Бош саҳифаТаҳлилЖаҳонда меҳнат мигрантлари сонининг ошиб бориши тенденцияси...

Жаҳонда меҳнат мигрантлари сонининг ошиб бориши тенденцияси кузатилмоқда

Aҳоли миграцияси инсоният цивилизациясининг ўзи каби қадимий ҳодисадир. Баъзи ҳолларда кўчиш ихтиёрий бўлиб, одамлар яхши ҳаёт излаб бегона юртларга кўчиб ўтган бўлсалар, бошқа ҳолларда урушлар ва табиий офатлардан қочишга мажбур бўлганларида кўчишга мажбур бўлганлар. Ҳозирги кунга келиб, бир мамлакатдан бошқасига миграция қилишнинг асосий сабаби, одатда, меҳнат қилишдир. Меҳнат мигрантлари иш кучи ортиқча бўлган мамлакатлардан иш кучига талаб юқори бўлган мамлакатга чиқиб кетишади.

Сўнгги ўн йилликларда жаҳонда меҳнат мигрантлари сонининг ошиб бориши тенденцияси кузатилмоқда. БМТ маълумотларига кўра, бугунги кунда дунё аҳолисининг тахминан 3,6 фоизи ёки 281 миллион кишидан иборат қисми ёхуд ҳар ўттиз беш кишидан бири ўз ватанини чет элда ишлаш учун тарк этган мигрантлардан иборат. Миграциянинг назоратсиз ва ноқонуний амалга ошиши айрим мамлакатларда ижтимоий аҳволнинг оғирлашуви, гуманитар инқирозга олиб келиши мумкин бўлса-да, умуман олганда, миграция жараёнлари мигрантларни қабул қилувчи мамлакат ҳамда мигрантлар келиб чиққан мамлакатнинг барқарор ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади.

Меҳнат миграцияси фаровонликни оширишга, иқтисодиёт ўсишига ижобий таъсир ўтказади. Зеро, меҳнат мигрантлари меҳнат бозорида малакали мутахассислар ва арзон ишчи кучига бўлган эҳтиёжни қоплашга ёрдам бериш баробарида, мигрантлар келиб чиққан мамлакатларда камбағалликни қисқартиришга ёрдам беради.

Мигрантлар инсоният тараққиётига бебаҳо ҳисса қўшиб келмоқда. Улар жаҳон иқтисодиётида мутаносибликни таъминлашга хизмат қилади, турли мамлакатлар ўртасида янги билим, тажриба ва малака алмашинувига таъсир кўрсатмоқда. Шунингдек, мигрантлар туфайли турли халқлар ўртасида ахборот ва ғоялар, маданий қадриятлар ва илмий-инновацион айирбошлаш таъминланмоқда.

Мигрантлар ҳуқуқларининг бузилиши, жумладан, ўзбошимчалик билан уларни ҳибсга олиш, қийноққа солиш ёки уларга нисбатан бошқача тарздаги шафқатсиз муомала, эксплуатация, шунингдек, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларининг рад этилиши ҳолатлари, кўпинча, улар ишлашга борган мамлакатлардаги камситувчи қонунлар ва турли стереотиплар билан боғлиқ. Бу эса ўз ўрнида мигрантларнинг ҳуқуқларини таъминлашга эътиборни кучайтиришни тақозо қилмоқда. Шу боис, БМТ Бош Aссамблеяси 2000 йилдан бошлаб ҳар йили Меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги халқаро конвенция қабул қилинган кун – 18 декабрь санасини Халқаро мигрантлар куни сифатида нишонлашни эълон қилди.

Бу кун жаҳон миқёсида мигрантларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилишини таъминлаш бўйича самарали чоралар кўришнинг алоҳида аҳамиятга эга эканлиги муҳокама қилинади, мигрантларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳақидаги маълумотларни тарқатиш ҳамда мигрантлар ҳуқуқлари доир қонунлар мазмунини аҳолига тушунтириш бўйича тадбирлар ўтказилади.

Давлат бошқаруви ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида Ўзбекистонда миграция масалаларига муносабат тубдан ўзгарди. Халқаро ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, миллий қонунчилик ва мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари “меҳнат мигрантлари муаммосини ҳал этиш, барча давлат ташкилотлари, мутасаддилари, фуқаролик жамияти институтлари томонидан Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг энг муҳим, бугунги кун ва келажак нуқтаи назаридан ўз ечимини кутаётган асосий масалаларидан бири сифатида қаралмоғи лозим”лигини таъкидлади.

Ўзбекистонда ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги муносабатларни тартибга солишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги қарори билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси ва унинг “Йўл харитаси”ни амалга ошириш доирасида мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилди, ҳозирги кунда мамлакатимиз парламентида уни такомиллаштириш юзасидан муҳокамалар давом этмоқда. Мазкур қонун мамлакатимиздан ташқарида вақтинчалик меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган фуқаролар учун қулай меҳнат шароитларини яратиш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, шунингдек, уларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлашни кафолатлашга қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019-2022 йилларда қабул қилинган фармон ва қарорлари билан хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган механизм такомилаштирилди, фуқароларни ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоялаш чораларини кенгайтирилди:

биринчидан, хорижда ишлаш истагида бўлган фуқароларни ўқитиш ташкил этилди, бунинг учун Республиканинг барча ҳудудларида жами 17 та мономарказ ва 56 та касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, 479 та маҳалла касб-ҳунарга ўқитиш маскани фаолият олиб бормоқда. Меҳнат мигрантлари жами 20 дан ортиқ касб ва 7 та хорижий тиллар бўйича таҳсил олмоқдалар. 2022 йилнинг бошидан хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини олиб бориш истагида бўлган 46,8 минг нафардан ортиқ фуқаро касб-ҳунар ва чет тилларига ўқишга жалб қилинган;

иккинчидан, хорижда ишлаш истагинаи билдирганларни ишга тартибли жойлаштириш тизими шаклланди, хусусан, 2022 йилнинг 9 ойи давомида 27 мингдан ортиқ фуқаро хорижга манзилли ишларга юборилган;

учинчидан, хорижда меҳнат қилиш географияси кенгайди, анъанавий меҳнат қилишга бориладиган мамлакатлар – Россия, Қозоғистон, Жанубий Корея, Туркиядан ташқари, Европа ва Осиёнинг кўплаб  мамлакатларига ишга жойлаштириш, жумладан Буюк Британия, Литва, Латвия, Польша, Болгария, БAA, Саудия Aрабистони, Сербия, Хорватия, Япония, Исроил, Германия, Греция, Қатарга тартибли ишга жойлаштириш йўлга қўйилди. Хорижда меҳнат қилаётган фуқароларга хизмат кўрсатиш учун Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхоналари ташкил этилди, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош консулхоналарида меҳнат миграцияси масалалари бўйича атташе лавозими жорий этилди;

бешинчидан, хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди. Ўзбекистонга қайтган меҳнат мигрантларига кўмак бериш ва уларнинг қайта интеграциялашувини таъминлаш тизими шакллантирилди. Меҳнат мигрантларининг ва улар оила аъзоларининг уй-жой шароитларини яхшилаш, моддий ёрдам ва тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби белгиланди. 2021 йил давомида хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган 8 811 нафар меҳнат мигрантига ҳуқуқий ёрдам, 295 102 нафарига маслаҳат хизматлари, 6 283 нафарига ижтимоий ёрдам, 13 424 нафарига моддий ёрдам кўрсатилган. Мигрантларнинг 7 534 нафарига бир марталик моддий ёрдам ажратилган. Шунингдек, хорижда қийин аҳволда қолган 321 нафар фуқаро қайтарилиб, иш берувчилар томонидан тўланмай келинган 984,1 минг доллар миқдоридаги иш ҳақи ва пуллик компенсациялари ундириб берилган.

Мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмини такомиллаштириш Ўзбекистон Республикаси олдида турган устувор вазифалардан бири бўлиб ҳисобланади. Бу борада инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази қатор чора-тадбирларни амалга оширмоқда:

биринчидан, мигрантлар ҳуқуқи бўйича таълимни ривожлантириш йўналишида тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурининг лойиҳаси ишлаб чиқилиб, унинг “Йўл харитаси”да мигрантлар ҳуқуқлари бўйича давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари учун ўқув курслари ташкил қилиш, “Мигрантлар ҳуқуқлари” дарслиги, ўқув ва услубий қўлланмаларни чоп этиш вазифаси белгиланди;

иккинчидан, мигрантлар ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномалар тўпламини давлат тилида чоп этиш ишлари амалга оширилмоқда, миграция ҳуқуқи бўйича рисолалар нашр этилди;

учинчидан, мигрантлар ҳуқуқи бўйича ахборот-ресурс таъминоти такомиллашмоқда, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказда “Инсон ҳуқуқлари уйи” ташкил этилиб, унда мигрантлар ҳуқуқларига бағишланган нашрлар ўз ҳам йиғилмоқда. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ахборот-кутубхона марказларида “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги адабиётлар бурчаги” ташкил этилиб, унинг таркибида мигрантлар ҳуқуқлари бўйича нашрлар ҳам жой олади;

тўртинчидан, мигрантлар ҳуқуқлари бўйича илмий тадқиқот ишлари амалга оширилмоқда. Унинг натижаси ўлароқ, 2022 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказда мигрантлар ҳуқуқи бўйича докторлик диссертацияси муваффақиятли ҳимоя қилинди. Ҳозирги кунда мигрантлар ҳуқуқларининг турли жиҳатларини тадқиқ этишга бағишланган илмий ва амалий тадқиқотлар олиб борилмоқда;

бешинчидан, мигрантлар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича халқаро ҳамкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Халқаро миграция ташкилоти билан яқиндан ҳамкорлик қилиниб, мигрантлар ҳуқуқларининг ҳимоя қилинишини ўрганиш бўйича хорижий ташрифлар амалга оширилмоқда;

олтинчидан, халқаро ҳамкорликнинг асосий мақсадларидан бири мигрантларга ёрдам кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тавсиялар тайёрлашдан иборат.

2022 йилда Ўзбекистон фуқароларининг, жумладан меҳнат мигрантлари ҳуқуқларининг хорижий мамлакатларда ҳимоя қилинганлиги ҳолатини ўрганиш мақсадида бир неча хорижий ташрифлар амалга оширилди.

2022 йил 14 май куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ходимлари Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консули иштирокида ушбу мамлакатда яшаётган ва меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган Ўзбекистон фуқаролари билан учрашув доирасида улардан таълим, соғлиқни сақлаш, иш билан таъминланиш, моддий ёрдам кўрсатиш, фуқароликни расмийлаштириш каби масалаларда мурожаатлар қабул қилиб олинди. Ўзбекистонлик фуқароларининг айрим муаммолар жойида тезкор ҳал қилинди.

2022 йил 31 октябрь – 2 ноябрь кунлари меҳнат миграцияси соҳасида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳукуматлараро битимнинг бажарилишини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон делегациясининг Қозоғистон Республикасига ташрифи давомида Астана, Олмаота ва Усть-Каменогорск шаҳарларида мигрантларнинг ҳуқуқларини таъминлашга мутасадди бўлган давлат органлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ҳамда ноҳукумат ташкилотларнинг фаолияти ўрганилиб, ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари ва Қозоғистонлик иш берувчилар билан суҳбатлар уюштирилди.

Мазкур ташрифлар давомида ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ қийинчиликлар аниқланди:

биринчидан, давлат томонидан меҳнат мигрантларини хорижга тартибли юборишни ташкил қилиш бўйича кўрилаётган чораларга қарамасдан, уларнинг муайян қисми хорижга ўз йўли билан бормоқда. Бунинг сабаби одатда хориждаги мигрантлар учун квота тизими юқори малака, муайян соҳадаги иш тажрибаси ёки олий маълумотни талаб қилади. Шунингдек, иш берувчилар квота тизими бўйича меҳнат мигрантларини ишга ёллаш учун тўланадиган солиқлар ҳажмини юқори деб баҳолаб, ишга норасмий ёллашни афзал кўришади. Натижада ноқонуний миграция ва ундан келиб чиқадиган салбий оқибатлар (одам савдосидан жабрланиш, ноқонуний мигрант сифатида жавобгарликка тортилиш) келиб чиқади. Айрим иш берувчилар томонидан шартнома шартларини бажармаслик, иш ҳақини кечиктириш ёки тўламаслик ҳолатлари ҳам учрайди;

иккинчидан, жоҳонда юз бераётган уруш ва инқирозлар, давлатлар ўртасидаги ўзаро санкциялар сиёсати оқибатида иқтисодий ўсишнинг пасайиши, нарх-навонинг ошиши, ишсизликнинг кучайиши ҳолатлари кузатилиб, бу меҳнат мигрантларининг ижтимоий ва иқтисодий аҳволига салбий таъсир кўрсатмоқда. Шунингдек, айрим хорижий давлатларда меҳнат мигрантларининг ҳуқуқий ҳолатига тегишли ва уларнинг ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи қонунчилик такомиллаштиришни талаб қилади.

Хулоса ўрнида меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қуйидаги йўналишдаги тадбирларни таклиф қилиш мумкин, деб ҳисоблаймиз:

биринчидан, меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларини, қонуний ишга ёлланишига қадар ва ундан кейин уларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган халқаро, минтақавий ва давлатлараро доимий маслаҳатлашувлар механизмини такомиллаштириш мақсадга мувофиқ. Бунда меҳнат миграцияси соҳасидаги қонунчиликни меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларини таъминлаш нуқтаи назаридан уйғунлаштириш, меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тамойили устуворлигини амалга ошириш талаб қилинади;

иккинчидан, меҳнат мигрантларини хорижий давлатларда қонуний, тартибли ва назорат остида ишга жойлашуви салмоғини изчил кенгайтириб бориш, бунда хорижда меҳнат қилаётган фуқароларнинг ва ишончли хорижий иш берувчиларнинг ягона маълумотлар базасини кенгайтириш, уни доимий янгилаб бориш, хорижий мамлакатлар меҳнат бозорида талаб мавжуд бўлган мутахассисларнинг ягона малака стандартларини шакллантириш, бунда иш берувчилар ва меҳнат мигрантлари ўртасидаги алоқа механизмини янада такомиллаштириш талаб қилинади.

Ўткир Очилов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази бўлим бошлиғи,
Юридик фанлар доктори

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз