Ҳуқуқий билимлар ҳар биримиз учун керак ва ҳар доим керак. Шу боис ҳар йили анъанавий тарзда республикамиз бўйлаб Адлия вазирлиги қошидаги “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази томонидан нашр этилаётган ҳуқуқий адабиётларнинг кўргазма-ярмаркалари ташкил этилади.
Бугун ана шундай кўргазма-ярмаркаси вилоят адлия бошқармаси билан ҳамкорликда Наманганда ташкил этилди. Унда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар масъул ходимлари, Наманган давлат университети ҳамда юридик техникум ўқитувчи ва талабалари ҳам иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси кодекслари, “Болалар учун юридик энциклопедия”, “Ёшлар учун юридик энциклопедия”, “Аёлларга ҳуқуқий мадад” номли амалий қўлланмалар ва бир қатор ҳуқуқий адабиётлар кўпчиликда қизиқиш уйғотди.
Ушбу кўргазма-ярмаркада шунчаки вақтини бекор ўтказувчилар эмас, балки реал харидорлар, соҳанинг чинакам билимдонлари ва фидойилари, китобни чиндан қадрловчилар иштирок этгани қувонарли.
Ҳуқуқий адабиётлар кўргазма-ярмаркалари вилоятларимиз бўйлаб давом этади.