Ижтимоий тармоқларда ерини ундан тортиб олишаётганидан норози фуқаронинг мурожаати айрим муҳокамаларга ва тушунмовчиликларга сабаб бўлди. Ушбу ҳолат юзасидан Кадастр агентлиги ўз муносабатини билдирди.
“Аслини билмай туриб хулоса қилишга шошилманг!
Видеода даъво қилинаётган ер майдони Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Ибн Сино МФЙ, Тошкент ҳалқа автомобил йўли кўчаси манзилида жойлашган.
Видеода “еримни тортиб олишяпти” деб даво қилаётган фуқаро Н.А. аслида ушбу ерни 2017 йилдан буён ўзбошимчалик билан эгаллаб ноқонуний фойдаланиб келган. Боз устига мазкур ерда майса (газон) етиштириб сотиш амалиётини йўлга қўйган.
Ўтган давр давомида давлатга тегишли бўлган ер майдонидан фойдаланиб, даромад топиб келган бўлсада, ушбу даврлар учун ер солиғи тўланмаган.
Қолаверса, ушбу ер майдони нафақат фуқаро Н.А.га балки, муқаддам бирор бир шахсга мулк ёки ижара ҳуқуқи асосида фойдаланишга берилмаган. Ер майдони туман ҳокимлиги захирасида бўлган.
Мазкур ер Тошкент шаҳар ҳокимининг 2022 йилдаги тегишли қарори билан Шайхонтоҳур тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига “Вақтинчалик ишларни ташкил этиш бюроси”ни қуриш учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан қонун доирасида ажратиб берилган.
Бу эса, ушбу ерга ўзининг режалари бўлган (видеода ерга қуйилган фундаментлардан кўришингиз мумкин) фуқаро Н.А.га ёқмаган ва натижада ижтимоий тармоқларга “Менинг еримни тортиб олишяпти” қабилидаги давлат идоралари ва мансабдорларини обрўсизлантириш кайфиятига эга бўлган видеомурожаатни йўллаган.
Яъни, фуқаро Н.А. ушбу ер майдонига эгалик ҳуқуқи бўлмаса-да гўёки ери тортиб олинаётганлиги тўғрисида ёлғон маълумот бериб, кенг жамоатчиликни чалғитишга ва ўзини “жабрланувчи” қилиб кўрсатишга ҳаракат қилган.
Аслида, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 60-моддасида ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олганлик, шу жумладан ушбу ер участкаларига нисбатан қонуний ҳуқуқлари мавжуд бўлмаган ҳолда улардан фойдаланганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган. Ушбу турдаги ҳуқуқбузарлик учун фуқарога БҲМнинг 25 баравари миқдорида жарима солиниши ҳам мумкин эди.
Қонунчилигимизда захирадаги ерларни бемалол эгаллаб олиш, ундан исталганча фойдаланиш мумкин деган тушунчалар асло йўқ.
Зеро, қонунчилигимизда ер ажратишнинг қонуний ва шаффоф механизмлари белгиланган.
Кадастр агентлиги фуқаро ҳамда тадбиркорлардан ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олмасликни ҳамда ноқонуний қурилишлар қилмасликларини, ОАВ воситалари вакилларидан эса тасдиқланмаган ва ёлғон маълумотларни тарқатмасликларини сўрайди.
Ер умуммиллий бойликдир, ундан оқилона фойдаланиш зарур ва у давлат муҳофазасидадир”, дейилади хабарда.