Янги йилнинг бошланиши турли халқларда ҳар хил вақтга тўғри келади. Масалан, Европанинг ҳамма мамлакатларида Янги йил 1 январда, ҳижрий ҳисоби қабул қилинган жойларда эса қуёш йилининг турли саналарида байрам қилинади.
Мисрда Янги йилни ёз ойларининг бошида, Нил дарёсининг қуйилиши вақтида нишонлашган.
Грецияда эса бу байрамни йилнинг энг узун куни бўлган 22 июнда нишонлаганлар.
Францияда Буюк Француз революцияси даврида янги йилни 22 сентябрь – республика ташкил топган кунда нишонлашган.
Россияда эса Янги йил байрами 1 сентябрга тўғри келган. Фақат 1700 йилдан бошлаб, Пётр I қарорига асосан Янги йил 1 январдан бошлаб нишонланган. Подшо Янги йилни кутиб олиш, Янги йил кирадиган тунда гулханлар ёқиш, уйни яшил ўсимликлар билан безаш ва бир-бирларини табриклаш ҳақида фармон берган.
Ўша пайтлар парад ўтказилиб, турли рангли ракеталар, мушаклар отилиб, байрам қилинган ва бу одат ҳанузгача сақланмоқда.
Янги йилда совғалар қилиш одати эса Қадимги Римдан келиб чиққан бўлиб, улар бир-бирларига омад ва бахт тимсоли бўлмиш дафна япроқларидан тақдим этишган.
Германияда асосий байрам Рождество ҳисобланган. Сунъий арчалар ва шиша ўйинчоқлар биринчи бўлиб Германияда пайдо бўлган. Янги йилнинг ўзи Германияда иккинчи даражали байрамдай кутиб олинади.
Австрияда Янги йил кечаси фол очиш одат тусига кирган. Турли шаклларни харид қилишади-ю, сўнг уни эритиб, идишга қуйишади. Ва ҳосил бўлган шакл ёрдамида келажак ҳаётларини башорат қилишади. Гарчи камхарж австрияликлар кам тановул қилишса-да, аммо ўткир спиртли ичимлик-глинтвейнни ҳисобсиз ичишади.
Буюк британияликлар учун янги йил олдинги кийимлар нархини кескин пасайтириш ҳодисаси жуда муҳим саналади. Шунинг учунми, инглизлар дастурхон билан унча қизиқмайди, ахир қанча кийим сотиб олишга улгуриш лозим.
Дарвоқе, 1 январдан бошланадиган тақвимни Рим императори Юлий Цезар киритган бўлиб, у “Юлиан тақвими” сифатида тарихда қолди.
Интернет материаллари асосида тайёрлади