, атрофида бамисли парвона каби айланаверамиз. Албатта, ҳаёт шу экан деб қараб туришимизга ҳам ҳаққимиз йўқ. Бугун маънавият, руҳият нажот сўраб чирқиллаб турибди. Менимча, уларни фақатгина адабиётгина қутқара олади. Аммо бунинг учун аввало адабиётнинг ўзини қутқаришимиз керак. Саёзликдан, мафкуравий босимдан, қашшоқликдан, жўнликдан, жоҳилликдан тозалашимиз керак. Уни яна юрагимиз меҳробига айлантиришимиз зарур. Чунки адабиёт бор жойда шафқат, оқибат, имон-эътиқод бўлади. Худди шу хислатлар бор экан инсон яшашга ҳақли саналади.
Hudud24.uz