ЯнгиликларМаҳаллий“Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши томонидан пресс-тур ташкил этилди

“Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши томонидан пресс-тур ташкил этилди

Бугун Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти томонидан Ташкилот ҳузуридаги Республика техник ва амалий спорт турлари марказида ОАВ ходимлари учун пресс-тур ташкил этилди.

Тадбир бошида “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши раиси Ҳусан Ботиров раислигида брифинг ташкил этилди. Ҳ.Ботиров тадбирда иштирок этаётган журналистлар ва блогерларни яқинлашиб келаётган “27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни” муносабати билан табриклади.

У, шунингдек, эндиликда ҳар йили 1991 йил 23 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти ташкил этилган кун муносабати билан истеъдодли журналистлар ва блогерлар учун танлов ўтказиб борилишини эълон қилди.

Маълум бўлишича, “Ватанпарвар” ташкилоти – журналист нигоҳида” мавзуидаги республика танлови “Энг яхши теле-журналист”, “Энг яхши радио-журналист”, “Энг яхши босма ОАВ журналисти”, “Энг яхши Интернет-нашр журналисти” номинациялари бўйича ўтказилади. Танловда мамлакатимиз ҳамда бошқа давлатларда яшовчи барча истеъдодли журналист ва блогерлар иштирок этишлари мумкин. Танлов комиссияси ҳар йилнинг 23 ноябрига қадар энг яхши ишларни танлаб, ғолиб ва совриндорларни аниқлайди.

Ҳ.Ботировнинг яна билдиришича, “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши томонидан “Шунқорлар” ҳарбий-спорт ўйинлари қайта тикланган.

Барчага маълум, “Шунқорлар” ҳарбий-спорт ўйинлари айрим сабабларга кўра бир неча йилдан буён ўтказилмай келинаётган эди.

“Ватанпавар” ташкилоти томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда мамлакатимизда ўсмирлар ва ёшларни Қуролли Кучлар сафларида хизмат қилишга тайёрлаш мақсадида ташкил этиладиган “Шунқорлар” ҳарбий-спорт ўйинлари шу ой охирида бошланади.

Брифинг якунида Ҳ.Ботиров республика бўйлаб “Ватанпарвар” ташкилоти тизимидаги автомототранспорт ҳайдовчиларини тайёрлаш курсларида ўқиётган “Темир дафтар” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган эҳтиёжманд оилалар фарзандлари сони 8 612 нафарга етганини маълум қилди.

Сўнгра “Ватанпарвар” ташкилоти тизимидаги спорт секциялари ва тўгараклари ҳамда спорт техникалари кўргазмаси намойиш этилди. Журналистларга Ташкилот тизимидаги автокросс, мотокросс, картинг, триатлон, дуатлон, ёзги биатлон, пневматик қуроллардан ўқ отиш, авиамодел, ракетамодел, кемамодел, радиоспорт каби спортнинг техник ва амалий турлари ҳақида тушунчалар берилди.

Тадбир давомида, айниқса, Ташкилот тизимида тайёрлантирилаётган хизматчи итлар иштирокидаги намойиш журналист ва блогерларнинг олқишларига сазовор бўлди.

Брифингдан сўнг журналистлар ва блогерлар ўртасида спортнинг пневматик қуролдан ўқ отиш мусобақаси ташкил этилди. Тадбирда ОАВ ходимлари энди журналистик фаолиятда эмас, ўқ отиш мусобақасида астойдил куч синашдилар.

Ҳамкасблар ўртасида муросасиз ва қизғин кечган беллашув қуйидаги натижалар билан якунланди:

Эркаклар ўртасида:

1-ўрин: Низомжон Исломов (“Aniq.uz” веб-сайти мухбири);

2-ўрин: Абдумўмин Абдусаматов (“Тошкент” телеканали журналисти);

3-ўрин: Саидолим Расулов (“Спорт” телеканали мухбири).

 

Аёллар ўртасида:

1-ўрин: Шафоат Толибжонова (“Спорт” телеканали бўлим бошлиғи);

2-ўрин: Лаура Закирова (“Спорт” телеканали муҳаррири);

3-ўрин: Дилноза Муртазаева (“Спорт” телеканали муҳаррири).

Шу билан бирга, “Ватанпарвар” ташкилоти фаолияти кенг ёритилишида улкан ҳисса қўшиб келаётгани учун “27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни” муносабати билан Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг “Uza.uz” веб-сайти таҳририяти бош муҳаррири Аслиддин Суюнов, “Ўзбекистон 24” телеканалининг Янгиликлар бўлими бошлиғи Норбек Ниёзов, “Спорт” телеканали катта муҳаррири Норали Очилов ва “Янги Ўзбекистон” газетаси мухбири Рисолат Мадиевага ташаккурномалар топширилди.

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img