Бош саҳифаАдлия бўлимлариЖаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш нега муҳим?

Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш нега муҳим?

Давлатлараро савдо қоидаларини бошқариб ту­рувчи ягона халқаро ор­ган — Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) Ўзбекистон учун муҳим ҳисобланади. Шунинг учун ҳам мамлакатимизни ривожлантиришнинг Ҳаракатлар ва тараққиёт стратегиясидаги дол­зарб вазифалардан бири ушбу ташкилотга аъзо бўлиб кириш жараёнини янада фаоллашти­ришдан иборат бўлиб турибди.

Кейинги йилларда ЖСТ билан ишлаш бўйича идоралараро ко­миссия, музокаралар гуруҳи ҳамда алоҳида йўналишларда тегишли вазирлик ва идоралар вакилла­ридан иборат қишлоқ хўжалиги, санитар ва фитосанитар чоралар, савдодаги техник тўсиқлар, интел­лектуал мулк ҳуқуқлари, божхо­на масалалари, савдо жараёнини соддалаштириш, миллий қонун­чиликни ЖСТ битимларига уй­ғунлаштириш режасини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳлар тузилди. ЖСТда ташкил этилган Ўзбекистоннинг аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳнинг бешта йиғи­лиши ўтказилди.

Адлия вазири ўринбосари, миллий қонунчиликни ЖСТ би­тимларига уйғунлаштириш режа­сини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ раҳбари Алишер Каримов билан суҳбатимиз айни шу гуруҳ томонидан амалга оширилаётган ишларнинг бориши ва уларнинг мазмун-моҳияти ҳақида бўлди.

— ЖСТга аъзо бўлиб ки­ришдаги энг муҳим масалалар­дан бири бу — миллий қонун­чиликни ЖСТ битимларига мослаштириш. Ўзига хос жид­дий эътиборни талаб қиладиган бу ишлар қандай кетаяпти?

— Аввало шуни таъкидлаш ке­ракки, Адлия вазирлиги Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича идоралараро комиссиянинг аъзоси ҳисобланади ва миллий қо­нунчиликни ЖСТ қоидалари, та­мойилларига мувофиқлаштириш ҳамда уйғунлаштириш бўйича ва­зирлик-идораларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради. Шунинг учун ҳам вазирлик ҳузурида миллий қо­нунчиликни ЖСТ битимларига уйғунлаштириш режасини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этилган. Унинг зиммасига юкла­тилган вазифалар ЖСТга қўши­лиш бўйича биринчи навбатдаги масалалардан иборат. Шунга эъ­тибор қаратилган ҳолда ўтган йил­нинг октябрь ойида ЖСТ котибиятига миллий қонунчиликни ЖСТ битимларига уйғунлаштириш режаси тақдим этилди. Мазкур режада 12 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, шу жумладан, 8 та қонун, 1 та Вазирлар Маҳкамаси қарори, 3 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ЖСТ битимларига мувофиқлаштирилиши назарда тутилган. Бугунги кунда, режага киритилган ҳужжатлардан 2 таси, хусусан, “Санитария-эпидемиоло­гия хизмати такомиллаштирили­ши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар кири­тиш тўғрисида”ги ҳамда “Стан­дартлаштириш тўғрисида”ги қо­нунлар қабул қилинди. Режадаги “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги ва “Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредита­ция қилиш тўғрисида”ги қонунлар Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, ҳозирда маъқуллаш учун Сенатга киритилган. “Рақобат тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эса куни кеча парламент қуйи палата­си ялпи мажлисида муҳокамадан ўтказилиб, қабул қилинди. Бундан ташқари, “Божхона кодексига ўз­гартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳамда “Давлат ветеринария назо­рати соҳасидаги рухсат этиш ху­сусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиби тўғрисидаги нор­матив-ҳуқуқий ҳужжатларни тас­диқлаш ҳақида”ги қарор лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига киритил­ган. “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғриси­да”ги қонун лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилган бўлиб, ҳозирда тегишли вазирлик ва идоралар билан кели­шув жараёнида турибди. Шунин­гдек, бир қатор тегишли қонунлар қабул қилинганидан сўнг 3 та идо­равий норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилиши ҳам кўзда тутил­ган. Шу каби барча ҳужжатлар­нинг асосий мақсади ва зарурияти қонунчиликдаги савдо соҳаларига оид техник тўсиқларни қисқарти­риш, дискриминацион ҳолатларни бартараф этиш, рухсат берувчи ҳужжатларни масалан, сертифи­кат, лицензияларни қисқартириш ва уларни халқаро стандартларга мослаштириш, тартибга солинма­ган муносабатлар бўйича норма­тив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, ЖСТга аъзо давлатлардан келиб тушган масалаларга аниқлик киритиш ва улардан тушган савол­ларга жавоб бериш мақсадида ах­борот марказларини ташкил этиш кабилардан иборат.

— Демак бу борадаги ишлар келгусида яна давом эттирилади?

— Албатта. Миллий қонунчи­ликни ЖСТ битимларига муво­фиқлаштириш жараёни узлуксиз ва тизимли амалга ошириб бори­лади. Ҳозирда Адлия вазирлиги ва Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан 2023 йилга мўлжалланган миллий қонунчи­ликни ЖСТ битимларига уйғун­лаштириш бўйича ҳаракатлар ре­жаси ишлаб чиқилди. Ҳаракатлар режаси ЖСТнинг асосий 15 та битими кесимида тузилган. Шун­дан келиб чиқиб, Адлия вазирлиги ходимларидан иборат ихтисослашган кичик ишчи гуруҳлар ҳам ташкил этилди. Ушбу гуруҳлар­нинг мақсади ЖСТ битимларини чуқур ўрганиб, шу соҳадаги мил­лий қонунчиликни хатловдан ўт­казиш, қайси қонунларга қандай ўзгартиришлар киритишни таҳ­лил қилган ҳолда таклифлар тай­ёрлашга қаратилган. Кейинчалик бу таклифлар барча йўналишлар бўйича умумлаштирилиб, вазир­лик ҳузуридаги ишчи гуруҳда муҳокама қилингач, ҳукуматга тақдим этилади. Ҳозирда ишчи гуруҳ томонидан ЖСТнинг 8 та битими қоидаларига номувофиқ бўлган 25 тадан ортиқ қонунчи­лик ҳужжатлари аниқланди. Улар аксарият ҳужжатларда белгилан­ган масалалар бўйича товар ва хизматлар учун миллий режим жорий қилиш (масалан, рекла­ма, давлат харидлари, экспортни қўллаб-қувватлаш ва солиқ солиш соҳаларида), стандартлаштириш соҳасида янги ҳужжатлар қабул қилиш (масалан, стандарт ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва қўллаш тартиби), божхона қийматини аниқлаш механизмини тако­миллаштириш, интеллектуал мулк соҳаси­ни мувофиқлаштириш (масалан, исботлаш мажбуриятини жавобгар шахсга юклаш) ва бошқаларни ўз ичига олган. Мисол учун, ЖСТнинг асосий талабларидан бири му­айян мамлакат ўз савдо шериклари ҳамда маҳаллий ва хорижий товарлар, хизматлар ҳамда шахслар (тадбиркорлар) ўртасида дискриминацияга йўл қўймаслиги, ре­зидентларга берилган ҳуқуқий режимни норезидентларга ҳам тақдим этиши керак­лиги билан боғлиқ. Яъни, ЖСТ доирасида соф рақобатга зид бўлмаслиги учун мил­лий қонунчилигимизда дискриминация ҳо­латларини бартараф қилиш масаласи бери­лаётган таклифлар қаторидан алоҳида ўрин олган. Жорий йилда табиий равишда ЖСТ котибиятига тақдим этилган режада кўр­сатилган қонунчилик ҳужжатларини қабул қилишни охирига етказиш ҳамда миллий қонунчиликни ЖСТ битимларига муво­фиқлаштириш бўйича таклифларни дои­мий равишда тайёрлаб, вазирлик-идоралар билан бирга тегишли ўзгартиришларни қонунчиликда акс эттиришга эътибор қа­ратилади. Шунингдек, ЖСТга Ўзбекистон­нинг аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳнинг бу йил февраль-март ойларида бўладиган навбатдаги 6-йиғилишига ҳозир катта тай­ёргарлик кўрилаяпти. Бунда барча ишчи гуруҳлар, шу жумладан, вазирлигимиз ҳу­зуридаги ишчи гуруҳ ҳам ўзининг маълу­мотлари ва ҳисоботларини тақдим этади.

 — Аъзо бўлиб кириш жараёнида на­фақат ЖСТнинг ўзи, балки унга аъзо давлатлар билан ҳам тегишли, яъни икки томонлама музокаралар олиб борилиши керакми?

