31 январь куни Янгиҳаёт туманида зўрлик ва қотиллик аломатлари билан 12 ёшли қизнинг мурдаси топилди.
Бу бўйича Янгиҳаёт тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «в» (айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни қасддан ўлдириш) ҳамда 97-моддаси 2-қисми «з» банд (номусга тегиш ёки жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш билан боғлиқ ҳолда қасддан одам ўлдириш)лари билан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Бош прокуратура расмий маълумот берди.
Жиноят иши бўйича гумонланувчи шахс (29 ёшли эркак) Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.
Маълумот ўрнида, гумонланувчи шахс марҳуманинг хонадонида 2022 йилнинг ёз ойларида ёлланма ишчи сифатида таъмирлаш ишларини амалга оширган.
Мазкур иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларини олдини олиш мақсадида фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситадиган маълумотлар ва бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди.