Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонЯқин қариндошига турмушга чиққан аёл 4 фарзандини...

Яқин қариндошига турмушга чиққан аёл 4 фарзандини тупроққа қўйди, энди набираси ҳам ногирон туғилди

Яқин қариндошига турмушга чиққан аёл 4 фарзандини тупроққа қўйди, ягона қизи ҳам ногирон фарзанд кўрди – энди набираси ҳам ногирон туғилди

Туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олгани келган бир опа бино бурчагида ерда бошини чангаллаб ўтирарди, ёнидаги йигит ҳам афтодаҳол эди. Биз ажрим масаласида келишгандир, деб ўйладик. Ўзига келиб олиши учун сув тутқазиб, ўтиргани стул бердик.

Аёл «томоғимдан сув ҳам ўтмайди, совуқ ерга фақат ўтирсам, дейман», деди. Ана шунда унинг кўзидаги чуқур мунгни кўриб кўнглимиз чўкди. Аёлни куттирмай ичкарига таклиф қилдик. Ёнидаги йигит қизининг турмуш ўртоғи — куёви экан. У туғуруқхонадан берилган ID рақам ва туғилган чақалоқ онасининг фуқаролик паспортини узатди.

Янги меҳмон муборак бўлсин, дедик!

Бу гапимиз тутаб турган чўғни алангалатгандек бўлди, аёл йиғлаб юборди. Сабабини сўрадик. Аёл дардини айтди:

– Ота-онамга ёлғиз фарзандман. Бобо-бувим эрта оламдан ўтиб кетишган экан, ҳовли-жойлар отамга қолган. Аммам “қизингизни чиқарсангиз бу уйлар бегонага насиб қиладими”, деявериб, миясига қуйган экан, мени болалигимдан аммаваччамга унаштиришди. Йиллар ўтиб, у билан турмуш қурдик. Тўғриси, эримнинг феъли жуда яхши, беозор. Кетма-кет фарзанд кўрдик, аммо ҳар гал бу бахтимиз аянчли бўлди, болаларимиз туғма ирсий касаллик билан туғиларди, кўп яшамай вафот этишарди. Умида тўртинчи фарзандимиз. Худога шукур у соғлом туғилди. Тўрт йилдан кейин унинг укаси дунёга келди, бироқ у ҳам ногирон эди. Ўтган йили ўн етти ёшида тупроққа қўйдик. Ундан кейин бола кўришга эр-хотин қўрқиб қолдик.

Умидамни яхши жойга узатдик. Бахтиқаро оналикнинг азобини мен биламан, асло бу дунёда ҳеч кимга раво кўрмайман. Болаларимизнинг бундай бўлиши сабаби эрим билан қариндошлигимиз эканлигини англаб етгандик, шунинг учун қизимизни етти ёт бегонага бердик.

Пешонам қурсин, қизимнинг боласи ҳам нуқсонли туғилди. Хатойимиз энди бизни таъқиб қилаверадими?!

Опанинг бу саволи олдида мулзам тортгандек ўтирардик…

Мутахассис-шифокорларнинг қайд этишича, ирсий касалликлар ирсий ахборотни наслдан-наслга ташувчи генларнинг ўзгаришлари натижасида юзага келади, генларнинг кўпчилиги танада яширин ҳолда сақланади, бу манбалар бир-бирига ўхшаш генли ота-оналар орқали фарзандларга ўтиб қўшилиши оқибатида ирсий касалликлар болаларда намоён бўлиш хусусиятига эга экан.

Қариндошга қиз узатаётган, қариндошидан келин қилаётган ота-оналар, огоҳ бўлинг, сизни бундай қисмат кутмаётганига ҳеч қандай кафолат йўқ!

Рустам Наврўзов,
Когон туман адлия бўлими, ФҲДЁ бўлими II-тоифали инспектори

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз