Гоҳо замондан орқада қолиб кетмадиммикин, деган хавотирли ўйларга бориб қоламан. Яқин тарих билан бугунни қиёслаб кўрсам, эндиликда урф ва удумларда кўп нарсалар ўзгаргандек туюлади.
Масалан, одамга яшаши учун нималар кераклигини кўп ўйлайман. Ёки одамнинг яшашига нималар халал бериши ҳақида хаёл қиламан.
Олдинлари шундай хаёл қилишган, ҳозир бундай нарсаларни ўйлашмайди. Балки, керакми, керак эмасми уйга ташийверишади – керак бўлиб қолиши мумкин, дейишади, лекин ўйлаш, мулоҳазакорлик камайди, чамамда.
Олдинлари оддий ўқитувчи ёки хўжалик ишчиси ҳам беш-олтита, ҳатто ўнта фарзандини бемалол боқиб, вояга етказарди. Ҳозир иккитагина боласини боқиш учун эр-хотин икки сменада ишласа ҳам нимадир етишмай туради. Олдинлари ҳар куни меҳмон келса ҳам бамайлихотир кутиб олаверардик. Ҳозир уйга тасодифан меҳмон келиб қолса, нима қилишни билмай шошиб қоламиз.
Олдинлари одамлар бир-бирининг ёнига шунчаки, иши бўлмаса ҳам соғиниб ёки гурунглашиш учун бораверарди. Ҳозир гурунгга вақт йўқ. Зарур иши бўлмаса, биров-бировга қўнғироқ қилиши ҳам ноёб бўлиб қолаётир.
Олдинлари одамларнинг тўқсон тўққиз фоизида йиғинди пул бўлмасди. Лекин қўрқмай яшайверарди. Ҳозир оддий мардикорнинг ҳам озми-кўпми йиққан-тергани бор. Агар йўқ бўлса, ҳаловати ҳам йўқ.
Олдинлари районга кимдир раҳбар бўлиб тайинланса, ўша кишини таниган-танимаган одамлар ғойибона “Жуда яхши, халқпарвар одам экан, дейишяпти. Худо назар қилган киши экан-да. Бўлмаса, районга катта бўлармиди?” деб яхши гумон қилишар эди. Ҳозир эса раҳбарнинг, аввало, бирор нозик жойини топиш урфга кираётганга ўхшаб туюлади.
Олдин бир киши иккинчиси билан кўришиши керак бўлса, у билан бир ой олдин аҳдлашиб қўйса бас, ўша манзилга, айтилган вақтда борар эди. Ҳозир телефонда юз марта келишгандан кейин ҳам бирор нарса тўғри келмай қолиб ваъдалар бузиляпти.
Олдин қишдан бир жуфт пойабзал, битта қалин кийим, ёздан ҳам оддий сатин ё чит кўйлак билан ўтаверишарди. Ҳозир қишнинг қорли кунлари учун, қуёшли кунлари учун алоҳида бош-оёқ либослар бўлмаса кўнгил жойига тушмайди. Ёзни ҳам шундай кутиб оладилар. Имом Бухорийдай зотнинг бир жуфт либоси бўлган экан, агар уни ювишга берса, бошқа кўчалик либоси йўқ экан. Лекин у Имом Бухорий бўлган экан. Билмадим, кимники тўғри…
Олдинлари уч-тўрт хонали бир хонадонга иккита келин тушириб олишар ва янги қўшилган икки оила олдинги ота оила билан бирга, йиллар давомида аҳилликда яшаб, фарзандлар кўриб юраверишарди. Бу уйга меҳмон ҳам келар эди. Ҳозир янги келинга янги уй бўлмаса бўлмаяпти. Уйида алоҳида ётоқ, сепу жиҳозлар турадиган хона, алоҳида ҳаммом, хуллас, алоҳида ҳаёт бўлиши керак. Бўлмаса муаммо чиқяпти.
Олдинлари қишлоқларда одамлар деворни оқлабгина қўйишарди. Хона шифтида тўсинлар кўриниб турарди. Аҳли оила ўтирадиган хоналар девори қишлоқларда ҳатто лойсувоқ бўларди. Лекин бу уйлардан меҳмонлар аримасди. Ҳозир Рамзиддин исмли, умрининг кўп қисмини шаҳарда устачилик қилиб ўтказаётган киши меҳмонхонасини роса 40 миллион сўмга пардозлаб, безаб чиқибди (бир инимиз – ўғлининг ўртоғи, қарта ўйин баҳона бориб туради). Бир кўрсам экан, нима қилган экан, деб уч-тўрт марта уйи ёнидан ўтдим, “кир” деёлмади.
