ЯнгиликларАдлия бўлимлариЯнги Меҳнат кодекси бўйича дастлабки синов белгиланмайдиганлар тоифаси кенгайтирилди

Янги Меҳнат кодекси бўйича дастлабки синов белгиланмайдиганлар тоифаси кенгайтирилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти жорий йилнинг 28 октябрь куни «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги (ЎРҚ-798 сонли) Қонунни имзолади.

            Янги Меҳнат кодексида 1995 йилдаги биринчи таҳриридан фарқли равишда, унда мажбурий меҳнатни тақиқлаш, ходимнинг ҳуқуқий ҳолати ёмонлашишига йўл қўйилмаслик кабилар асосий принцип этиб белгиланди.

            Хусусан, мазкур кодексда давлат эҳтиёжманд аҳолини ишга жойлаш ҳамда дастлабки синов муддати қўлланилмайдиган шахслар тоифаси бўйича қўшимча кафолатларни таъминлади.

            Янги Меҳнат кодексига кўра, қуйидагилар ишга қабул қилинганда дастлабки синов белгиланмайди.

– ҳомиладор аёл, 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёл ёки 3 ёшга тўлмаган болани ёлғиз ўзи тарбиялаётган ота(васий);

– захирага қўйиладиган иш ўринларига ишга жойлаштириш учун юборилган аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларидан бўлган шахслар;

– давлат грантлари асосида ўқиган ва олий таълим ташкилотини тамомлаган кундан эътиборан 3 ой ичида йўлланма бўйича олинган мутахассислигига доир ишга кираётган олий таълим ташкилотларининг битирувчилари;

– тегишли таълим ташкилотини тамомлаган кундан эътиборан 1 йил ичида биринчи бор ишга кираётганда олинган мутахассислиги бўйича мустақил равишда ишга жойлашаётган умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим ташкилотларининг битирувчилари;

– ўзи билан 6 ойгача муддатга меҳнат шартномаси тузилаётган ходимлар;

– 18 ёшга тўлмаган шахслар;

– ишга қайтадан қабул қилинган тақдирда иш берувчи илгари қайси ходимлар билан меҳнат шартномасини алоҳида асослар бўйича бекор қилган бўлса, ўша шахслар;

– ишлаб чиқаришда ўқитиш шартномаси бўйича ушбу иш берувчида ўқишни ўтаган ўқувчилар;

– жамоа келишувларида, шунингдек жамоа шартномасида ва иш берувчининг ички ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ходимлар.

Зарифа ЭЛМУРОДОВА,

Адлия вазирлиги

Ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бошқармаси

Ҳуқуқий мониторинг бўлими етакчи маслаҳатчиси

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img