Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистон“VERSACE” брендидан фойдаланиб, истеъмолчини чалғитган ҳуқуқбузар

“VERSACE” брендидан фойдаланиб, истеъмолчини чалғитган ҳуқуқбузар

Бугунги кунда савдо расталарида турли туман маҳсулотларни учратиш мумкин. Маҳсулот номи жарангдорлиги эса истеъмолчини жалб қилишда муҳим аҳамиятга эга.

Айрим “тадбиркор”лар истеъмолчи талаб ва таклифларини, бозорда харидоргир маҳсулотни ўрганишади, барча имкониятларни ишга солиб, бизнес бошлаш учун катта маблағ сарфлашади. Аммо негадир ном танлашга келганда дангасаликлари тутиб, хамирдан қил суғургандай машҳур бренд номини ўғирлаб, ўз маҳсулоти этикеткаси ёки қадоғига муҳрлашади. Бу эса истеъмолчини чалғишига, ўзи хоҳлаган товарни эмас балки оригиналга ўхшаш контрафакт товар харид қилишга сабаб бўлади.

Товар сифати кутилганидек чиқмай қолса, аттанг, сифати бузилибди-да, деб бошқа бу товарни харид қилмай қўяди. Бундан эса асл товар эгаси катта зарар кўради. Негаки у товарга бўлган ишончни йиллар давомида мисқоллаб йиққан бўлади. Бу каби мисолларни кўплаб учратиш мумкин.

Пойтахтимизнинг Ўрикзор савдо мажмуасида контрафакт маҳсулотлар айланмаси юзасидан мониторинг олиб борилганда айнан шундай вазиятга дуч келинди. Ўрганиш давомида Италиянинг “GIANNI VERSACE S.R.L” компаниясига тегишли бўлган товар белгисига адаштириб юбориш даражасида ўхшаш бўлган “VERSACE” номи остида парфюмерия маҳсулоти сотилаётганлиги аниқланди ва тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилди.

Аслида ҳуқуқбузар томонидан рухсатсиз фойдаланилаётган “VERSACE” сўзи “GIANNI VERSACE S.R.L” (Италия) томонидан халқаро Мадрид тизими орқали Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муҳофаза қилиниб келинмоқда. Шу боис, “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги қонунга биноан товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгиси билан белгиланган товарни рухсатсиз тайёрлаш, қўллаш, олиб кириш, сотиш, адаштириб юборадиган даражада айнан ўхшаш бўлган бир хил кўринишдаги товарларни ишлаб чиқариш товар белгисига доир мутлақ ҳуқуқни бузиш саналади.

Шундай экан, ўз маҳсулотингизга ҳеч кимникига ўхшамаган ном танланг ва харидорлар ишончини қозонинг. Ҳалол рақобат орқали бозорда ўз нуфузингиз, обрўингизга эришинг.

 

Ферузбек Жўраев,
Интеллектуал мулк агентлиги матбуот котиби 

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз