— Опам мактаб директори. Мен опам раҳбарлик қилаётган мактабга ўқитувчи бўлиб ишга кирмоқчиман, яқин қариндошлар бир ташкилотда ишлаши мумкинми?
Н.Акбарова, Оқолтин тумани
Меҳнат кодексининг 79-моддасида қайд этилганидек, ўзаро яқин қариндош ёки қуда-анда бўлган шахсларнинг (ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғил ва қизлар, эр-хотинлар, шунингдек эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва болалари), башарти улардан бири иккинчисига бевосита бўйсуниб ёки унинг назорати остида хизмат қиладиган бўлса, бир давлат корхонасида бирга хизмат қилишлари тақиқланади, бу қоидадан истиснолар Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланиши мумкин.
Яъни, ўзаро яқин қариндошлар, масалан ота-она ва фарзанднинг бир давлат ташкилотда бири иккинчисига бевосита бўйсуниб ёки унинг назорати остида хизмат қиладиган лавозимларда ишлаши мумкин эмас. Лекин, 79-модданинг иккинчи қисмига эътибор қаратайлик, бу борада алоҳида истиснолар мавжуд эканлиги белгилаб қўйилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 133-сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат (акционерлик) корхоналарининг Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 79-моддасида назарда тутилган қариндош-уруғларнинг, агар уларнинг хизматлари улардан бирининг бошқасига бевосита бўйсуниши ёки назорати остида бўлиши билан боғлиқ бўлса, бирга хизмат қилишларини чеклаш қоидаларидан истисно этилиши мумкин бўлган ходимлари” рўйхати тасиқланган.
Ушбу рўйхатнинг 6-бандида “барча ўқув ва тарбия муассасаларидаги педагог ходимлар, ўқитувчилар, библиографлар ва кутубхоначилар” киритилган, ушбу ходимлар бирга хизмат қилишларини чеклаш қоидаларидан истисно бўлган ходимлар таркибига кириши кўрсатилган. Яъни, улар яқин қариндошларининг қўл остида ёки назорати остида ҳам ишлаши мумкин.
Мана шу рўйхатга мувофиқ, айтиш мумкинки, ўзаро яқин қариндошларнинг умумтаълим мактабларида ўқитувчилик фаолияти билан шуғулланишларига нисбатан чеклов мавжуд эмас.
Саволга Оқолтин тумани адлия бўлими бошлиғи Турсунбой Каримов жавоб берди