Олдинлари оғироёқ аёллар бирор марта аппаратга тушмаса ҳам, кун бўйи пахта терса ҳам болалар омон-эсон туғилаверарди. Ҳатто кўплаб қишлоқларда болалар уйда дунёга келарди. Ва кў-ўп туғилардилар. Ҳозир ҳали туғилмаган гўдак ота-онасидан олдин ультратовушли нурлар таратадиган аппаратни танийди. Шу аппарат бўлмаса бу бола дунёга келмайдигандек. Илгари аёллар болалари туғилгунича унинг жинсини билишмасди.
Олдинлари муаллимлар болани уришса, ота-онаси ҳам устозни ёқлаб фарзандига танбеҳ берар, ҳатто тарсаки ҳам туширарди. “Муаллим хато гапирмайди, тўғри қилибди” дейишар ва “Устознинг урган жойи қиёматда куймасмиш” дея матал ҳам айтиб қўярдилар. Ҳозир эса бирор ўқитувчи фарзандимизга танбеҳ берса, уни судга беришгача боряпмиз.
Олдинлари болалар маҳалла кўчасида тамаки чекмасди. Атрофдаги ёши катта одамларни юз-хотир қиларди, аниқроғи қўрқар, ҳайиқарди. Ҳозир бола ўз маҳалласида бемалол чекиши ва ичиши мумкин. Бунга ҳеч ким парво ҳам қилмай қўйган. Ҳа, десанг, демократия дейди.
Олдинлари динга эътиқод қилган кишилар намозини уйда ўқирди, ҳайит намозларини ҳам кўпчилик бўлиб мулланинг ёки бирор ўзига тўқроқ кишининг ҳовлисида адо этишарди. Экстремистик руҳдаги диний секталарни ҳеч ким билмасди. Ҳозирда масжидлар очиқ, турли шаклдаги диний тарғибот дастурлари ишлаб турибди. Ҳар бир жамоат ибодатлари мусулмонларнинг хавфсизлиги учун милиция инспекторлари, саломатлиги эса тиббиёт ходимлари шайлигида назоратга олинган. Аммо динни ниқоб қилиб олган гуруҳлар ҳам йўқ эмас. Олдинлари Оллоҳ таолога оддийгина уйда ўтириб ҳам қаттиқ ишонишарди. Ҳозир эса минг бир ташвиқотдан сўнг ҳам иккиланишаётгандай…
Олдинлари ота-оналар фарзандларини “Болам олим бўлсин, элга нафи тегадиган катта инсон бўлсин!” деб дуо қилишарди. Ҳозир ёлғиз ўғилли ёлғиз аёл ҳам “Болам пулдор бўлсин, прокурор бўлсин!” деб ният қилади.
Олдинлари одамлар сони кам эди, орзулар кўп ва катта эди. Ҳозир эса аҳоли кўп, аммо орзулар майдалашиб қолди.
Олдинлари ерга экиладиган қовун-тарвузларга ҳеч ким минерал ўғит бермасди. Полиз экинлари бўлганича бўлиб, ғарқ пишиб ётаверар, кимдир палагига дори сепса, у сотса керак-да, дори беряпти дейишарди. Ҳозир палак эккан киши ерга уруғ қадамай туриб дори сепишни бошлайди, то пишгунича. Аммо ҳосил чўғи аввалгидек эмас. Ҳатто Чироқчининг лалми даштларида етилаётган буғдойга ҳам ўғит сепилмаса ривож олмай тураверади.
Олдинлари кўчада бировнинг машинаси бузилиб, эгаси шу ерлик кишиларга тайинлаб, уловни қолдириб кетса, бир йил бўлса ҳам ўша уловга ҳеч ким тегинмасди. “Омонат!” дейиларди бу. Ҳозир гаражда турган машинанинг ҳам у ер-бу ерини ечиб кетишяпти.
Одамлар олдинлари ўзларига керак нарсани олишарди. Ҳозир умуман кераксиз нарсаларга ўч бўлиб кетишди.
Олдинлари одамлар яшаш учун ишлардилар. Ҳозир пул топиш учун ишлашяпти. Яшаш урфдан қоляпти.
Билмадим, ўзимни замондан орқада қолганманми, деб ўйлайман гоҳо…
Шодмонқул САЛОМ
Oyina.uz сайтидан олинди.