Бош саҳифаЯнгиликларҲуқуқЮридик техникумда ўқишнинг афзалликлари ҳақида биласизми?

Юридик техникумда ўқишнинг афзалликлари ҳақида биласизми?

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида” 2018 йил 13 апрелдаги қарори билан Адлия вазирлиги тузилмасида ҳар бир ҳудудда биттадан — 14 та юридик техникум ташкил этилган эди. Мазкур қарор орқали юридик кадрларни тайёрлаш тизими тубдан такомиллаштирилди дейишимиз мумкин. “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик техникумларига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида” Низомга мувофиқ ўрта ёки ўрта-махсус, профессионал маълумот эга бўлган ҳар қандай шахс юридик техникумларга ҳужжатларини топширишлари мумкин. Хўш юридик техникумларда ўқишнинг қандай афзалликлари мавжуд?

Биринчидан, юридик техникумларда кундузги, сиртқи, масофавий ва кечки таълим шакллари бўйича таълим олиш имкониятининг мавжудлиги. Бундай имкониятнинг мавжудлиги абитуриентларга ўз ҳолатларидан келиб чиқиб таълим шаклларини танлаш имкониятини тақдим этади. Шу билан бирга амалиёт ва назарияни уйғунликда олиб бориш имкониятини тақдим этади;

Иккинчидан, Юридик техникумларга ўқув-методик жиҳатдан кўмак бериш Тошкент давлат юридик университети томонидан амалга оширилиб, бунда ТДЮУ талабида дарслар ташкил этилади;

Учинчидан, юридик техникумларни муваффақиятли тамомлаган йигит-қизлар Тошкент давлат юридик университетига тест синовларисиз, суҳбат асосида ўқишга қабул қилинади;

Тўртинчидан, юридик техникумларда ўқитиш кредит-модул тизими бўйича олиб борилади. Бундай ёндашув ўқувчиларга мутахассислик фанларини танқидий таҳлил қилган ҳолда чуқур ўрганиш имконини беради, пировард натижада битирувчилар ўз мутахассисликлари бўйича рақобатбардош кадр бўлиб етишади;

Бешинчидан, юридик техникумлар битирувчилари ўқишни тамомлаганларидан сўнг ўрта махсус юридик маълумотга эга бўлишади ҳамда нотариус ёрдамчиси, ФҲДЁ бўлими инспектори, давлат хизматлари маркази мутахассислари, судья ёрдамчиси ва давлат ижрочиси каби 89 мутахассисликда ишлашлари мумкин бўлади.

Олтинчидан, халқаро даражадаги юристларни тайёрлаш мақсадида юридик техникумларда қўшма таълим дастурлари амалга оширилади. Ушбу дастурларни муваффақиятли тамомлаганлар ҳамкор олий таълим муассасаларида ўқишларини давом эттиришлари мумкин.

Еттинчидан, юридик техникумларда малакали профессор-ўқитувчилар, амалиётчи ва тажрибали мутахассислар дарс беради. Шу сабабли техникумда дарслар юқори сифатда олиб борилади.

Саккизинчидан, юридик техникумларнинг иқтидорли ўқувчиларига стипендиялар ва грантлар ажратилади. Бундай имкониятнинг тақдим этилганлиги ҳақиқий илмга чанқоқ талабалар учун жуда яхши имконият дейиш мумкин.

Тўққизинчидан, “Электрон юридик техникум” инновацион электрон платформасининг ишлаб чиқилиши ва жорий этилиши. Ушбу платформа таълим жараёнини рақамли технологиялар орқали бошқариш имкониятини яратади, ўқувчилар учун портал (экстранет зона) ва педагогларнинг ўқувчилар билан мулоқоти ҳамда ўқувчиларнинг ўзаро мулоқотини ўз ичига олувчи ходимлар ва ўқувчилар учун ички ахборот-коммуникация восита ва ресурслари ўзида жамлайди.

Ўнинчидан, юридик техникум ўқувчилари биринчи курсдан бошлаб амалиёт ўташни бошлайдилар. Амалиёт якунлари бўйича имтихон топширилади. Бу эса ўқувчилар томонидан ўталадиган амалиёт фақатгина формал ҳарактер эга эмаслигини, талаба амалиёт давомида техникумда олган назарий билимларини амалиётда қўллашни ўрганишига сабаб бўлади.

Мазкур жараёнлар шаффоф тарзда амалга оширилади. Бу ҳуқуқшунослик соҳасини эгаллашга маҳкам бел боғлаган ёшлар учун ҳам қўшимча имконият, ҳам рағбат дейишимиз мумкин.

Ориф Бойқуватов,
Адлия вазирлиги масъул ходими

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз