Ёшлар тадбиркорлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни бизнес билан шуғулланишга фаол жалб қилиш учун шарт-шароитлар, иш ўринлари яратиш ва йигит-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида 2018-йил 27-июн куни давлатимиз раҳбарининг “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди ва унинг доирасида “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси, шунингдек, унинг ҳудудий филиаллари ташкил этилди.
Уч йиллик фаолияти давомида жамғарма томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, бугунги кунга қадар ёш тадбиркорларнинг 8 минг 635 та бизнес лойиҳасига жами 1 триллион 830 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратиш орқали 42 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги соҳаларига оид лойиҳалар молиялаштирилди. Кредит олиб фаолиятини йўлга қўйган ёш тадбиркорлар томонидан 4,6 миллион доллар миқдоридаги маҳсулотлар экспорт қилинди.
Жамғарма маблағлари ҳисобидан стартап лойиҳаларга ҳам катта эътибор қаратилиб, грантлар ажратилди. Бу борада Андижон вилоятида ёшларнинг стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун 2 миллиард сўм грант маблағи сарфланди. Бундан ташқари, “Стартап ташаббуслар” дастурини амалга ошириш учун 1 миллиард сўм миқдорида грант маблағи йўналтирилди.
БМТнинг Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда коронавирус пандемиясининг оқибатларини барқарорлаштиришга қаратилган инноватсион воситалар ва ечимлар онлайн танлови – “Cовид-19 Чалленге 2020” ўтказилди. Унда ғолиб бўлган стартап лойиҳаларга жами 475 миллион сўм беғараз, мақсадли грант маблағлари ажратилди.
Жойларда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги ёшларнинг билимларини ошириш мақсадида малакали мутахассислар томонидан 3180 та бизнес семинарлар ўтказилди. Ташкил қилинган семинарлар ўз ичига 182,6 минг нафар ёшларни қамраб олди.
Давлат дастури доирасида барча туман (шаҳар)ларда имтиёзли кредит олиб, ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган ёш тадбиркорлар ўз маҳсулотларининг савдо ярмаркаларини ташкил қилди. Уларда 36,5 минг нафарга яқин тадбиркорлик фаолиятига қизиққан ёшлар жалб қилинди. Ўз олдига тадбиркорлик фаолиятини бошлашни мақсад қилган 43 минг нафар ёшларни ҳудудлардаги йирик ишлаб чиқариш корхоналарига босқичма-босқич 1402 марта бизнес саёҳатларни амалга оширди.
Ёшларга тадбиркорлик ва бизнес юритиш кўникмаларини масофадан ўргатиш мақсадида “bizneskurs.uz” онлайн платформаси ташкил этилди ва бу орқали ёшлар юртимиздаги халқаро бизнес тренерларнинг тадбиркорлик курсларини бепул равишта ўзлаштириш имкониятига эга бўлди.
Фарғона шаҳридаги Ўзбекистон – Корея халқаро университети ва Бухоро давлат университетида эса тажриба-синов тариқасида “Бизнес акселератор” фаолияти йўлга қўйилди.
Шунингдек, билимли, салоҳиятли ва ўзининг ноёб ғояларига эга бўлган, бироқ ҳаётда ўз ўрнини топа олмаётган ёшларни қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш мақсадида “My Business” реалити-шоуси ташкил этилиши кўзда тутилган.