ВАТАН. Бу нақадар қадрли, она каби муқаддас калом. Дунё харитасида “Ўзбекистон” дея ном олган диёр – бизнинг Она юртимиз, киндик қонимиз тўкилган гўша. Бинобарин, уни ҳимоя қилиш ҳар бир эр кишининг муқаддас бурчидир. Бугун эса ана шундай фидоий, мард ва жасур ўғлонлар, Ватан учун жон олиб, жон берган инсонлар байрами.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ўтган 29 йил мобайнида мамлакатимиз мудофаа тизими, қуролли кучларимиз бутунлай янгича тарзда шаклланди. Айниқса, сўнгги 4 йил мобайнида Президентимиз, Қуролли кучлар Олий бош қўмондони Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси ўлароқ, республикамиз дунё рейтингида юқори ўринларга кўтарилди. Буни Халқаро армия ўйинларида вакилларимиз қўлга киритган ғалаба ҳам тасдиқлаб турибди.
Бундан ташқари, армиямиз жаҳон ҳарбий қурилишининг энг илғор тажрибаларини ўзида мужассам этган бўлиб, айни пайтда миллий жанговар анъаналаримизни юксак садоқат билан давом эттирмоқда. Шу билан бирга, минтақамизда рўй бериш эҳтимоли мавжуд бўлган ҳарбий ҳаракатлар ва жанговар амалиётлар ҳам ҳар томонлама эътиборга олинмоқда. Ҳарбий ўқув юртларимиздаги таълим тизими тубдан ўзгариб, уларда бўлғуси офисерларни тайёрлаш ва тарбиялаш ҳозирги замон талабларига тўла мос келадиган, принципиал жиҳатдан мутлақо янги бўлган ўқув-техник ва маънавий-аҳлоқий асосда йўлга қўйилган. Натижада эса армиямиз сафларига, авваломбор, мустақил ва суверен Ўзбекистонимизга хизмат қилиш, унинг манфаатлари ва сарҳадларини, халқимизнинг тинч ва осуда ҳаётини ҳимоя этишга азму қарор қилган мард ва фидойи, интеллектуал жиҳатдан тарбия топган етук кадрлар келади.
Айни пайтда юртимиз ўғлонлари буюк бобокалонимиз – Соҳибқирон Амир Темурга муносиб ворис сифатида хизмат қилишмоқда. Чунки азму шижоат, мардлик ва донишмандлик рамзи бўлган бу мумтоз сиймо буюк салтанат барпо этиб, давлатчилик борасида ўзидан ҳам амалий, ҳам назарий мерос қолдирди. Илму фан, маданият, бунёдкорлик, дин ва маънавият ривожига кенг йўл очди. Юқорида келтирилган фикр-мулоҳазалар ва далиллардан кўриниб турибдики, давлат арбоби ёшлигидан жуда тадбиркор, ишнинг кўзини биладиган киши бўлган, у айниқса, бошқарувнинг нозик, кўпчилик учун тушуниш қийин бўлган сирларини яхши ўзлаштирган. Соҳибқироннинг дунёқарашида давлатга, ҳарбий ишларга бўлган қизиқиши ёшлигидан уйғонади. Шу боис уламолар уни имтиҳон қилиб, қувваи ҳофизасига тасаннолар айтишган.
Албатта, Ватан остонадан, инсон яшаб, нафас олиб турган гўшадан бошланади. Бинобарин, ҳар бир инсон Ватанга меҳр-муҳаббат ва садоқатда бўлиши, унинг ҳар бир ҳовуч тупроғини кўзига тўтиёдек суриши, Она юртга фидоийлик билан яшаши ҳам фарз, ҳам қарздир. Бундай туйғулар инсон онги шуурига ёшликдан, таълим муассасасидан сингдирилиши лозим. Ёшларни ҳарбий хизматга кузатиш маросимларининг тантанали тарзда ўтказилиши ҳам ватанпарварлик ҳиссини юксалтиради. Шу маънода айтганда, адлия органлари томонидан аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, қонунларга ҳурмат руҳини шакллантириш, ёшларни ватанга садоқатли, мард ва жасур авлодлар сифатида камол топишларини таъминлаш мақсадида жойларда олиб борилаётган ҳуқуқий тарғибот тадбирларининг аҳамияти беқиёс бўлмоқда. Негаки биз ёш авлодни баркамол инсонлар қилиб тарбияласак, уларда ор-номус, миллий ғурур туйғуларини изчил шакллантириб борсак, Ватанимиз шунчалик қудратли давлатга айланади. Бу борадаги ютуқлар билан эса юртимизда истиқомат қилаётган, миллати, дини ва эътиқодидан қатъи назар, ҳар бир инсон ҳақли равишда фахрланса арзийди.
Азизжон ЭРГАШЕВ,
Ўзбекистон туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси