Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонЯнги Ўзбекистон Конституциясига хотин-қизларнинг ижтимоий ҳуқуқларини таъминлашга...

Янги Ўзбекистон Конституциясига хотин-қизларнинг ижтимоий ҳуқуқларини таъминлашга доир нормалар киритиш зарурати

Мамлакатимизда хотин-қизлар конституциявий мақомига мос равишда турли  ижтимоий  дастурлар  ишлаб  чиқиш  ва  амалга  ошириш, молиялаштириш  нормативларини  белгилаш,  ижтимоий-иқтисодий  андозалар,  қонунлар,  бошқа  меъёрий  ҳужжатлар қабул қилиш каби воситалардан кенг фойдаланади. Хусусан 2017 йилдан ҳозирги кунга қадар бўлган даврнинг ўзига хос жиҳатлари шундаки хотин-қизлар ижтимоий ҳуқуқларини амалга оширишга доир вазифалар, чора-тадбирлар ҳамда механизмлар стратегиялар асосида белгиланди. Жумладан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси, 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси, Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегияси, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси шулар жумласидандир.

Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев 2022 йилнинг 20 июнь куни Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашуви доирасида «Бош қомусимизда ҳомиладорлиги ёки ёш боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланиши қатъий белгилаб қўйилиши шарт» деб таъкидлади. Ушбу таъкид хотин-қизлар ижтимоий ҳуқуқларининг конституциявий кафолатларини такомиллаштиришга доир олиб бораётган илмий тадқиқотимиз мавзусини долзарблигини англатади.

Маълумот учун, бугунги кунда мамлакат аҳолисининг қарийб 50 фоизини, яъни 29 фоизини 14 ёшгача, 28 фоизини 15-30 ёшлилар, 21 фоизини 31-45 ёшлилар, 15 фоизини 46- 60 ёшлилар, 7 фоизини 60 ёшдан катта хотин-қизлар ташкил этади . Улар ижтимоий-маънавий, сиёсий-иқтисодий ҳаётнинг барча соҳаларида самарали ва фаол меҳнат қилиб келишмоқда.

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг 69-мақсади доирасида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш, муносиб иш топишларига ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, турмуш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, даромадларини кўпайтириш борасида тизимли чора-тадбирларни белгилаш масаласи қўйилган. Шу билан бирга, мамлакатда янги иш ўринларини яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва шу орқали 2026 йил якунига қадар камбағалликни камида 2 бараварга қисқартиришга бағишланган 85-мақсади доирасида аёллар орасидаги ишсизлик даражасини 2 баравар камайтириш, иш билан банд бўлмаган хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш ва ўзини ўзи банд қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш ишлари белгиланган.

Янги Ўзбекистон ислоҳотларидан кўзланган мақсад хотин-қизларнинг жамиятда муносиб ўринларини эгаллаши, улардаги салоҳиятни юзага чиқиши ҳамда амалга оширилаётган ҳуқуқий, маънавий-маърифий, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларда уларнинг тўлақонли иштирокини таъминлаш мacaлaлaригa уcтувoр aҳaмият берилaётгaн бир пaйтдa ҳaли ҳaм жамиятда хотин-қизларни дискриминацияга учраши, уларнинг ҳуқуқларини тaн oлмacлик ҳoлaтлaри шунингдек, аксарият ҳолларда хoтин-қизлaрнинг оналигини муҳофаза қилиш учун тақдим этилган имтиёзларни камситиш воситаси сифатида қабул қилиш ҳолатлари юз бермoқдa.

Шу ўринда конституциявий норманинг тўғридан-тўғри амал қилиши деганда, Конституциядаги нормалар уларни қўллаш тартиби алоҳида қонунчилик ҳужжатларида мавжуд ёки мавжуд эмаслигидан қатъи назар тўғридан-тўғри амал қилиши тушунилиши лозим. Конституциявий норманинг тўғридан-тўғри амал қилиши хотин-қизларга Конституцияда белгиланган фундаментал ёки асосий ҳуқуқлари, жумладан, меҳнат ҳуқуқи, касб танлаш эркинлиги, дам олиш ҳуқуқи, тиббий ҳизматдан фойдаланиш ҳуқуқи, ижтимоий ҳимояланиш каби ҳуқуқ ва эркинликларини талаб қилиш имкониятини ҳам яратади.

Шу ўринда хорижий мамлакатлар конституцияларида белгиланган хотин-қизлар ижтимоий ҳуқуқларига доир нормалар таҳлилига ўтамиз.

Португaлия конституциясининг 68-моддаси оталик ва оналик деб номланиб оналик ва оталик юксак ижтимоий қадриятлардир деб белгиланган. Aёллар ҳомиладорлик даврида ва туғруқдан кейин алоҳида ижтимоий ҳимояланиш ҳуқуқига эга, шунингдек, ишловчи аёлларнинг иш жойи сақланган ҳолда ҳомиладорлик муддатида ишламаслик  ҳуқуқига эга. Боланинг манфаатлари ва бутун оиланинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда оналар ва оталарнинг тегишли муддатга меҳнатдан озод қилиш ҳуқуқини амалга ошириш қонун билан тартибга солинади.

Испания конституцияси 35-моддасида барча испанлар жинсга кўра камситиш  мавжуд бўлмаган шароитларда меҳнат қилиш эркин касб танлаш, ўз эҳтиёжларини қондириш учун юқори лавозимга кўтарилиш ва тенг ҳақ олиш ҳуқуқига эгадирлар.

Италия конституцияси 37-моддасида ишлайдиган аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар, улар бир хил меҳнат учун тенг ҳақ олади. Меҳнат шароитлари уларга оилавий вазифаларини бажаришга имкон бериши ва она ва боланинг манфаатларини муносиб ҳимоя қилишни таъминлаши керак. Қонун ишга қабул қилишнинг энг кичик ёшини белгилайди. Республика махсус қонунлар чиқариш орқали вояга етмаганлар меҳнатини ҳимоя қилади ва уларга бир хил  меҳнат учун тенг ҳақ олиш ҳуқуқини кафолатлайди.

Юқоридаги таҳлиллар ҳамда хорижий мамлакатлар конституциявий тажрибасига асосланиб мамлакатимизда оналикни конституция даражасида муҳофазалаш, ҳомиладор аёлларнинг меҳнат ҳуқуқига доир имтиёзларини конституциявий норма сифатида белгилаш келгусида хотин-қизлар ижтимоий ҳуқуқларини таъминлашда конституциявий норманинг тўғридан-тўғри қўлланиши ҳуқуқни қўллаш амалиётида ўз самарасини беради. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 37-моддасига “ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади. Ҳар бир ишловчи аёл ҳомиладор бўлганда ва туғиш даврида ҳақ тўланадиган таътилга ҳамда чақалоқни парвариш қилиш учун таътилга ёки болани фарзандликка олиш учун таътилга чиқиш ҳуқуқига эга” жумласини киритиш таклиф этилади.

 

Дилдора Анварова,
ТДЮУ “Конституциявий ҳуқуқ”
кафедраси ўқитувчиси

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз