Мамалакатимизда сўнги йилларда ёшлар сиёситага алоқадор ислоҳотларнинг салмоғи шу даражада кенг бўляпти-ки, бу борада кўпчилик янгиликлардан хабаримиз ҳам бўлмай қоляпти. Бугунги кунда ўз ўрнини излаётган ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш ва касб-ҳунар таълимига йўналтириш, шунингдек, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида Ёшлар ишлари агентлиги ва бошқа давлат органларининг ўрни беқиёсдир. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 7 июнь куни 2022−2023 йилларга мўлжалланган ёшларга оид давлат сиёсати дастурини тасдиқлаган эди.
Биз қуйида мазкур дастурнинг 2023-йилда амалга оширилиши керак бўлган йўналишларига қисқача тўхталиб ўтамиз:
“Ёшлар дафтари”даги ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш йўналишида қуйидаги масалалар кўзда тутилган:
- Аниқланган муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирлари режасини ишлаб чиқиш ва аниқланган муаммоларни бартараф этиш ва назорат қилиш;
- “Ёшлар дафтари”дан чиқарилган ёшлар билан тизимли ишлашни йўлга қўйиш;
Меҳрибонлик уйларида тарбияланган ёшларни уй-жой билан таъминлаш чораларини кўриш;
Олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабаларга тўлов-контракт маблағларининг 50 фоизгача бўлган (базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача) миқдорини тўлаб беришга қаратилган “Талабага мадад” лойиҳасини амалга ошириш;
Мазкур лойиҳа 2022-йилги дастур доирасида ҳам кўзда тутилган эди. Келаётган йилда ҳам мазкур ишлар кенг давом эттирилади;
Меҳрибонлик уйи, “СОС Ўзбекистон болалар маҳаллалари” ва оилавий болалар уйлари битирувчилари учун “Иқтидор” касб-ҳунар оромгоҳини Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Ёшлар оромгоҳи”да ташкил қилиш;
Муаммоли ва ажралиш ҳолатига келиб қолган ёш оилалар учун маҳаллаларда ҳафтада бир маротаба психолог қабулларини амалга ошириш юзасидан малакали психологларни жалб қилган ҳолда, маҳаллаларда қабулларни ташкил этиш;
Режа асосида эҳтиёжманд оилалар фарзандлари ва имконияти чекланган ёшларнинг диққатга сазовор қадамжолар, театр ва бошқа маданий муассасаларга ташрифларини ташкил этиш;
Маҳаллалардаги ишсиз ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш;
Ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш мақсадида уқори натижаларга эришган тадбиркорлар рўйхатини шакллантириш. Ҳудудларда тренинглар ташкил қилиш ва тадбиркорлик субектларига саёҳатлар уюштириш;
Ёшлар орасида шахматни ривожлантиришга қаратилган мусобақаларни тизимли равишда ўтказиб бориш;
Ҳудудларда ўқувчи-ёшларнинг ҳарбий қисмларга экскурсияларини ташкил этиш.
Юқорида санаб ўтилганлар аслида ҳаммаси ҳам эмас. Йил давомида яна кўплаб лойиҳаларни амалга ошириш назарда тутилган. Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 20-декабр куни Тошкентдаги Конгресс-холлда парламэнга йўллаган Мурожаатномаларида келгуси 2023-йилни «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» деб ном беришни таклиф қилдилар. Мана шунинг ўзи ҳам келаётган 2023-йилда ёшларга бўлган эътиборнинг юқори даражада бўлишини кафолатлаб беради десак мақсадга мувофиқ бўлади.
Бобуржон Мамадалиев,
ТДЮ, Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий
ҳуқуқшунослик факултети тютори