Республикамизда автомобиллаштириш жараёни тез ривожланаётгани сабабли йўл-транспорт ҳодисалари сони ҳам кўпайиб бормоқда. Стастистик маълумотларга кўра, ўтган йили 10000дан зиёд йўл-транспорт ҳодисалари содир этилган бўлиб, натижада 2500га яқин одам ҳалок бўлган.
Йўл-транспорт ҳодисалари асосан қуйидаги турларга бўлинади:
- пиёдаларни уриб кетиш;
- транспорт воситаларининг тўқнашуви;
- транспорт воситаларининг ағдарилиши;
- қўзғалмас тўсиқлар билан тўқнашув;
- номеханик транспорт воситаларини уриб кетиш;
- транспорт воситаларидан йўловчиларнинг йиқилиши ёки тушиб қолиши.
Йўл-транспорт ҳодисаси қисқа вақт ичида содир бўладиган мураккаб ҳодиса бўлиб, уни тергов қилишда транспорт муҳандислик, йўл қурилиши ва фойдаланиши, йўл ҳаракатини бошқариш ва хавфсизлиги, тиббиёт ва йўл ҳаракати психологияси соҳасидаги мутахассисларнинг ёрдами талаб қилинади, бу соҳа — суд автотехника экспертизаси деб аталади.
Транспорт воситаларининг техник ҳолатини, воқеа содир бўлган жойдаги йўл вазиятини ва воқеа иштирокчиларининг ҳаракатини, шунингдек, воқеа юз беришига сабабчи бўлган ҳолатларни белгилаб берувчи, йўл-транспорт ҳодисасининг механизми (жараёни) билан боғлиқ бўлган ҳақиқий маълумотларни аниқлаш суд автотехника экспертизаси тадқиқотининг предмети ҳисобланади.
Албатта, ҳозирги кунда, ҳар қандай жиноятнинг тез ва самарали фош этилиши воқеа жойини кўздан кечириш, воқеа механизмни аниқлаш, ашёвий далилларни аниқлаш ва сақлаб қолиш, шу билан бирга, юқори сифатли суратга олиш каби бирламчи тергов ҳаракатларининг сифатига боғлиқ бўлади. Бундай ҳолда, экспертнинг ҳар куни ишлатадиган асосий воситаларидан бири замонавий рақамли фотокамера бўлиб, у ҳатто ностандарт шароитларда ҳам юқори сифатли тасвирни олиш ва воқеа жойидаги ҳолатни тўлиқ акс эттириш имконини беради.
Шу билан бирга, айрим ҳолатларда ЙТҲдан кейин ҳайдовчилар алмашиб қолиши, ҳайдовчи ўриндиғида қайси шахс бўлганлиги тўғрисидаги маълумотларни аниқлашда, албатта, воқеа жойига келган тергов ёки экспертлар гуруҳи биологик изларни махсус фотоаппаратлардан фойдаланган ҳолда аниқлаши қулайлигини инобатга олган ҳолда, келгусида воқеа жойига чиқувчи барча гуруҳлар шундай замонавий махсус рақамли фотокамералардан кенг фойдаланишини йўлга қўйиш лозим.
Инфрақизил лампали фотокамера
Бундан ташқари, воқеа жойига чиқувчи эксперт ва тергов гуруҳларини замонавий 3D-сканерлар билан таъминлаш керак, деб ўйлайман. Ҳозирги кунларда ривожланган давлатларда йўл-транспорт ҳодисаси натижасида автотранспорт воситаларида ҳосил бўлган шикастланишларни ва уларнинг йўлдаги жойлашувларини ўзгаришсиз сақлаб қолиш учун лазерли сканерлаш усули кенг қўлланиб келинмоқда. Бу эса, ўз ўрнида, ўлчамларни ва масофаларни аниқлашда хатоликни камайтиришга ва воқеа жойини кўздан кечириш вақтини қисқартиришга имкон беради.
3D-сканер ёрдамида ЙТҲ жойини кўздан кечириш
Рақамли видео қайд этиш тизимларининг кенг тарқалиши натижасида суд, тергов ва дастлабки тергов органларида йўл-транспорт ҳодисасини қайд этган видеоёзув материаллари кўпайди. Масалан, DTP-Expert номли махсус компьютер дастури ёрдамида:
- ҳодиса давомийлиги;
- ҳодиса иштирокчиларининг тезлиги ва унинг ўзгариш ҳолатлари;
- ҳаракат иштирокчиларининг воқеа жойида кўрсатилган вақтда келтирилган объектларга нисбатан жойлашуви;
- транспорт воситаларининг ҳаракатланиш ўлчамлари;
- воқеа жойидаги изларнинг ўлчами ва жойлашуви;
- маълум вақт давомида транспорт воситаларнинг ташқи ёритиш асбоблари ва светофор объектларининг иш тартиби ва ҳақиқий ҳолатларини аниқласа бўлади.
DTP-Expert дастури
Шуни таъкидлаш лозимки, 2020-2021 йиллар давомида суд-автотехник экспертлари томонидан видеотасвирлар воситасида 300 дан ортиқ экспертизалар амалга оширилган ва ушбу йўналишда экспертизалар сони кўпайиб бормоқда.
Ҳозирда Суд-экспертиза маркази экспертлари ихтиёрида замонавий Launch X431 PAD V сканери бўлиб, ушбу сканер энг замонавий диагностик ускуналардан бири бўлиб, 100дан ортиқ автомобилларнинг электрон тизимдаги маълумотларини олиш имконини беради. Бу орқали экспертлар учун энг муҳим маълумотлар, яъни автомобилда ЙТҲдан олдин носозликлар мавжуд бўлганми, агар мавжуд бўлган бўлса, ушбу носозликлар ЙТҲга таъсир қилганлиги тўғрисидаги фактларни аниқлаш мумкин. Бир қатор хорижий транспорт воситаларидаги электрон блоклар ЙТҲ вақтидаги тезлик тўғрисидаги маълумотларни сақлаб қолади ва ушбу маълумотларни ҳам махсус сканер ёрдамида аниқлаш имконияти мавжуд бўлади.
LAUNCH XPAD V сканери
Келгусида суд-автотехника экспертлари учун махсус кўчма лаборатория харид қилиш режалаштирилган бўлиб, ушбу лабораторияни ЙТҲ жойида ишлаш ва транспорт воситаларини сифатли кўздан кечириш учун мўлжалланган замонавий махсус асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш назарда тутилган.
Кўчаларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш кўплаб омилларга, жумладан, йўл-транспорт ҳодисаларининг профилактикаси, ҳуқуқбузарликларни фош этишнинг тўғри таҳлили ва далиллар базаси сифатига боғлиқ бўлади.
Далиллар базаси, ўз навбатида, йўл-транспорт ҳодисасини тўғри таҳлил қилиш натижасида шаклланади, бунда тергов иштирокчиларининг техник жиҳозланиши ҳам муҳим рол ўйнайди. Эксперт ва терговчиларни энг замонавий жиҳозлар билан таъминлаш, ўз навбатида, ҳар томонлама ва холисона терговни таъминлайди. Терговнинг ҳар бир иштирокчиси (эксперт бўладими, терговчи бўладими) йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги янгиликларни ўрганиши ва амалиётга жорий қилиши керак бўлади ва шу йўл билан мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигининг ҳолатини яхшилаш мумкин.
Муроджон Маҳкамов,
Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази Суд-экспертлик илмий-тадқиқот институти масъул ходими