Бугунги кунда мамлакатимизда кенг кўламли суд-хуқуқ ислоҳотлари амалга оширилмоқда. Мазкур ислоҳотларни мантиқий давоми сифатида фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш, жумладан, Фуқаролик кодексини янги таҳрирда қабул қилиш ишлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 апрелдаги Ф–5464-сон фармойишида белгиланганидек, Ўзбекистон Республикаси фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш зарурати келиб чиқди ва шу фармойиш асосида янги Фуқаролик кодексининг лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳада назарда тутилган ҳар бир модданинг моҳиятини кенг оммага етказиб бериш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби ҳамда Республика Нотариал палата ҳамкорлигида 2021 йилнинг 30 апрель куни “Ўзбекистон Республикасининг янги Фуқаролик кодекси лойиҳаси муҳокамада: ворислик институтини такомиллаштириш масалалари” мавзусидаги давра суҳбати ташкил этилди.
Давра суҳбати очиқ мулоқот тарзида ўтказилиб, унда таниқли ҳуқуқшунос олимлар, судьялар, профессор-ўқитувчилар, Ўзбекистон Республикаси Нотариат палатаси ходимлари ва хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар ҳамда илмий изланиш олиб бораётган докторант тадқиқотчилар тадбирда фаол иштирок этиб, амалдаги Фуқаролик кодексида мавжуд муаммолар ва уларнинг янги таҳрирдаги кодекс лойиҳасидаги ворислик ҳуқуқига оид муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақида қизғин баҳс мунозара асосида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Ворислик ҳуқуқи бўйича, хусусан, эр-хотиннинг биргаликдаги васиятномаси ва мерос шартномасига оид қоидаларни киритиш, мерос қолдирувчи ва меросхўр кредиторларининг ҳимоясини кучайтириш, меросни қабул қилиб олиш муддатларини белгилаш йўли билан мерос ҳуқуқини такомиллаштиришни назарда тутувчи нормалар аниқлаб олинди. Фуқаролик қонунчилигининг мерос ҳуқуқига оид нормалари хатловдан ўтказилиб, натижалари умумлаштирилди.
Оила ва мерос ҳуқуқи ишчи гуруҳи томонидан ўрганишлар натижасида Фуқаролик кодекси лойиҳасига бир қанча янги ҳуқуқ институтлари киритилди.
Хусусан, ворислик тўғрисидаги умумий қоидаларда ворислик тушунчаси белгиланди ва таъриф берилди.
Жумладан, вафот этган шахснинг мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларининг бошқа шахсларга (меросхўрларга) ўтиши юридик факт сифатида қаралиб, императив норма мақомини белгилайди.
Ворисликни қабул қилиш асослари аниқлаштирилди.
Амалдаги фуқаролик қонунчилигига мувофиқ ворислик васият ёки қонун бўйича амалга оширилган.
Мерос таркибидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлар бойитилмоқда. Хусусан, мерос таркибига мерос қолдирувчининг вафотига қадар расмийлаштирилмаган мулкий ҳуқуқлари, шу жумладан, уларни рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқини расмийлаштириш учун зарур бўлган ҳуқуқлар ҳам киритилмоқда.
– Амалиётда мерос қолдирувчи мол-мулк сотиб олган (автотранспорт, турар жой ва бошқалар), бироқ мол-мулкни расмийлаштириш жараёни унинг ўлими сабаб амалга оширилмаган ёки якунланмаган ҳолатлар кўп учрайди, – дейди Ўзбекистон Нотариал палатасининг Нотариат бўлими бошлиғи Зуҳра Мусаева. – шу сабабдан, меросхўр бўлиши мумкин бўлган юридик шахслар тушунчаси аниқлаштирилди. Фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш концепциясига мувофиқ, турлича шарҳланадиган ёки амалиётда қўлланиши масаласида тушунтиришларни талаб қиладиган нормаларни чиқариб ташлаш ёки такомиллаштириш белгиланди. Меросхўр нолойиқ деб топилган ҳолларда мол-мулкни қайтариш мажбурияти аниқлаштирилди. Хусусан, ворисликдан четлатилган шахс, яъни нолойиқ меросхўр меросдан қабул қилиб олган барча мол-мулкни қайтариб бериши белгиланди.
Фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш концепциясига мувофиқ мерос ҳуқуқини, хусусан, мерос қолдирувчи ва меросхўр кредиторларининг ҳимоясини кучайтириш йўли билан такомиллаштирилди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, янги таҳрирдаги Фуқаролик кодексига киритилган ворислик тўғрисидаги умумий қоидаларга тааллуқли янги ҳуқуқий институт ва нормалар фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар иштирокчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоялашга хизмат қилади.