Бугун мамлакатимизнинг чекка ҳудудларидан бири бўлган Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида янги, замонавий Давлат хизматлари маркази фойдаланишга топширилди.
Деҳқонобод тумани — Европа Иттифоқи, Давлат хизматлари агентлиги, БМТТД ҳамкорлигидаги “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида давлат хизматларини тақдим этишни такомиллаштириш ва бошқарув даражасини ошириш” қўшма лойиҳаси доирасида синов ҳудудлари сифатида танлаб олинган 7 та ҳудудлардан бири.
Марказ замонавий ахборот-коммуникация ускуналари билан жиҳозланган.
Марказ биноси қурилиши жараёнида унинг замонавий шаҳарсозлик стандартларига мувофиқлиги ва фуқаролар, хусусан, ногиронлиги бор инсонлар учун қулай шароитларни яратишга алоҳида эътибор берилган. Электрон навбат тизими, ахборот киоскаси, электрон хизматлардан мустақил равишда фойдаланиш учун қурилма, болалар майдончаси, буфет, мини-кутубхона ва WiFi мавжуд.
Марказда мустақил равишда давлат хизматларидан фойдаланишнинг турли имкониятлари тўғрисида ташриф буюрувчилар хабардорлигини ошириш мақсадида плакатлар ва ахборот стендлари ўрнатилган.
Бу ерда бошқа аксарият Давлат хизматлари марказларидаги каби, экстерриториал асосда, яъни фуқаронинг доимий яшаш жойидан қатъий назар хизматлар тақдим этилади.
Деҳқонободдаги янги Давлат хизматлари марказида 150 дан ортиқ давлат хизматлари тақдим этилади. Бундан ташқари, ушбу марказ биносида тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Бош вазир қабулхонаси ва Президентнинг Халқ қабулхонаси жойлашган.
Марказда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш маркази ҳам ўз фаолиятини бошлайди. У ерда аёллар бизнесни бошлаш ва юритиш, ҳуқуқий масалалар, бепул психолог маслаҳати ва ёрдамини олишлари мумкин бўлади.
Марказ аҳолининг барча қатламларига, шу жумладан ёш болали аёллар, турли гуруҳдаги ногиронлиги бор инсонлар, ёшлар ва қарияларга мўлжалланган.
149 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилувчи Деҳқонобод туманида аҳолининг қарийб 3 фоизини ногиронлиги мавжуд инсонлар ташкил қилади. Улардан 400дан ортиқ нафари ногиронлар аравачалари ёрдамида ҳаракатланади ва 66 нафари кўзи ожиз инсонлардир. Давлат хизматларидан фойдаланишда қулайлик яратиш мақсадида Деҳқонобод туманидаги Давлат хизматлари марказида пандуслар, тутқичлар, шунингдек, ногиронлик аравачалари, Брайль алифбосидаги махсус ахборот стенди билан таъминланган.
Деҳқонобод тумани Давлат хизматлари марказида илк бор волонтёрлар (кўнгилли) дастури амалиётда қўлланилиши режалаштирилган бўлиб, ушбу дастур доирасида волонтёрларни Давлат хизматлари агентлиги ва унинг марказлари фаолиятига кўмаклашишга жалб этиш, яъни аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари – ногиронлар, кексалар ва ёш болали аёлларга давлат хизматларини кўрсатишга кўмаклашади. Барча волонтёрлар чекка ҳудудларда аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш бўйича махсус тренинглардан ўтдилар. Ҳар бир волонтёр ўз вазифаларини бажариш учун зарур бўлган техник воситалар билан таъминланади.