— Албатта. Шу ўринда таъкидлаш ке­ракки, ЖСТ ўзига хос халқаро ташкилот бўлиб, устав асосида эмас, балки унинг доирасида тузилган битимлар асосида фаолият юритади, яъни, ундаги битим­лар ва мажбуриятлар кенг қамровли ва шу жиҳати билан бошқа халқаро инсти­тутлардан фарқ қилади. ЖСТга аъзо бў­лишда энг муҳим бўлган жараён бу унга аъзо давлатлар билан икки томонлама музокаралар олиб бориш ҳисобланади. Ҳозирги кунда айни шу масалага катта урғу берилаяпти. Бунда аъзо мамлакат билан мулоқот якуни бўйича имзоланган ҳужжатда ушбу давлат томонидан ЖСТ доирасида масалан, ташқи иқтисодий фаолият, савдо, экспорт, ишлаб чиқариш, субсидия билан боғлиқ мажбуриятлар қўйилади. Унга кўра, икки томонлама ва кўп томонлама музокаралар якуни бўйича республикамиз қандай мажбури­ятларни ўз бўйнига олса, шундан сўнг, қонунчиликка оид ишимизнинг иккинчи қисми бошланади, яъни, шу мажбурият­лар асосида тегишли қонунчиликни хат­ловдан ўтказиб, қайта кўриб чиқишимиз, уларга ўзгартириш ва қўшимчаларни ки­ритишимиз керак бўлади. Яъни, ЖСТга аъзо бўлиб киришимиздан аввал миллий қонунчилик ушбу ташкилот битимларига мувофиқ бўлиши даркор. Умуман, икки ва кўп томонлама музокаралар, учрашув­ларни ўтказиш, ишчи гуруҳлар томони­дан бажариладиган ишларнинг барчаси бир вақтнинг ўзида узвий равишда амал­га оширилишини таъминлашимиз лозим. Ҳозирда ЖСТга аъзо барча давлатлар­нинг бозорларига товар ва хизматлари­мизнинг кириб бориши юзасидан икки томонлама музокараларни фаоллашти­риш ва якунлари бўйича тегишли баён­номаларни имзолаш ишлари хусусан, Ев­ропа Иттифоқи, АҚШ, Япония, Туркия ва бошқа давлатлар билан давом этаяпти. Улар томонидан биринчи навбатда ЖСТ котибиятига Ўзбекистон тақдим этган асосий ҳужжат билан танишиб чиқилиб, ташқи савдо билан боғлиқ ўзларини қи­зиқтираётган саволлар берилаяпти. Ушбу саволларга жавобан мамлакатимиз томо­нидан миллий қонунчиликнинг ҳолати ҳақида давлатимиз манфаати нуқтаи на­заридан тушунтириш бера олишимиз ва мақсадимизни (позициямизни) ҳимоя қилишимиз керак бўлади.

 — Бу жараёнда кўмак берувчи таш­килотлар ва экспертлар билан ўзаро ҳамкорлик, халқаро маслаҳатчиларни жалб қилиш ўта муҳим аҳамиятга эга. Бу амалиётдан қандай фойдаланилаяпти?

— Шубҳасиз, бу жараёнда халқаро экспертларнинг ёрдами жуда муҳим. Ма­салан, қайсидир ҳолатда мамлакатимиз позициясини тайёрлашда ёки аъзо дав­латлар томонидан қўйилаётган мажбури­ятни ҳозир эмас, балки кейинроқ олиш масаласини ечишда уларнинг маслаҳатига таяниш мумкин. Бу ҳар бир мажбуриятни ҳам иқтисодий, ҳам молиявий, ҳам ҳуқуқий жиҳатдан ўрганиб чиқишда шубҳасиз қўл келади. Халқаро экспертларни жалб қи­лишдан кўзланадиган мақсад биринчидан, ЖСТ битимларидаги қоидаларни яхшироқ тушуниш ва пировардида, аъзо давлатлар­га тақдим этиладиган жавобларни тўғри шакллантиришдан иборат. Иккинчидан, аъзо бўлган давлатлар икки томонлама му­зокаралар пайтида қандай муаммоларни ҳал этишга эришгани бўйича шаклланган тажрибани ўрганишда уларнинг маслаҳати катта ёрдам беради. Масалан, қишлоқ хўжа­лигида субсидияни қўллаш ва озиқ-овқат хавфсизлиги ўта долзарб масалалар бўлиб, шу соҳадаги қонунчилигимиз ҳолатини ижтимоий-иқтисодий ва бошқа жиҳатлар билан боғлаган ҳолда тушунтириб бериш ва позициямизни аниқлашда халқаро экс­пертлар кўмаги катта роль ўйнайди.

Умуман олганда, мамлакатимизнинг ЖСТга аъзо бўлиб кириши борасида­ги кенг кўламли ишлар изчиллик билан ва жадал давом этмоқда. Келгусида ҳам халқаро экспертлар билан учрашувларни кўпайтириш, ЖСТ тамойиллари ҳақида билим-маълумот беришга мўлжалланган семинар-тренингларда ишчи ва кичик ишчи гуруҳлар аъзоларининг иштирокини таъминлаш доимий эътиборда бўлади.

Замира ТОЖИЕВА суҳбатлашди.

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз