Бош саҳифаЭ-мутолааСуд очерклариЖабрланувчи кечирди. Аммо…

Жабрланувчи кечирди. Аммо…

Ҳаётимизда гоҳ-гоҳида кўнгилсиз ҳолатлар ҳам учраб туради. Шундай пайтда кечиримли бўлишни ҳамма ҳам уддалай олмайди. Айниқса, иш судгача етиб борганида жабрланувчи бўлатуриб айбдорни кечира билиш ҳам чин инсонийликдир.

Қуйидаги ҳолатда ҳам жабрланувчи шундай йўл тутди. Воқеа бундай бўлган эди. Ўша куни соат 16 дан ўтганда пойтахтимизнинг Олмазор туманида жойлашган “Чуқурсой сабзовот омбори” яқинида кўнгилсиз автоҳалокат содир бўлди. “Lasetti” русумли автомашинасини бошқариб келаётган ҳайдовчи йўналишини чапга ўзгартираётганида, бурилиш жойида пиёда О.Р.ни уриб юборади. Натижада аёл ўртача оғир даражадаги тан жароҳати олади.

Дастлабки тергов органи ҳужжатларига кўра, ҳайдовчи Ш.А. айбдорлигини тан олди. У суд мажлисида айбига ўз ихтиёри билан тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, содир этган қилмишининг оқибатларини англаганлиги, жабрланувчига етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлигини айтиб, жиноят ишини тугатишни сўради.

Суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, жабрланувчининг бел умуртқаси дарз кетиб, синиши оқибатида ўртача оғир даражадаги тан жароҳати олганлиги аниқланди. У суд мажлисида ярашув тўғрисида келишувга келганлигини билдирди. Жабрланувчи ҳеч қандай даъвоси йўқлиги, ҳозирги кунда соғлиғи анча яхши эканлиги, етказилган зарарлар тўлиқ қопланганлигини айтиб, у ҳам жиноят ишини тугатишни сўради. Унга ярашув суд томонидан тасдиқлангандан кейин келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар тушунтирилди.

Жиноят кодексининг 661-моддасига мувофиқ, мазкур кодекснинг 266-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган жиноятни содир этган шахс, агар у ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод этилиши мумкин.

Суд жабрланувчи О.Р.нинг ярашув тўғрисидаги аризасини жиноят иши ҳужжатлари билан ўрганиб, Ш.А.нинг муқаддам судланмаганлигини, айбига ихтиёрий иқрорлигини, етказилган зарарнинг тўлиқ қопланганлигини, ярашув судланувчи ва жабрланувчининг хоҳишлари билан бўлаётганлигини ҳисобга олиб, мазкур жиноят ишини ярашганлик муносабати билан тугатишни лозим деб топди.

Йўлдаги автоҳалокатларнинг айбдорини қидирганда ҳайдовчилар кўпинча пиёдаларнинг беэътиборлигидан нолийди. Лекин йўлдаги кўнгилсиз ҳолатлар ҳамиша ҳам пиёдаларнинг эмас, айнан ҳайдовчиларнинг йўлда ҳушёр бўлмаганидан келиб чиқади. Юқоридаги воқеада ҳам ҳайдовчи ҳушёрликни унутгани бор ҳақиқат. Оқибатда эса, бир аёл бехосдан келиб урилган автомашинанинг зарбидан тан жароҳати олди. Аёл кечиримли бўлди, аммо ҳайдовчи қанча пул сарфламасин, унинг саломатлиги энди аввалгидек тикланмайди. Шундай экан, ҳайдовчилар, рулда ҳамиша ҳушёр бўлинг!

Мирзиёд АБИДОВ,
жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди судьяси

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз